Ёшларнинг таълим ва ривожланиши йўлидаги тарихий қадам

12:40 18 Февраль 2025 Сиёсат
195 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан ўтказган учрашуви мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва унинг қамровини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда ёшлар таълимини ривожлантириш, уларга замонавий билим ва малака бериш устувор йўналишлардан бирига айланмоқда.

Сўнгги йилларда олий таълим муассасалари сони уч баробарга ошгани ва таълим қамрови 42 фоизга етгани давлатнинг ёшлар таълимига бўлган эътиборининг амалий натижасидир. Илгари олийгоҳларга қабулда кескин рақобат ҳукм сурган бўлса, ҳозирда ҳар бир ёш учун олий таълим олиш имконияти янада кенгайди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг олий таълим олиш имкониятларини ошириш йўналишида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Охирги йилларда талаба қизлар сони 11 баробарга ортгани бу борадаги ислоҳотларнинг самарадорлигини кўрсатади. Президент таъкидлаганидек, «Битта қизни ўқитсак, бутун оила билимли бўлади». Аёлларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш орқали жамиятнинг умумий интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга эришилмоқда.

Ёшларни халқаро майдонда рақобатбардош кадрлар сифатида шакллантириш ҳам давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади. Илгари 25 йил давомида 800 нафар ёш давлат ҳисобидан хорижга ўқишга юборилган бўлса, сўнгги 7 йил ичида «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали бу кўрсаткич уч баробар ошди. Бу эса мамлакатда таълим ва илм-фан соҳасида юзага келаётган улкан имкониятларнинг ёрқин далилидир.

Шу билан бирга, хорижда таҳсил олаётган ёшларнинг эҳтиёжларини ўрганиш, уларни Ватанга қайтариш ва муносиб иш ўринлари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилмоқда. Энди бу жараёнда Ёшлар агентлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорликда иш олиб боради. Бу эса малакали мутахассисларнинг мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишига имкон яратади.

Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ёшларнинг ривожланиши учун яратилаётган шарт-шароитлар келажакка қаратилган оқилона сиёсатнинг натижасидир. Бу саъй-ҳаракатларнинг изчил давом эттирилиши мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини янада ошириб, уни дунё миқёсида мустаҳкам мавқега олиб чиқади.

Муножот Йўлчиева,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?