Ёзёвон тумани ҳокимининг бир куни...

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Марказий Фарғона ҳудудида жойлашган Ёзёвон туманида бугунги кунда кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилиб, қувонарли натижаларга эришилмоқда. Аммо ҳали тадбиркорлик, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш борасида катта ўзгариш ва янгиланишларга эҳтиёж бор.
Ёзёвон тумани ҳокими Дилшоджон Жалилов бир кунлик фаолияти давомида ҳокимлик масъуллари, тегишли мутасадди идоралар раҳбарлари билан автобусда бир қатор ижтимоий соҳалар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини айланиб, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишди.
Юзма-юз мулоқотда ютуқлар сарҳисоб этилиши баробарида мавжуд камчилик жиддий танқид қилиниб, мутасаддиларга аниқ вазифалар топширилди.
Спорт — соғлом ҳаёт омили
Марказий ўйингоҳда “Ташаббусли бюджет” доирасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишилиб, қурувчилар ва тегишли масъулларга ишларнинг сифатли ҳамда вақтида бажарилиши учун аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, спорт мажмуасида бўлиб, тўгараклар фаолиятини жонлантириш, аҳоли ва ёшларни спортга кенг жалб қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди. “Ёзёвон лочинлари” футбол клуби тақдири ҳақида суҳбатлашилди. Ёзёвонда футбол мухлислари етарлича бор, ўйингоҳ жиҳозланяпти. Жамоани тезроқ шакллантириш, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида фикрлар билдирилди.
Тараққиёт йўли – маърифатда
Туман ҳокимининг кейинги манзил 1-умумтаълим мактаби бўлди. Масъуллар мактабдаги ободонлаштириш ишлари, ошхона фаолиятини ўрганиб, спорт тўгараклари машғулоти билан танишишди. Ҳоким мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари билан самимий суҳбатлашди.
— Тараққиёт йўли – маърифатда, — деди туман ҳокими. — Шу боис мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, ўқитувчи ва ўқувчилар учун замонавий шароитлар яратиш доимий устувор вазифамиз бўлиб қолаверади.
Йўллар иқтисодиёт драйвери
Туман ҳудудидан ўтувчи халқаро автомагистраль йўли бўйида сўнгги йилларда тадбиркорлар фаолияти жадал ривожланяпти. Аммо мазкур йўл бўйидаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларининг бугунги ҳолати яхши эмас. Шу сабабли ҳоким соҳа масъулларига ўз эътирозини билдирди.
Чунки йўл ёқасидаги тадбиркорлик субъектлари ўз ҳудудини қўл учида ободонлаштиришган. Шу сабабли тегишли раҳбарларга йўллар иқтисодиёт драйвери эканлиги уқтирилиб, зудлик билан ободонлаштириш ишларини талаб даражасида олиб бориш кераклиги таъкидланди.
Ташаббус йўқ жойда тараққиёт бўлмайди...
Маълумки, бугунги кунда туманда шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида “Янги Ўзбекистон” массиви қад ростлаяпти. Ўрганишлар жараёнида мазкур массивдаги 28-давлат мактабгача таълим ташкилотига кириб келувчи йўлнинг ўнг томонида ободонлаштириш бўйича ишлар қилинмагани танқид остига олинди. Ташкилот рўпарасидаги боғда эски лоток ва бетонлар йиғиб олинмагани танқид қилинди.
Янги массивдаги 40-умумтаълим мактабидаги чиройли манзара ҳавасингизни келтиради. Таълим муассасаси жамоаси бўш ердан унумли фойдаланиб, боғ барпо этган, ҳар қарич ердан унумли фойдаланади. Шу боис ҳоким бўш ердан унумли фойдаланиш бўйича туман мактаблари масъулларига амалий семинар ўтказиш бўйича таклиф билдирди.
“Қоратепа”даги ихтисослаштирилган мактабдаги антисанитария ҳолатлари, ҳожатхона талабга жавоб бермаслиги, спортзал тўшамалари ифлослиги кескин танқид қилинди. Мактаб биноси фасад деворига чакки тушиб, қорайтириб юборгани, бинога кириш зиналари синиб кетгани учун жамоа раҳбарияти фаолияти қониқарсиз баҳоланди.
Мухтасар айтганда, бир кунлик фаолияти мобайнида ҳоким яна бир қатор ижтимоий соҳа объектларида бўлди. Ўрганишлар жараёнида маълум бўлдики, қалбида ватанпарварлик туйғуси бўлган раҳбарлар вазифасини сидқидилдан бажаряпти. Аксинча, хўжакўрсинга, қўл учида иш бажараётганлар ҳам бор, табиийки, бундай тоифадагилар қатъий огоҳлантирилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг