«Боғи Бобур» бўйлаб саёҳат

20:39 13 Февраль 2023 Жамият
1742 0

Фото: Халқ сўзи

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий истироҳат боғи Андижон шаҳрининг жануби-шарқий қисмидаги Боғишамол даҳасида жойлашган. Умумий майдони 357 гектарни ташкил қиладиган ушбу боғга 1992 йили закий шоҳ ва шоир номи берилган. Боғ ҳудудида шарқона услубда қурилган Арк-дарвоза, Бобур Мирзо ҳайкали, шоирнинг рамзий мақбараси, масжид, «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи ўзгача кўрк ва салобат бағишлаб турибди.

«Бобур ва жаҳон маданияти» музейида Бобур халқаро илмий экспедициясининг сафарлари давомида излаб топиб олиб келинган Темурийлар, Бобурийлар сулоласи тарихига оид ноёб китоблар, қўлёзма асарлар ва экспонатлар қўйилган.

Рамзий мақбарага 1992-1993 йиллари халқаро илмий экспедиция томонидан Бобур Мирзонинг Агра ва Кобулдаги қабрларидан олиб келинган хоки жойланган.

Шунингдек, боғда Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг қароргоҳи жойлашган ҳамда бу ерда Андижон шаҳрининг 2500 йиллик ёшини аниқлаш бўйича олиб борилган илмий-қидирув ишлари давомида тўпланган археологик ашёлар асосида 2008 йилда «Андижон шаҳарсозлик маданияти тарихи» музейи ҳам ташкил қилинган. ЎзФА Астрономия институти билан ҳамкорликда боғнинг энг баланд қисмида «Ёшлар дунёси» деб номланган илмий-маърифий марказ очилиб, ёшларга коинот сирлари ҳақида маълумот берувчи обсерватория қуриб битказилган. Боғ ҳудудидаги кутубхона эса чинакам маънавият ўчоғи сифатида ёш авлодга зиё улашиб келмоқда. Айнан шу ерда Фонд ташаббуси билан ҳар йили илмий конференция ва семинарлар, турли учрашув, ижодий кеча ва концертлар ўтказилади.

Бобур боғи халқаро туризм маршрутига киритилган бўлиб, ташриф буюрувчи меҳмонларнинг катта қисмини хорижликлар ташкил этиши алоҳида диққатга сазовор. Улар учун «Осма сим йўли» мажмуаси, 36 турдаги замонавий аттракционлар, бир неча миллий ва замонавий услубдаги ресторан, чойхона ҳамда 30 ўринли меҳмонхона хизмат кўрсатади.

Боғда дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар парвариш қилинмоқда. Боғ ҳудудининг катта қисми адирликлардан иборат эканлиги боис 2014 йилда «Зайтун ва бошқа субтропик экинлар етиштириш илмий маркази» ташкил қилиниб, сувсизликка чидамли писта, бодом, ёнғоқ етиштириш ҳамда хорижий давлатлардан олиб келинган зайтун кўчатларини Ўзбекистон иқлимига мослаштириш йўлида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугунгача 4 минг тупдан зиёд кўчатлар экилиб, пистазор, ёнғоқзор, зайтунзорлар барпо қилинди, заъфарон, коврак каби тиббиётда кенг қўлланиладиган ўсимликларни парваришлаш ҳам йўлга қўйилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йили Бобур боғига ташрифи чоғида ушбу масканни жаҳон андозаларига мос, замонавий республика мақомидаги маданият ва истироҳат боғига айлантириш ҳақида берган топшириқларига асосан кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, боғнинг марказий хиёбонига туташ муҳташам масжид ва «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи биноси янгитдан қурилиб, мавжуд музей мақбара кўринишида қайта таъмирланди. Боғ дарвозаси олдидаги фаввора янгиланди, йўлакларга асфальт ётқизилиб, боғ ҳудудига янги ўриндиқлар қўйилди.

Бундан ташқари боққа ташриф буюраётган меҳмонлар ва зиёратчилар учун қулайликлар яратиш йўлида «Боғи баланд», «Кема» дам олиш жойлари қайта реконструкция қилинди. «Буюк Ипак Йўли» қисмидаги ошхона ва савдо расталари замонавий кўринишга келтирилди.

Шунингдек, боғнинг «Туяқамар» қисмида истиқболли режа асосида 1,5 гектар майдонга замонавий иссиқхона қуриш бўйича лойиҳалар тайёрланиб, ҳозирда қурилиш ишлари ниҳоясига етказилган.

Хуллас, мана шундай янгиланишга юз тутган боғ ҳамиша узоқ-яқиндан келган зиёратчилар билан гавжум. Бу ерга ташриф буюрган борки, албатта, «Бобур ва жаҳон маданияти» музейига кирмай кетмайди. Кишига бир олам таассуротлар улашувчи мазкур музей экспозиция залларида Бобур халқаро илмий экспедициясининг Бобур изидан уюштирган илмий-тадқиқот сафарлари жараёнида тўпланган ашё ва коллекциялар жой олган. Бу маданият кошонаси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг улуғвор шахси, зафарли юришлари, асарлари, илмий ва бадиий кашфиётлари, ибратли ҳаёти ҳақида кенг маълумотлар беради.

Чиндан ҳам Бобур шахсининг кўп қирралиги жаҳон шарқшуносларини ҳайратга солади.

Бобур – қомусий асар саналган «Бобурнома» муаллифи. Бу асар ҳозирга қадар ўттизга яқин тилга таржима қилинди.

Бобур – мислсиз лашкарбоши.

Бобур – XVI асрда Ҳиндистонда империя барпо этган шаҳаншоҳ.

Бобур – Ҳиндистонда 332 йил ҳукмфармонлик қилган бобурийлар сулоласининг асосчиси.

Бобур – соҳир мумтоз ўзбек шоири.

Бобур – жаҳонда энг йирик аруз тадқиқотини яратган олим.

Бобур – биринчи маротаба туркий тильда шеърий усулдаги фиқҳ асари – «Мубаййин»ни яратган.

«Бобур ва жаҳон маданияти» мозийгоҳидаги ноёб қўлёзмалар, ўнлаб тиллардаги нодир китоблар билан танишаркансиз, беихтиёр хаёлингиздан ана шу ўйлар ўтади. Бу қўлёзмаю китобларни Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов бошлиқ илмий экспедиция жаҳон мамлакатларига уюштирган 40 га яқин сафарлари давомида битталаб йиғиб келтирган.

Уларнинг салмоқли қисми аллақачон илмий истеъмолга киритилган: таржима ва нашр этилган, илмий тадқиқотлар олиб борилган. Экспедициянинг Эронга сафари давомида қўлга киритилган «Бобур куллиёти», Ҳиндистоннинг Ҳайдарабод шаҳридаги «Саларжанг» музейидаги «Бобурнома»нинг турли нусхалари, Шоҳ Ғариб Мирзо (Ғарибий) Девони, туркиялик олим Билол Южел томонидан тайёрланган Бобур мирзо Девони, «Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси», Хондамирнинг «Хабиб ус-сияр» муҳташам тарихий асари, Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг «Тарихи Рашиди» китоби, Фриц Вюртленинг «Андижон шаҳзодаси», Харолд Ламбнинг «Бобур – йўлбарс», Гумер Годеннинг «Гулбадан» асарлари шулар жумласидандир.

Шунингдек, бу ердаги Бобурийлар, Темурийлар даври салтанати чегаралари, Амир Темур ва Бобур мирзо шажаралари, Бобур мирзо ихтиро қилган «Хатти Бобурий» ҳамда ушбу хатда битилган Қуръони карим нусхаси, Бобур мирзо муҳри, қиличи, ғижжаки Бобурий нусхаларини ҳам кўришингиз мумкин.

Бир сўз билан айтганда, Бобур боғи ва бундаги мумтоз адабиётимизнинг йирик вакили, тарихчи, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода ҳаёти ҳақида муайян билим ва тасаввурларимизга бойитишга хизмат қилувчи музей бўйлаб саёҳат қалбларимизда аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланиш туйғусини кучайтиради. Бундай муаззам манзиллар, шубҳасиз, тарих ва келажагимизни боғлаб турувчи кўприк вазифасини ўтайди.

Холида ШАМСИЕВА,

«Бобур ва жаҳон маданияти»музейи директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?