Ёзёвонда энди буйрак кўчириш амалиёти ўтказилади
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ёзёвон туманида сўнгги йилларда тиббиёт тизими жадал ислоҳ этилиб, туманлараро қўшма шикастланишлар ва юрак-қон томир касалликлари маркази ташкил этилди. Марказ замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланиб, Қува, Тошлоқ, Қўштепа туманлари, Марғилон шаҳри, қўшни Андижон вилоятнинг Бўстон ва Улуғнор туманлари аҳолисига шошилинч ҳамда малакали ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди. Шу тарзда аввал пойтахтда, хорижда бажарилган ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келинмоқда.
Энг қувонарлиси, илгари кўпчилик ёзёвонлик беморлар шаҳарларда даволанган бўлса, эндиликда вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманлари, Андижон вилоятидан Ёзёвонга шифо излаб келмоқда.
— Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрь кунги «2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги қарори ижроси бўйича ўтган қисқа даврда 12 млрд. 548 млн. сўм маблағ сарфланди, — дейди Ёзёвон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тошмуҳаммад Саримсоқов. — Натижада туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги туғруқхона мажмуаси, лаборатория, болалар ва терапия бўлимлари тўлиқ реконструкция қилинди.
Туғруқ бўлимидаги 30 та хонага музлатгич, телевизор қўйилиб, кондиционер ўрнатилди. Илгари бемор шифохонага чойшаб, кўрпа-тўшак билан келган бўлса, энди туғруқхонадан тиббиёт бирлашмаси логотипи туширилган чойшабдан фойдалангач, уйига совға сифатида бериб юборилади.
«Ташаббусли бюджет» лойиҳасида бир неча бор ғолиб бўлиб, Иштирхон, Қатортол оилавий шифокорлик пунктлари мукаммал таъмирдан чиқарилди. Тиббиёт бирлашмасининг моддий-техник базаси яхшиланиб, жаҳон андозалари даражасида жиҳозланди.
Айни пайтда бир неча турдаги ноёб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказиб келинаётган бўлса, 2025 йилнинг биринчи чорагидан буйрак кўчириш амалиётини ҳам амалга ошириш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, Ёзёвон тиббиётида бир неча йиллардан буён оғриқли муаммо бўлиб келаётган юқумли касалликлар шифохонаси таъмири учун 2,3 млрд. сўм маблағ ажратилиб, лойиҳа ишлари якунига етказилди. Демак, янги йилда юқумли касалликлар шифохонаси замонавий қиёфага эга бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг