Замонавий ўзбек болалар адабиётида сунъий интеллектнинг ўрни

XXI аср инсоният тафаккури тарихида туб бурилишлар даври сифатида намоён бўлмоқда. Технология энди ташқи ёрдамчи восита эмас, балки инсоннинг фикрлаш усули, қарор қабул қилиш механизми ва дунёни англаш моделига айланиб бормоқда. Ана шундай жараёнда сунъий интеллект (СИ) тушунчаси фақат техник-технологик ҳодиса сифатида эмас, балки маданий, ахлоқий ва эстетик феномен сифатида ҳам муҳокама қилинмоқда. Бу ҳолат адабиёт, хусусан, болалар адабиётини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.
Болалар адабиёти жамиятнинг келажак билан олиб борадиган энг нозик ва масъулиятли мулоқот шаклидир. Чунки айнан болалар учун яратилган бадиий матнлар орқали ёш авлоднинг дунёқараши, илмий тафаккурга муносабати, ахлоқий қадриятлари ва танқидий фикрлаш кўникмалари шаклланади. Шу маънода, замонавий ўзбек болалар адабиётида сунъий интеллект образининг бадиий талқини, унга юкланаётган ғоявий ва тарбиявий вазифалар масаласи алоҳида илмий таҳлилни талаб этадиган долзарб муаммо сифатида майдонга чиқмоқда.
Сунъий интеллект одатда инсон ақлига тақлид қилувчи, маълумотни таҳлил қилиш, ўрганиш ва муайян қарорлар чиқаришга қодир бўлган тизим сифатида талқин этилади. Бадиий адабиётда эса у реал технологиядан ташқари, бадиий концепт — яъни инсон онгининг имкониятлари ва чегараларини синовдан ўтказувчи образ сифатида намоён бўлади. Болалар адабиёти учун бу жиҳат айниқса муҳим, чунки болалар тафаккури фантазия, жонлантириш ва тимсоллаш орқали шаклланади.
Шу нуқтаи назардан, ақлли роботлар, ўйлайдиган машиналар ёки ўз-ўзини ўрганувчи дастурлар болалар онгида эртак қаҳрамонларига яқин қабул қилинади. Бироқ бу образлар анъанавий сеҳрли кучлардан фарқли ўлароқ, илмий тафаккур маҳсули сифатида талқин этилади. Натижада бола мўъжизага ишонишдан воз кечмаган ҳолда, илмий сабаб-оқибат алоқаларини тушунишга ўргатилади. Бу эса болалар адабиётида сунъий интеллектнинг муҳим бадиий-педагогик функциясини белгилайди.
Сўнгги йилларда ўзбек болалар адабиётида рақамли технологиялар билан боғлиқ мотивлар аста-секин шаклланиб бормоқда. Компьютер, интернет, виртуал муҳит ва автоматлаштирилган тизимлар болалар ҳаётининг ажралмас қисми сифатида тасвирланмоқда. Бироқ сунъий интеллект ҳали мустақил, марказий бадиий образ даражасида тўлиқ концептуал ишланган мавзу сифатида етарли даражада ўзлаштирилган деб бўлмайди.
Кўпинча СИ билвосита — «ақлли қурилма», «автоматлаштирилган тизим», «ўрганувчи механизм» кўринишида намоён бўлади. Бу ҳолат замонавий ўзбек болалар адабиётида технологик мавзуларни бадиий жиҳатдан ўзлаштириш жараёни давом этаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, бу жараён янги эстетик ва ғоявий имкониятларни ҳам очиб бермоқда.
Болалар адабиётида сунъий интеллектни фақат техник ютуқ сифатида талқин қилиш етарли эмас. Чунки болалар учун яратилган бадиий матнларда технология билан боғлиқ образлар дунёни баҳолаш мезонларини шакллантирувчи кучга эга. «Ақлли тизимлар инсон манфаатига хизмат қиладими?», «Улар мустақил қарор қабул қила оладими?», «Инсон назорати қаерда бошланади ва қаерда тугайди?» каби саволлар болалар тафаккурида масъулият, танлов ва жавобгарлик тушунчаларини шакллантиради.
Ҳожиакбар Шайховнинг «Биринчи синов» ҳикояси ана шу ёндашувнинг замонавий ўзбек болалар адабиётидаги муҳим намунасидир. Асарда автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, ҳимоя механизмлари ва илмий-техник унсурлар воқеалар ривожида муҳим роль ўйнайди. Бироқ муаллиф технологияни мутлақ куч сифатида эмас, балки инсон онгини синовдан ўтказувчи шароит сифатида талқин қилади. Ҳал қилувчи лаҳзаларда техника эмас, балки қаҳрамоннинг вазиятни англаш, хавфни баҳолаш ва масъулиятни зиммасига олиш қобилияти устувор аҳамият касб этади.
«Биринчи синов» тушунчаси технологик жараёндан кўра кенгроқ маънога эга бўлиб, у қаҳрамоннинг ички етилиши — қўрқувни енгиш, иккиланишни бартараф этиш ва онгли қарор қабул қилиш жараёнини ифодалайди. Шу орқали асарда сунъий интеллект инсонни алмаштирувчи ақл эмас, балки инсоний тафаккурни фаоллаштирувчи, ахлоқий масъулиятни кучайтирувчи восита сифатида намоён бўлади.
Саъдулло Қуроновнинг «Галактикада бир кун» қиссаси «Биринчи синов»да илгари сурилган ғоявий йўналишни кенгроқ илмий-фантастик маконда давом эттиради. Қиссада космик қурилмалар, мураккаб ҳисоб-китоблар ва автоматлаштирилган тизимлар муҳим роль ўйнасада, улар ҳал қилувчи куч эмас. Асосий эътибор инсон онгига, масъулиятли танловга ва қарорларнинг оқибатини англашга қаратилади.
Аҳмаднинг гравитация тўлқинларига асосланган ғояси техник имкониятлардан кўра, уларни англай оладиган ва оқибатини баҳолай оладиган инсоний тафаккурнинг устуворлигини кўрсатади. Агар «Биринчи синов»да хавф локал характерга эга бўлса, «Галактикада бир кун»да масъулият космик миқёсга кўтарилади. Шу тариқа қисса болалар онгида технологияни тайёр ечим манбаи эмас, балки масъулият ва танқидий фикрлашни талаб этувчи мураккаб муҳит сифатида талқин қилади.
Сунъий интеллект билан боғлиқ яна бир муҳим муаммо — ижод тушунчасидир. «Машина ижод қила оладими?» деган савол болалар адабиётида инсон ижодининг бетакрорлигини таъкидлаш имконини беради. Бундай ёндашув болани технологиядан чўчимасликка, бироқ уни мутлақ куч сифатида ҳам қабул қилмасликка ўргатади. Замонавий ўзбек болалар адабиётининг муҳим вазифаларидан бири сунъий интеллектни инсон имкониятларини кенгайтирувчи восита сифатида кўрсатиш билан бирга, ҳис-туйғу, тасаввур ва ахлоқий масъулият фақат инсонга хос эканини бадиий жиҳатдан асослашдир.
Замонавий ўзбек болалар адабиётида сунъий интеллект мавзусининг ҳали етарлича тизимлашмаганлиги ёзувчиларнинг технологик билимлари билан бадиий тафаккур ўртасидаги тафовут, шунингдек, анъанавий мавзуларга кучли таяниш билан изоҳланади. Бироқ рақамли муҳитда улғаяётган болалар авлоди учун бундай мавзуларни четлаб ўтиш адабиётнинг замон билан ҳамнафас бўлишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис келажакда сунъий интеллект мавзусини бадиий, ғоявий ва ахлоқий жиҳатдан пухта талқин қилиш зарур.
Хулоса қилиб айтганда, замонавий ўзбек болалар адабиётида сунъий интеллект мавзуси ҳали шаклланиш босқичида бўлсада, у улкан бадиий ва тарбиявий салоҳиятга эга. Сунъий интеллект образлари орқали болаларда илмий тафаккур, ахлоқий танлов ва масъулият тушунчаларини шакллантириш мумкин. Энг муҳими, бу мавзу технологияни инсондан устун қўймайди, балки инсоний онг, танқидий фикрлаш ва ахлоқий ҳушёрликни марказга олиб чиқади. Шу жиҳатдан сунъий интеллект мавзусининг тизимли ва чуқур ёритилиши ўзбек болалар адабиётининг замонавий ва глобал маданий жараёнлар билан уйғун ривожланишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Меҳрибон Якубова,
Урганч давлат университети мустақил тадқиқотчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг