Заминдан коинот қадар юксалаётган тафаккур ёки фикр қуллигидан қутқазилган авлод ҳақида

14:32 23 Январь 2025 Сиёсат
417 0

“Бой берилган авлод”… Нобель мукофоти соҳиби Эрнест Хемингуэй “Қуёш барибир чиқаверади” романида ушбу машҳур иборани ишлатганди. Орадан бир аср ўтибдики, мазкур ҳикматли сўзлар бемаъни ва самарасиз урушлар, ёлғон сиёсий қутқулар гирдобига тортилган авлодларнинг бекор кетган умри ва фаолиятининг тимсолига айланди.

Француз файласуфи Рене Декарт “Мен фикрлаяпман — демак, яшамоқдаман”, дегани бежиз эмас. Инсон жамият тараққиётига фақат фикрлаш, янгилик яратиш орқали эришади. Фикрлаш тугаши билан тараққиёт ҳам тўхтайди.

Яқин тарихимизда бир неча авлодларни бой берганимизни, орзу-истакларини поймол этганимизни тан олишимиз керак. Бунинг натижасида жамиятда фикрсизлик, манқуртлик синдроми пайдо бўлди. Истеъдодни, билимни қадрсизлантириш авж олди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йили халққа қилган илк Мурожаатида давлат ва халқ ўртасида йўқолган ишончни қайтариш кераклигини алоҳида таъкидлаганди. Бу даъватда бой берилган авлодларнинг орзу-умидлари мужассамлашган.

Ўшларга Президент Шавкат Мирзиёев қайтариб берган фикрлаш туйғуси нималарда намоён бўлади?

Назаримда, Ўзбекистон ёшларига фикрлаш, орзу-истакларини эркин ифодалаш имконияти тақдим этилди. Президент ёшларни эшитди, қалбига қулоқ тутди. Уларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф қилди, сунъий тўсиқларни олиб ташлади.

Ўшлар нафақат мажбурий меҳнатдан, балки фикр қуллигидан қутулди. Улар турли масалаларни дадил кўтаришга, талаб қилишга, хоҳиш-истакларини очиқ айтишга ўрганди. Зеро, давлат ва жамият навқирон авлоднинг куч-қудратига, фикр ва қарашларига таянсагина тараққиёт юз беради.

Президент Шавкат Мирзиёев ёшларга оид ислоҳотлар ижросини доимий назорат қилиб бормоқда. Йигит-қизларимизнинг жаҳон бўйлаб эркин ҳаракатланиши учун барча имконият яратилди. Бир пайтлар, ҳатто қўшни давлатларга ҳам ўқиш, изланиш учун боришдан ҳайиққан Ўзбекистон фарзандлари бугун бутун дунё бўйлаб илм олмоқда, саёҳат қилмоқда. Турли нуфузли компанияларда фаолият кўрсатмоқда.

Тарихда биринчи марта Президент Шавкат Мирзиёев чет эл сафарларида ватандошларимиз бўлган ёшлар билан учрашиб, очиқ мулоқот қилмоқда.

Тўғриси, мустақиллигимизнинг дастлабки 25 йилида бундай ёшларга турли айблар қўярдик. Натижада хорижда ўқиб, ишлаётган ёшларимиз учун Ватан дарвозалари ёпилганди. Ота-оналари, яқин қариндошлари тазйиқ остига олинарди.

Бу билан биз ютқаздик. Хемингуэй ибораси билан айтганда, бир неча авлодларни бой бердик.

Бугунги ёшларга ҳавасимиз келади. Ўқиш ва изланиш учун барча имконият бор. Самарқанд давлат университетига жуда кўплаб хорижий мамлакатларнинг олий ўқув юртлари ректорлари ташриф буюради. Имзоланган меморандумларда талабалар ва ёш олимлар алмашинувига алоҳида эътибор қаратилади. Улардан фақат ўз мутахассислиги ва чет тилни билиш талаб этилади. Қолган барча харажатни ҳамкорларимиз ўз зиммасига олади.

Қани энди ёш бўлсам-да, Европада, АҚШ, Япония, Хитойда ўқисам!.. Дунё тараққиётини, тажрибасини ўргансам. Ўзбекистонга келиб билганларимни ҳаётга татбиқ қилсам.

Ўшларимизга, ота-оналарга, ўқитувчиларига мурожаат этгим келади.

Яхши яшашни хоҳлайдиган халқ болаларини яхши ўқитиши керак. Кексаликда ҳурмат ва эътибор, ғамхўрлик истайдиган ота-она фарзандларига яхши тарбия бериши лозим. Тараққиётни, ривожланишни, юксалишни мақсад қилган миллат бор куч-қудрати, жон-жаҳди билан илм эгаллаши, қўлидаги барча сармоясини ўқишга, ўқитишга сарф қилиши зарур.

Камбағалликни ҳам бартараф этувчи бош омил — илм-маърифат. Яхши ўқиган бола бутун оилани камбағаллик ботқоғидан олиб чиқади, бойиб кетиш имкониятини яратади. Барча муаммоларнинг ечими билимдир!

Президентимизнинг ёшлар таълим-тарбияси борасида кўрсатган ғамхўрлиги, яратган имкониятлари, сиёсий иродаси Самарқанд давлат университети ёш олимлари, талабалари эришаётган юксак натижа ва интилишларда ҳам бор бўйича намоён бўлаётир.

Давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган СамДУ Муҳандислик физикаси институти талабаси Озода Иноятулло 17 ёшида БМТ Халқаро UNICEF жамғармаси томонидан ташкил этилган “UNICAT” лойиҳасида қатнашиб нанойўлдошлардан учтасини стратосферага учиришга муваффақ бўлди. У “DAAD” грант дастури асосида Германиянинг Билефелд университетида ва Россиянинг Дубна шаҳридаги Бирлашган ядровий тадқиқотлар институтида ўтказилган “START” талабалар дастурида ҳам иштирок этди.

Озода Иноятуллонинг эришган муваффақияти ўзбек ёшларининг билим ва тафаккури заминдан то коинот қадар юксалаётганини кўрсатади.

Самарқанд давлат университети тадқиқотчилари Отабек Умаров Венгриянинг Дебресен университетида, Шаҳбоз Ҳасанов Хитой Фанлар академиясининг Замонавий физика институтида, Дилшод Ҳакимов Беларусь Миллий фанлар академияси Бирлашган энергия ва ядро тадқиқоти институтида PhD диссертациясини ҳимоя қилди.

Ўзбек фани эришаётган юксак натижалар жаҳон бўйлаб эътироф қилинаётгани ҳар биримизга фахр-ифтихор бағишлайди.

СамДУ Биокимё институти ёш ўқитувчи ва тадқиқотчилари Темур Кўшатов, Сардор Шакаров, Шуҳрат Ғайбуллаев саратон касаллигига қарши дори воситаларини яратиш мавзуидаги амалий лойиҳада, Муҳандислик физикаси институти докторанти Алишер Нуримов, тад­қиқотчилар — Анатолий Иванов, Илзар Хаиров, магистрант Самариддин Абдуқаюмов, талабалар — Лола Ризақулова, Озода Иноятулло квант нуқталарининг оптик хусусиятларини синтез қилиш ва тадқиқ этиш мавзуидаги амалий лойиҳаларда қатнашмоқда.

Асосий мақсадимиз — илм-фанда авлодлар давомийлигини таъминлаш, илмий мактаблар анъаналарини сақлаб қолиш, халқаро грант ва лойиҳаларда ёшлар иштироки мунтазамлигига эришиш.

2024 йили Самарқанд давлат университети докторанти Ҳожимурод Нормуродов 28, Бахтиёр Аҳмедов ва Нодиржон Ҳушвақтов 29 ёшида, Дилзодахон Мирзаева, Умида Убайдуллаева ҳам муддатидан олдин PhD диссертацияларини ҳимоя қилди. Яъни ёшларнинг интилиш ва изланишларига кенг йўл очиб берилди. Келгусида университетимиздан 25 ёшгача PhD лар, 30 ёшгача бўлган DSc лар етишиб чиқишига ишонамиз.

Бу Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари меваларидир.

СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти битирувчилари — Диёр Мусурмонов, Сардор Аҳатов, Фахриддин Атавуллаев дунё рейтингида “ТОП — 100”таликдан ўрин олган Италиянинг Болонья университети, Акмал Маматқулов ҳамда Садоқат Тўхтаева Венгриянинг Қишлоқ хўжалиги ва ҳаёт фанлари институти магистратурасида ўқишини давом эттирмоқда. Бу каби ибрат қилиб кўрсатишга муносиб талабаларимизни яна кўплаб келтириш мумкин.

Президентимиз олимлар, таълим соҳаси вакиллари билан учрашувларда доимо бизнинг олдимизга жаҳон илм-фанига интеграциялашиш вазифасини қўйиб келмоқда. Бу ўринда фақат баъзи мисолларни келтирдик. Аслида олий таълимнинг магистратура ва докторантура босқичларини Европа, АҚШ, Хитой, Россия, Жанубий Корея ҳамда Япониянинг энг нуфузли олий ўқув юртлари ва илм-фан марказларида давом эттираётган яна кўплаб ёшларимиз борлигини алоҳида айтиш жоиз.

Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари 2024 йилда “Scopus” va “Web of Science” маълумотлар базаларидаги нуфузли илмий журналларда 545 та мақола эълон қилди. Биз “Ҳирш индекси” юқори бўлган олимларимиз олдига ёш тадқиқотчилар билан ҳамкорлик қилиш, ҳаммуаллифликда мақолалар тайёрлаш ва чоп этиш, уларда илмий изланишлар олиб боришга ҳавас уйғотиш вазифасини қўйганмиз. Бунинг натижасида ёш олимлар Райҳонбек Эшбеков, Ноила Жумақулова, Дилшод Мўминов, Гулжаҳон Эшбекова, Акбар Рашидов, Жалолиддин Файзуллаев ҳам устозлари билан ҳамкорликда қатор мақолалар нашр қилдирди.

2024 йили университет докторанти Ҳабиба Абдиева Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига сазовор бўлди. Ёш олим муддатидан олдин PhD диссертациясини ҳимоя қилди.

Самарқанд давлат университети илгари сураётган илмий концепцияда илм-фан йўналишида хотин-қизлар фаоллигини янада ошириш, алоҳида ғамхўрлик қилиш ва шарт-шароитлар яратиб бериш кўзда тутилган. Кейинги уч йилда хотин-қизлар ўртасида илмий даража ва унвонлар олиш фоизи кескин кўтарилганини кўрамиз.

Эътибор беринг: олийгоҳ талабаси Навбаҳор Ҳамидова 23 ёшида Париждаги ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этди. Бокс бўйича Таиландда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Магистрант, “Шуҳрат” медали соҳибаси Улжон Амриева 25 ёшида ёзги Паралимпия ўйинларида қатнашди. Германияда ўтказилган пара-дзюдо бўйича халқаро Гран-при турнирида олтин медалга сазовор бўлди. Талабамиз Урганчбек Эгамназаров 24 ёшида Париж мезбонлик қилган ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этди...

Ютуқларни эътироф қилиш, натижаларни таҳлил этиш фойдадан холи эмас.

Бу ютуқларнинг муаллифи Президентимиз Шавкат Мирзиёевдир.

Таълим-тарбия, илм-фан борасида катта ҳаёт тажрибасига эгаман. Агар Президент бош ислоҳотчи бўлмаса, Ватанини, халқини севмаса, бугунгидек тараққиётга мутлақо эришиб бўлмайди.

Бу ўринда биргина университетга дахлдор рақам ва маълумотларни келтирдик. Бутун мамлакат миқёсида олиб қаралса, ёшларимиз эришаётган ютуқларнинг чек-чегараси йўқлигига гувоҳ бўламиз.

АҚШнинг иккинчи Президенти Жон Адамснинг асрлар оша яшаётган машҳур фикри бор: “Халқимнинг эркинлиги ва келажаги мен учун энг олий қадриятдир”. Улуғ сиёсатчи бу ўринда келажак деганда ёшларни назарда тутган, албатта...

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?