Жаҳон аҳли ардоғидаги мерос

11:27 12 Февраль 2025 Маданият
239 0

14 февраль — Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

Кейинги йилларда мамлакатимизда буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини теран ўрганиш, уларнинг асарларини юртимиз ва хорижий давлатларда тарғиб қилиш, хусусан, бобуршунослик фанини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги барча эзгу ва хайрли ишлар давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ҳамда қўллаб-қувватлови билан амалга оширилаётгани, айниқса, эътиборга молик. Зотан, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган ота-боболаримиз хотирасига кўрсатилаётган чуқур эҳтиром уларнинг руҳи олдида юзимизни ёруғ қилиши билан бирга, халқимизнинг миллий ғурурини, маънавиятини янада юксалтиради.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур — жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири, буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда. Унинг ўз даврида улкан салтанат тузгани, бебаҳо асарлари билан тарих, география, адабиёт ва бошқа қатор фанлар ривожига беқиёс ҳисса қўшгани бутун дунёга маълум.

Аммо жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга бўлган бу сиймонинг туғилиб ўсган юрти, аждодлари ҳақидаги баҳс-мунозаралар айрим илмий доираларда ҳали ҳам тингани йўқ.

Таассуфки, баъзи олимлар ўзларининг юзаки қарашлари билан жаҳон ва мамлакатимиз бобуршунослик тарихидаги ҳақиқатларни поймол қилаётгани ҳеч қайси мезонга тўғри келмайди.

Мумтоз адабиётимизда “зоду буд” бирикмаси кўп учрайди. Унинг луғавий маъноси — туғилиб ўсган жой, демакдир. “Бобурнома”да Амир Темурнинг туғилиб ўсган жойи — зоду буди Кеш (Шаҳрисабз) экани ёзилади: “Темурбекнинг зоду буди Кешдин учун, шаҳар ва пойтахт қилуриға кўп саъй ва эҳтимомлар қилди, олий иморатлар Кешта бино қилди”.

Халқимизда “она юртим”, “ота маконим” каби иборалар кўп ишлатилади. Бу иборалар “туғилиб ўсган шаҳар, жой” мазмунида англанади. Улуғ шоҳ ва шоир “ота вилоятим” деб Андижонни назарда тутади: “Ота вилоятим икки йилга яқинлашган эдики, қўлдан чиққан эди. Тангри инояти билан... 904 (1499) йили яна менга муяссар бўлиб эгалланди”.

Алалхусус, Мирзо Бобур ижоди юзасидан тўрт фундаментал тадқиқот яратган япон олими Эйжи Мано “Бобурнома” илмий танқидий матни сўзбошисида “Бобур Фарғона давлатининг пойтахти Андижонда туғилган”, деб ёзади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат “Бобурнома”да, балки девонида ҳам ўзини андижонлик яъни “...ғарибинг...андижонийдур”, деб таъкидлайди:

Не ерда бўлсанг, эй гул,

андадур чун жони Бобурнинг,

Ғарибингға тараҳҳум айлагилким,

андижонийдур.

Бобур ўз ғазалида “андижонлик Қариб” деб аташи андижоний (андижонлик) Бобурнинг ўзи туғилиб ўсган шаҳри айрилиғидан фарёди эмасми? Бундай изҳортус мисраларни ёзиш учун киши, албатта, Андижонда туғилмоғи, Ватан соғинчини Бобурдек туймоғи лозим.

Бобуршуносликдаги катта илмий ютуқларимиздан бири — “Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография” библиография китобининг “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қаерда таваллуд топгани ва келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар” қисмида саксон бир манбада Андижонда туғилгани келтирилган.

Кўриниб турибдики, Мирзо Бобурнинг қайдлари, қолаверса, қатор тарихий фактлар унинг айни Андижон заминида туғилганини далиллайди ва баҳсли мунозарага якун ясайди, деб ўйлаймиз.

Мирзо Бобур сингари улуғ зотларни гоҳ мамлакатлар, гоҳ миллат “ўзиники” қилиб олиш “анъанаси” азалдан мавжуд. Бунга ижобий ҳодиса сифатида қараш тўғридир. Башарият учун ниҳоятда азизлигини инобатга олиб, айта оламизки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур бутун башариятникидир.

Шу боис улуғ бобомиз ҳаёти, ижоди ва фаолиятига доир осори-атиқалар бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган. Уларни ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб қилишда фондимиз алоҳида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида юзлаб насрий, назмий ва таржима асарларнинг тўпланиши ҳамда чоп этилиши фондимиз жамоасининг илмий, маънавий-маърифий фаолиятини баҳоловчи нодир ҳужжатлардир.

Ўтган йили арабшунос олим Шокирхон Рустамхўжаев қаламига мансуб “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи библиографиясининг учинчи нашри илмий фонднинг қиммати ва аҳамиятини ошириш билан бирга, том маънода бобуршуносликнинг янги даврига йўл очади, дейиш мумкин.

Бобур Мирзонинг илмий-адабий меросини ягона тизимда жамлаш мақсадида халқаро бобуршунослик илмий электрон платформаси тузилди. Платформа яратиш вазифаси Президентимизнинг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган эди. Мирзо Бобур ҳаёти, ижодига оид сараланган илмий-бадиий материаллар ўзбек, рус ва инглиз тилларида ягона платформада жамланган. Платформанинг биринчи босқичи Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан молиялаштирилган бўлса, иккинчи босқичи фондимиз маблағлари ҳомийлигида ишга туширилди. Келгусида платформанинг мобиль иловасини ҳам ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда, бу эса ушбу илмий-электрон ресурсни янада кенгроқ аудиторияга етказиш имконини беради.

Юқорида таъкидлаганимиздек, фонд бошқарув кенгаши ташаббуси билан мамлакатимиз ва жаҳоннинг етук бобуршунос олимлари иштирокида қатор йиллардан буён Бобур энциклопедиясини яратиш устида иш олиб боряпмиз. Мамлакатимизда илк бор “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” яратилиб, бугунга қадар икки маротаба нашр қилинди. Ҳадемай, бу қомуснинг ўзбек тилидаги учинчи нашри ҳамда унинг инглиз ва рус тилларига таржималари дунё юзини кўради.

Бугунги кунда фондимизнинг Туркия, Покистон, Қозоғистон ва Қирғизистон мамлакатларидаги бўлимлари фаолият юритаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, айни кунларда Бангладеш бўлимини очиш бўйича зарур келишув ва музокараларни олиб боряпмиз. Фонд нафақат хорижий, балки маҳаллий бўлимлар билан ҳам доимий мулоқотда.

Сир эмаски, дунё бўйлаб турли тилларда чоп этилган “Бобурнома” асари ўзининг маданий ва илмий аҳамияти билан ажралиб туради. Ушбу ноёб асарнинг туркман, қирғиз, поляк ва венгер тилларида ҳам нашр этилиши учун саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. Мисол учун, Ўш давлат университети билан ҳамкорликда “Бобурнома”ни қирғиз тилига таржима қилишга бел боғланган.

Фондимиз ўн беш йилдан ортиқ вақт давомида Бобур Мирзо ҳаёти ва ижодига чуқур эҳтиром билан ёндашади. Мақсадимиз Бобур ва бобурийлар тарихи, адабиётини ўрганиш билан бирга келажак авлодга ушбу буюк шахснинг тафаккури маҳсулини асл ҳолича етказишдан иборатдир.

Зотан, жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига — учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳасида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда буюк аждодимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш, уларнинг теран мазмун-моҳиятидан ибрат ва руҳий қувват олиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бобур Мирзо асарлари, фаолиятини ўқиб-ўрганган авлод янги Ўзбекистоннинг чинакам бунёдкорларига айланишига ишончимиз комил.

Зокиржон МАШРАБОВ,

Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?