Зардоб касаллигидан асосан аллергияга мойил кишилар азият чекади
Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Масалан, юқумли инфекцияларга қарши вакциналар нафақат турли эпидемиялар тарқалиши, балки соғлиқни сақлаш муассасаларига юкламалар кескин ортиб кетишининг ҳам олдини олади.
Шу боис зардоблар билан даволаш ва касалликларни профилактика қилиш усули замонавий тиббиётда кенг оммалашган. Бу муолажа тури инсон организмида пассив иммунитетни шакллантириши билан аҳамиятли.
Бироқ зардоблар баъзи аллергияга мойил кишиларда, зарур эҳтиёт чоралари кўрилмаса, аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин.
Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори Илмира Разикова шу хусусда маълумот берди.— Зардоб касаллиги инсон организмига муолажа ва профилактика мақсадида бегона оқсил, масалан, ҳайвонларнинг иммун зардоблари юборилганда рўй берадиган аллергик реакция ҳисобланади, — дейди мутахассис.
— Бундан ташқари, инсон иммуноглобулинлари, бета-лактам антибиотиклари, цефалоспоринлар, моноклонал антитаналар, сулфаниламидлар, цитостатиклар ва баъзи стероид бўлмаган яллиғланишга қарши дориларни қўллаш туфайли зардоб хасталиги ривожланиши мумкин.
Баъзан бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, қази, от гўшти ва балиқдан тайёрланган таомлар ҳам бу хасталикни келтириб чиқарувчи омиллар сирасидан.
Аллергик реакция эҳтимоли генетик мойиллик ва иккиламчи иммунитет танқислиги туфайли ортади.
Касаллик аломатлари одатда зардоб қабул қилингач, 7 кундан 1 ойгача бўлган муддатда юзага келади. Аввал “укол” қилинган жой ва унинг атрофи, кейин бутун бадан бўйлаб эшакемига ўхшаш тошмалар тошади ва уларнинг ўрни қичишади.
Бемор иситмалайди, лимфа тугунлари катталашиб, бўғимлар, бош ва юрак соҳасида оғриқлар кучаяди. Баъзан бош мия шикастланишига хос ўзгаришлар, буйрак ва бошқа аъзолар функциялари бузилиши кузатилади.
Айрим ҳолларда бўғимлар полиартралгияси, барча бўғимларнинг баравар оғриши, бронхит ва бронхоспазм, неврит, радикулит белгилари намоён бўлади.
Кўпинча симптомлар 3-5 кун ичида йўқолади. Агар таъсир кучи кўпроқ препаратлар қабул қилинса, аломатлар бир неча ҳафта ёки ойлаб давом этиши мумкин.
Зардоб хасталигини аниқлаш учун махсус диагностик тестлардан фойдаланилади. Шундан сўнг беморнинг ҳолати, ёши ва касаллик даражасига кўра муолажалар буюрилади.
Биринчи навбатда, аллергенни бартараф этиш мақсадида инфузион ва организмни тозаловчи даво чоралари қўлланилади. Беморга кўп суюқлик ичиш, парҳезга амал қилиш тавсия этилади. Антигистамин ва глюкокортикоидлар буюрилади.
Анафилактик шок ҳолатидаги беморларга эса шошилинч тиббий ёрдам ва стационар шароитда муолажалар кўрсатиш зарур.
Ҳозир Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази ва унинг ҳудудий филиалларида ушбу хасталик энг илғор усулларда аниқланиб, самарали даволанмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг