Жаҳон банки Ўзбекистонга 100 миллион АҚШ доллари беради

Жаҳон банки Ижроия директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистонга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратилиши маъқулланди. Ушбу маблағлар электр тақсимловчи тармоқларни ислоҳ қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини тизимга улаш ҳамда муҳим ҳудудларда электр таъминотининг ишончлилигини оширишга йўналтирилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион долларни ташкил этади. Ундан 50 миллион доллари «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Жаҳон банки ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда илк бор «натижага йўналтирилган дастур» молиявий воситасидан фойдаланмоқда. Бу ёндашув дунёнинг бошқа давлатларида муҳим давлат дастурларини молиялаштиришда ҳам қўлланилади.
«Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг электр тақсимот тизими жиддий муаммоларга дуч келмоқда. 2024 йил ҳолатига кўра, электр энергияси тақсимотидаги техник йўқотишлар 13 фоизни ташкил қилган. Сабаби — инфратузилманинг эскирганлиги ва ҳаддан ортиқ юкланиши. Айни пайтда мавжуд тақсимловчи тармоқларнинг 50 фоиздан ортиғи 30 йилдан зиёд вақт мобайнида фойдаланилган, бу эса кўплаб авариялар ва электр таъминотидаги узилишларга олиб келмоқда», дейилади хабарда.
Ўзбекистон 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаларидан 25 гигаватт қувват ҳосил қилишни режалаштиряпти. Шунга қарамасдан, мавжуд тармоқларни янгиламасдан туриб, янги «яшил» энергия ишлаб чиқарувчиларни тизимга улашнинг имкони бўлмайди. Бундан ташқари, энергия секторининг молиявий барқарорлиги ҳам муаммо бўлиб қолмоқда.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Татяна Проскурякова таъкидлашича, ажратилган маблағлар Ўзбекистоннинг 2030 йилгача тақсимловчи инфратузилмасини кенгайтириш ва янгилаш дастурини қўллаб-қувватлайди. Унга кўра, дастур доирасида жами 3 миллиард долларлик инвестиция зарур бўлиб, халқаро ҳамкорлар ва хусусий инвесторлар ҳам бу ташаббусга қўшилиши кутилмоқда.
Дастур доирасида 6 минг км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари янгиланади ёки янгидан қурилади. 1 минг 200 та трансформатор (250 МВА қувват билан) ўрнатилади ёки алмаштирилади. 150 минг дона «ақлли» электр ҳисоблагичлари ўрнатилади. Бу ҳисоблагичлар ёрдамида ҲЕТ тармоқларидаги тижорат йўқотишлари камаяди. Шунингдек, 4 мингта маълумот тўплаш концентраторлари ўрнатилиб, тизимни рақамлаштириш ва автоматлаштириш йўлга қўйилади.
2029 йилгача ушбу дастур қуйидаги натижаларни бериши кутилмоқда: ҲЕТ хизматидан фойдаланувчилар орасида қониқиш даражаси 90 фоизга етади; тақсимловчи тармоқларнинг қуввати 50 мегаваттга кўпаяди, бу эса кичик ва ўрта корхоналар, аҳоли учун янги имкониятлар яратади; йилига 450 минг тонна карбонат ангидрид чиқиндилари камаяди; ҲЕТ тизимида аёллар улуши 9 фоиздан 14 фоизга ошади.
Шу тарзда, Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган бу лойиҳа мамлакат энергия тизимининг келажагини барқарор ва замонавий йўлга йўналтиришга хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг