Юз йиллик умр — маърифат тимсоли
Бир асрлик умр — вақт тақвимидаги оддий рақам эмас, балки авлодлар хотирасига муҳрланган садоқат, сабр ва маърифат билан ёзилган тирик тарих. Ана шундай бебаҳо ҳаёт йўлини босиб ўтган, бутун умрини таълим ва эл-юрт хизматига бағишлаган мўътабар устоз — Гуландон момо Назарованинг 100 ёшлик муборак юбилейи Термиз туманида тантанали нишонланди.
Қутлуғ тадбирда устознинг фарзандлари, оила аъзолари, невара-чеваралари, шогирдлари ҳамда яқинлари жам бўлди. Юбилей муносабати билан ўтказилган маросимда Термиз тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Маҳорат Расулова иштирок этиб, мутасаддиларнинг Гуландон момога йўллаган самимий табригини ўқиб эшиттирди.

Асрга тенг умр давомида Гуландон момо минглаб ўғил-қизларга нафақат билим, балки инсонийлик, сабр-тоқат ва ватанпарварлик туйғуларини сингдирди. Бугун унинг шогирдлари жамиятнинг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу эса устознинг халқ таълими йўлидаги фидойи меҳнати, эзгу мақсадга бағишланган ҳаёти энг улуғ саодат эканининг ёрқин исботидир.
— Бугунги авлод дориломон замонда яшаяпти, — дейди Гуландон момо. — Биз ишлаган даврлар билан солиштириб бўлмайди. Ҳозир ўқитувчиларга катта эътибор бор, мактаблар обод, шароитлар яхши. Энг муҳими, устознинг қадри баланд. Бунинг учун Президентимизга чин дилдан миннатдорлик билдиришимиз керак.

Юбилей тадбирида бундай мўътабар устозларни эъзозлаш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини ёш авлод учун ҳаётий мактаб сифатида кўрсатиш муҳим экани алоҳида таъкидланди. Қутлуғ сана муносабати билан Гуландон момога Термиз тумани ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Гуландон момо эътибордан мамнун эканини билдириб, “Ўқитувчилик инсонни умр бўйи ҳаракатда ушлаб, қалбни ёш сақлайдиган, энг саодатли касб,” эканини таъкидлади.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг