Юз билан юзлашган инсон

22:27 10 Май 2024 Жамият
233 0

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни

Инсон хотира билан умрбоқий, қадр билан улуғ ва муҳтарамдир. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини эсга олиш, хотирасига ҳурмат кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан.

Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида мардларча ҳалок бўлган, оловли жанггоҳлардан омон қайтган ота-боболаримизга эҳтиром кўрсатиб келинмоқда. Бу, айниқса, ҳар йили ўзгача руҳда ўтадиган азиз байрам — Хотира ва Қадрлаш кунида янада ёрқин намоён бўлади.

Байрам арафасида Тошкент шаҳри Олмазор туманида истиқомат қилаётган 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиси Аббос Аппановнинг ҳолидан хабар олиш истагида хонадонига йўқлаб бордик. Бизни уйда отахоннинг икки ўғил набираси кутиб олди. Унинг ёнига бошлаб боришаркан хушхабардан бохабар қилишди: «Бугун бобомиз 100 ёшга кирди!»

Ҳа, бу чинданда унутилмас воқелик. Ахир бу ёшга етганлар бор, етмаганлар бор. Умри давомида уруш ва қанчадан-қанча машаққатли дамларни бошидан кечириб, бугунги дориломон кунларга етган, музаффарлик байроғини кўтариб, юз довондан ошган Аббос бобони чарчатиб қўймайлик, кўп гапга солмайлик, бир кўрсак бас, дедик. Аммо газетадан келганимизни билгач, бир-икки оғиз бўлсада гапиришни истади.

— Урушнинг бир дақиқаси ҳам биз учун йилларга тенгдай туюларди, — деди у. — Ҳар томондан ўқ ёғилади, қаердадир бомба портлайди, бошимиз гангиб ўзимизга келгач, қайсидир дўстимизни йўқотганимизни англаймиз. Уруш кўпчилик яқинларимиздан айирди, гулдай чоғларимиз оташларга совурилди. Шундай бўлишига қарамай, чекинмадик, ортимизда қолган оиламиз, бола-чақамизни ўйлаб, қайта ва қайта жангга киравердик. Минг шукр, бугун юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, болалар, набираю эваралар ардоғида, меҳр-муҳаббат қучоғида яйраб ўтирибмиз.

Суҳбат давомида унинг юзига назар солар эканмиз, унда уруш йилларини эсга олганида зоҳир бўладиган маҳзунлик ва надоматни сездик. Аббос бобо 1942 йил, ҳаётининг энг гуллаган даври — 18 ёшида урушга чақирилади. Шерюрак йигит бир дам ҳам ҳайиқмайди, фикридан қайтмайди, ҳарбий тайёргарлик ва машқлардан сўнг яқинларидан дуо олиб, нон тишлаб жанггоҳ сари йўл олади. Эҳтимол, ўшанда уни бундай жасоратга етаклаган куч — яқинлари, оиласи, Ватани олдидаги масъулият, ишонч ҳисси бўлгандир…

Аббос бобо Смоленск шаҳридан то Берлинни ишғол қилишгача бўлган шиддатли ва аёвсиз жангларда қатнашади. Бир лаҳза ҳам ёғийлардан қўрқмай, ғолиблик сари интилади. Ниҳоят уруш тугагач, орадан 4 йил ўтиб, 1946 йилнинг июнь ойида Ватанимизга, оиласи бағрига эсон-омон қайтади. Отахон урушдан қайтгач ҳам тин олмайди, дунёда тинчлик ва барқарорлик бўлиши учун келажак авлодни яхши тарбиялаш лозимлигини теран мушоҳада этади. Шу боис, ўз маҳалласидаги 139-умумтаълим мактабида фаолият бошлайди. Болаларга немис ва инглиз тили фанларидан сабоқ беради, шунингдек, уларни ўз ҳаёти мисолида уруш даҳшатларидан огоҳлантириб, ҳамиша тинчликнинг қадрига етиб яшашга чақиради. Фаолияти мобайнида турли мактабларда ўқитувчи, мактаб директори ўринбосари бўлиб ишлайди, шогирдлар тарбиялайди, ҳатто немис тили дарслигини ҳам ёзади. Қисқача айтганда, Аббос бобо урушдан кейинги умрини таълим соҳаси ва яхши кадрлар етиштиришга бағишлайди.

Унинг Ватан осойишталиги йўлидаги хизмати ва фидокорона меҳнатлари муносиб баҳоланган — орден ва медаллар билан тақдирланган.

Аббос бобо ўз фарзандлари, набираларининг ҳам илмли, элу юрт хизматига камарбаста инсонлар бўлишини истайди, болалигидан уларнинг қалбида китобга, ўқишга, илмга муҳаббат уйғотади. Шунинг учун ҳам 7 нафар фарзанди ота йўлини танлади, яъни таълим соҳасида фаолият юритди. Уларнинг барчаси ҳозир пенсияда, болалари роҳатини кўриб умргузаронлик қилмоқда. Уни ҳақиқатда энг бахтиёр инсонлардан, десак, муболаға эмас. Чунки у ҳозирда 21 нафар набира, 55 нафар эвара ва 7 нафар чеваранинг меҳрибон бобоси.

…Суҳбатимиз якунланиб қайтишга чоғланганимизда отахон дуо қилди, юртимизга тинчлик, фаровонлик тиларкан мижжасида ёш қалқди. Бу ҳолдан биз ҳам таъсирландик, унга узоқ умр, соғлиқ-омонлик тиладик.

Дарҳақиқат, Аббос бобо каби оловли уруш даҳшатларини бошдан кечирган одамлар осойишталикни юракдан ҳис қилади, унинг нақадар муҳимлигини теран англашади. Афсуски, ҳозирга пайтда Ватани, оиласи, ўзлигини ҳимоя қилиш учун иккиланмасдан жонини гаровга қўйиб жанггоҳларга отланган мана шундай ҳамюртларимиз сафи тобора камайиб бормоқда. Аммо ёшлигининг навқирон чоғларини уруш оловлари ичра кечирган, бугунги тинч ҳамда осойишта ҳаёт учун курашган жасур ва қаҳрамон инсонлар ёди ва жасорати ҳеч қачон унутилмайди.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер