Юз йиллик сўзсиз сўз

Сурхондарёнинг Бойсун тоғларида чанқовуз чалаётган, лапар айтаётган момолар, қир-адирларда дўмбира чалиб достон куйлаётган бахшилар кўп. Сариосиё маҳалласидаги 103 ёшни қаршилаган Раҳмат бобо Эсанов ҳалигача миллий ҳунаримиз саналмиш чанқовуз ясаш билан шуғулланмоқда. Эшитганлар шундай табаррук ёшда ўзи севган ҳунар билан шуғулланиб, қалбларга эзгулик улашиб келаётган Раҳмат бобога ҳавас билан қарашади.
— Чанқовузда ота-боболаримнинг руҳи бор, — дейди ҳунарманд бобо. — Шу ҳунар ҳаётимнинг мазмунига айланган. Етти ёшимдан бу ҳунарга бел боғлаганман. Ўзбек момолари юрагидаги бор дардларини чанқовуз орқали чиқаришган. Бугун аёллар дардларини телефон орқали тўкиб соляпти. Бироқ, у вақтлари дардини бировга айтишга ийманган. Масалан, ёрини соғинган бўлса, чанқовуз орқали билдирган.
Раҳмат бобо нафақат ҳунарни унутмаган, балки уни юзлаб шогирдларга ҳам ўргатиб келмоқда. Бу ҳунар оила анъанасига айланган. Бобонинг ўғли — Бозор Эсанов ҳозирги кунда еттинчи авлод сифатида чанқовуз ясашни фаол давом эттирмоқда.
— Миллийлигимизга тақиқ қўйилган вақтлар ҳам бўлган, — дея хотирлайди Бозор ака. — Аммо отам ҳовлимиздаги устахонада ишлашни ҳеч қачон тўхтатмади. Ҳар доим чўнтагида чанқовуз бўларди. Байрамларда, тўйларда, йиғинларда чалиб берарди. Энди мен ва ўғлим ҳам бу ҳунарни давом эттирмоқдамиз.
Оила фақат чанқовуз ясаш билан чекланиб қолмаган. Темирчиликнинг ўндан ортиқ йўналишида буюмлар тайёрлашади. Юртимизда тадбиркорликка очилган кенг имкониятлардан фойдаланиб, оилавий тадбиркорлик йўлга қўйилган. Маҳсулотларига нафақат мамлакатда, балки хорижда ҳам талаб ортиб бормоқда. Франция, Германия, Япония, Испания каби давлатлардан келадиган сайёҳлар чанқовуз ясалиш жараёнини катта қизиқиш билан кузатади.
Бу ҳунарли хонадонда ҳар бир аъзо миллий қадриятларни ардоқлаб яшайди. Оиланинг келини — Солиҳа Эсанова ҳам ўттиз икки йилдан бери бу хонадоннинг фаол аъзоси, ҳунарли инсон. У дўппи, кашта, қуроқлар тикади. Миллий қўл меҳнати билан гўзаллик яратади. Чанқовуз — кўпчилик учун оддий мусиқа асбоби бўлиб кўрилиши мумкин, аммо Эсановлар учун у аждодлар билан мулоқот, миллий ўзликнинг рамзи. Бу ҳунар орқали уларнинг рўзғори бут, маънавий жиҳатдан қалби гўзал. Раҳмат бобонинг асрга тенг ҳаёти ҳунарга, миллатга, урф-одатга садоқат намунасидир. Унинг қўлида товланган чанқовузлар гўё юрак товушидек. Бу товуш юз йиллик сўзсиз сўз, миллий ҳислардан тартиб берилган мусиқа. Бобо чанқовуз ясаётганда қалбан юксалса, унинг харидори кўплигидан қувонади.
Фарҳод ЭСОНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг