Жангчи қизнинг жасорати

14:02 15 Апрель 2025 Жамият
92 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Бундан роппа-роса бир аср аввал, яъни 1925 йилнинг ёз ойлари. Украинанинг Харков вилояти, Волчанский туманидаги Верхний Сальтов қишлоғида истиқомат қилаётган зиёли оилаларнинг бирида қизалоқ дунёга келди. Оила бошлиғи Андрей Иванович Пихота мактабда ўқитувчи бўлиб ишларди. У фарзандларини ҳам илмли, зиёли инсонлар этиб тарбиялашга катта эътибор қаратди. Хусусан, қизалоқ Вера беш ёшидан немис тилини ўргана бошлади. У 10 – 12 ёшларида украин, рус ва немис тилларида эркин сўзлашарди.

Ёш Веранинг орзулари ҳам ўзи яшаётган Верхний Сальтов қишлоғининг табиати каби гўзал ва беғубор, у университетда ўқиб, кейин катта олима бўлишни мақсад қилганди. Аммо 1941 йилнинг ёзида уруш бошланиб қолди. Худди қишлоғидаги осудалик, одамларнинг тинч, фаровон ҳаёти каби қизалоқнинг қалбидаги орзулар ҳам бир зумда цинган шишадек парчаланди. Кўп ўтмай қишлоқда душман аскарлари, ҳарбий техникалари пайдо бўлди. Вера учун қўрқинчли кунлар бошланди.

Дастлаб отаси жангда ҳалок бўлди. Кейин акасидан қорахат келди. Душман тўлиқ эгаллаб олган, ҳамма жойи култепага айланган қишлоқда укасини боқиш, уларга нон топиб бериш машаққати ўсмир қизнинг зиммасига тушди. Бу воқеалар ёш Веранинг қалбида душманга нисбатан чексиз нафрат уйғотиб, у жангга кириш, ўз аскарларига ёрдам беришни истай бошлади. Зобитлардан бирига учрашиб, жангга кирмоқчилигини айтди. Бироз давом этган савол-жавобдан сўнг Вера Пихота разведкачи сифатида хизматга қабул қилинди. Қиз ҳеч иккиланиб ўтирмай, шу куниёқ ишга киришди. Зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришни бошлади.

Вера Андревнада разведка хизмати учун керак бўлган ҳамма нарса бор эди. У немис тилини яхши билар, жуссаси кичик ва ёшига нисбатан жуда ёш кўринарди. Шу боис икки йил давомида гўёки ўйнаб юрган болакай каби фашистларнинг ўқ-дори, озиқ-овқат омборлари, муҳим объектлари ҳақида кўплаб муҳим маълумотлар тўплаб, аскарларга етказиб турди. Унинг келтирган маълумотлари асосида душманнинг бир қатор ўқ-дори ва озиқ-овқат базалари йўқ қилиб ташланди. Стратегик муҳим объектларига зарба берилди. Аммо...

Ўша пайтда фашист аскарлари босиб олган ҳудудларига маҳаллий аҳоли ичидан ўзларига хайрихоҳ бўлган бир кишини топиб, уни ҳудудга оқсоқол этиб тайинлар, бу ердаги вазиятни шу киши назорат қилиб турарди. Ёш Веранинг ҳаракатларини ҳам фашистларга хизмат қилаётган қишлоқдоши, сотқин оқсоқол пайқаб қолди. Қиз тезда қўлга олиниб, Полша Республикасининг Судеский вилоятида жойлашган Нетребенки концлагерига жўнатилди.

Эндигина 18 ёшни қарши олган қиз концлагерда салкам икки йил давомида не-не азоб уқубатлар, қийноқларни кўрмади, дейсиз?! Бу ердаги кўплаб асирлар турли касалликлар, очлик ва сувсизлик азобидан ҳалок бўлишди. Веранинг ҳам ҳаёти сўниб бораётганди, қачонки, бизникилар концлагернинг кулини кўкка совуришдию у асирликдан озод этилди.

— Шундан сўнг қишлоққа қайтиб, ўз яқинларимни излай бошладим, — дейди уруш фахрийси. — Донескда ёлғиз укамни топдим. Сўнгра Пенза шаҳрида оғир ярадор ётган ўзбек аскари – Нажим Носиров билан танишдим. Кейинчалик у киши билан ҳаёт йўлларимиз боғланди.

Вера Носирова турмуш ўртоғи соғайгач, 1947 йилда у Бекобод шаҳрига келиб яшай бошлайди. Сўнг у ва турмуш ўртоғи Қарши чўли ўзлаштирилиши муносабати билан шу ерга ишга юборилади. Шу-шу Вера Носирова Қарши шаҳрида истиқомат қилиб келмоқда.

Бу йил 100 ёшни қаршилаган онахон фарзандлари, невара чеваралари ардоғида бахтли ва тўкис ҳаёт кечирмоқда.

— Уйимга невара-чевараларим, қўни-қўшнилар, турли меҳнат жамоалари тез-тез йўқлаб келади, — дейди у. — Ҳар йили Хотира ва Қадрлаш куни байрами арафасида Президентимиз мукофотини оляпмиз. Барча шарт-шароитларимиздан, соғлигимиздан ҳукуматимизнинг ўзи хабарлашиб турибди. Тетиклигим, бардамлигимнинг сабаби шунда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?