Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 76-сессияси очилди. Унда вакилларимиз ҳам қатнашмоқда

23:23 21 Май 2023 Жамият
472 0

Женева... Дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бири... Сайёҳу меҳмонларни ўзига оҳанрабодай тортувчи маскан... Алп ва Юра тоғ тизмалари этагида, Женева кўли ҳамда Рона дарёси қирғоғида жойлашган бу кентнинг бетакрорлиги фақат унинг сўлим табиати, кўҳна обида ва осори-атиқаларидагина эмас!

Бу шаҳар жаҳон дипломатияси маркази ҳамдир. Халқаро майдондаги кўплаб муҳим учрашув ва мулоқотлар айни шу манзилда ўтказилади. Чунки бу ерда 40 дан зиёд халқаро давлат ва 200 дан ортиқ нодавлат ташкилотларнинг қароргоҳлари жойлашган.

Мана, ҳозир 194 мамлакатнинг делегатлари — жами 3 минг нафарга яқин меҳмон Женевада жам бўлган. Бу ерда Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 76-сессияси очилди.

Иштирокчиларнинг асосий қисми — соғлиқни сақлаш вазирлари, етакчи халқаро ташкилотлар, корпорациялар ва жамғармаларнинг вакиллари. Улар сафида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам бор.

Қатнашчи давлатлар географияси ранг-баранг. Кўзланган мақсад эса муштарак — инсоният саломатлигини сақлаш! Йиғилиш кун тартибидан сайёрамиз аҳолиси соғлиғи билан боғлиқ қатор глобал масалалар ўрин олган.

Хусусан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини ислоҳ қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, оналар ва болалар саломатлилиги, сил хасталиги бўйича глобал стратегиялар, фавқулодда вазиятларда кўриладиган чоралар ҳамда соҳадаги илмий тадқиқот ва инновацион ютуқлар муҳокама этилиши белгиланган.

Очилиш маросимида, даставвал, сессия президенти, беш нафар вице-президенти ва қўмиталар раислари сайлаб олинди. Шундан сўнг йиғилиш кун тартиби тасдиқланди.

Навбатда бир қатор халқаро ташкилотлар масъуллари, соғлиқни сақлаш вазирлари ўз қутлов сўзларини йўллади.

Сўнг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг онлайн видеомаърузаси намойиш этилди. Қолаверса, бир қатор ҳукуматлар раҳбарлари ҳам тўғридан тўғри трансляция орқали ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда табрикларини йўллади.

Шундан кейин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус сўзга чиқиб, сўнгги йилларда инсоният саломатлиги ва ҳаётини жиддий хавф остида қолдирган коронавирус пандемияси, маймун чечаги (mpox), вабо эпидемиялари ҳамда бошқа хасталикларни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги қароргоҳида бўлиб ўтаётган ушбу йиғилишнинг асосий муҳокамалари 30 майгача давом этади.

Шунингдек, сессия доирасида соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар бўйича давра суҳбатлари ўтказилиши режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?