ЮНИСEФ: Уч йилда 48 миллион бола юқумли касалликларга қарши эмланмаган

02:06 24 Апрель 2023 Дунё
1243 0

Тадқиқотларга кўра, вакциналар йилига ўртача 4,5 миллион кишининг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради. Агар эмлаш воситалари танқислиги муаммоси бартараф этилса, 2030-йилга бориб, бу кўрсаткич яна 30 фоизга ошиши мумкин.

Бироқ охирги йиллар, хусусан, пандемия даврида дунё бўйича аҳолининг вакциналарга бўлган ишончи пасайиб бораётгани хавотирли ҳолат. ЮНИСEФ томонидан эълон қилинган сўнгги ҳисобот ушбу муаммо таҳлилига бағишланди.

Қайд этилишича, ижтимоий сўровда иштирок этган 55 давлатдан 52 тасида уч йил ичида болаларни эмлашга нисбатан жамоатчилик иштиёқи пасайган.

Ҳиндистон, Ветнам, Хитой давлатларида иммунизациянинг аҳамиятини юқори, Япония, Жанубий Корея ва Папуа-Янги Гвинеяда эса аксинча паст баҳолашган.

Европа давлатлари ўртасида Португалия, Швеция ва Ирландия аҳолисининг вакциналарга ишончи баланд. Хорватия, Латвия ва Россияда эса бунинг акси кузатилган.

Шунга қарамай, болажонларимиз соғлиғи учун вакциналар зарур, деб ҳисобловчилар қатлами 80 фоиздан юқори бўлиб чиқди.

Ҳисоботда келтирилишича, 2019-2021-йиллар давомида 48 миллион нафар ўғил-қиз юқумли касалликларга қарши вакцина олмаган. 19 миллион бола эса тўлиқ босқичда эмланмаган.

Бу, турли эпидемиялар, масалан, 2021-2022-йилларда қизамиқ билан касалланиш кўрсаткичлари икки баравар кўпайишига сабаб бўлди.

Қолаверса, экспертлар беморлар сони ортиши Африка ва Жанубий Осиёда вакциналар тақчиллиги муаммоси билан ҳам боғлиқ, деган хулосада.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер