Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича янги минтақавий директори тайинланди

16:59 03 Июль 2025 Иқтисодиёт
391 0

Наджи Бенхасин Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича янги минтақавий директори вазифасини бажаришга киришди. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар қилди.

У ўз фаолиятини Жаҳон банкининг Тошкентдаги (Ўзбекистон) ваколатхонасидан амалга оширади. Бенхасин ўз лавозимида Жаҳон банкининг Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги операцияларини назорат қилади.

Бенхасин 2021 йилдан жорий йилнинг июнигача ушбу лавозимда ишлаган Татяна Проскурякова ўрнига Марказий Осиё бўйича минтақавий директор лавозимини эгаллади.

«Жаҳон банкининг 80 миллиондан зиёд аҳоли яшайдиган, шиддатли иқтисодий ва демографик трансформацияни бошидан кечираётган Марказий Осиё минтақасидаги жадал ва кўп қиррали фаолиятига раҳбарлик қилиш мен учун катта шарафдир», дейди Бенхасин ўз тайинлови юзасидан.

Жазойир фуқароси бўлмиш Наджи Бенхасин 2001 йилда Жаҳон банкида профессионал фаолиятини бошлаган. Ўшандан бери у бир қатор раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Жаноб Бенхасин Марказий Осиёга тайинланишидан олдин 2020 йил июлидан 2025 йил июнигача Жаҳон банкининг Покистондаги ваколатхонасига раҳбарлик қилган.

Таъкидлаш жоиз, ҳозирда Жаҳон банки Марказий Осиёда ижтимоий-иқтисодий соҳани модернизация қилишга қаратилган 11 миллиард долларлик 85 та лойиҳа устида ишламоқда. Бенхасиннинг таъкидлашича, у минтақада инклюзив бозор иқтисодиётини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ниятида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер