Ёшларни бирлаштирган кўрик-танлов

21:44 12 Октябр 2021 Маданият
2209 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларига мувофиқ “Абдулла Орипов издошлари”, “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони” кўрик-танловларининг туман-шаҳар, вилоят ва Республика босқичларини ташкил этиш белгиланган эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги, Республика Маънавият-маърифат маркази билан ҳамкорликда кўрик-танловларнинг туман-шаҳар, вилоят босқичлари ўтказилди.

2021 йилнинг апрел ойида Республикамиздаги 206 та туман ҳамда шаҳарда танловларнинг биринчи босқичи ташкил этилди. Мамлакатимиздаги 9 000 га яқин мактаблар мазкур танловларга жалб қилиниб, танловнинг вилоят босқичига ҳар бир туман ва шаҳардан 2 нафар, ижод мактабларидан эса бир нафардан ғолиблар йўлланмани қўлга киритишди. Танловнинг вилоят босқичи май ойининг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда бўлиб ўтди. “Абдулла Орипов издошлари” кўрик-танлови бўйича бир нафар, “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони” кўрик-танлови бўйича бир нафар, ижод мактабларидан ҳам ҳудди шундай икки нафардан, жами Республика босқичига 46 нафар иштирокчи етиб келди.

— Бундай кўрик-танловлар мамлакатимиз ёшларига руҳ бағишлаши шубҳасиз. — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботиржон Эргашев, — Адабиётга ошно ҳар бир ёш, ҳар бир қалб юксаклик маррасига ҳар кимдан кўра олдинроқ етиб боради. Чунки, адабиётга ошуфта одамдан ёмонлик чиқмайди. Яхшиларнинг йўли эса ҳамиша очиқдир. Танловнинг республика босқичи чиндан муросасиз кечди. Турли вилоятлардан ташриф буюрган иштирокчилар беллашувларига гувоҳ бўлар эканмиз, уларнинг иқтидорига, ғай ратига тан бердик. Бу ёшларнинг келажаги нурафшон эканига ишончимиз комил.

Танловнинг республика босқичи иштирокчиларини саралаш учун танлов комиссияси томонидан викторина саволлари тўпланиб, шу орқали иштирокчиларнинг билимлари синовдан ўтказилди. Тадбир сўнггида фахрли ўрин соҳибларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг қимматбаҳо совғалари ва дипломлари топширилди. Шунингдек, танлов иштирокчиларининг барчасига уюшма томонидан чоп этилган китоблар жамланмаси тақдим этилди.

— Ғайрат ва илҳом бизнинг кучимиз, Ўзбекистон ёшларининг, ижодкорларининг кучидир. — дейди Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчиси Нилуфар Эргашева, — Албатта, бу кучимизни юртимиз, халқимиз юксалиши йўлида сафарбар этамиз. Бу танловлар бизга маҳорат дарси бўлди, шу билан бирга ижодий жараёнларда устозлардан кўп нарсалар ўргандик, дўстлар орттирдик. Яна бир қувонарли жиҳати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган Зомин семинарига иштирок этиш “чипта”сини ҳам қўлга киритдик.

Аслида бу танловда иштирок этган барча ўқувчилар ғолибдир. Негаки, улар ўз билими, иқтидори, изланишини адабий жамоатчиликка намойиш этишга, ўз устида янада кўпроқ ишлаш ва изланишга астойдил аҳд қилгани диққатга сазовордир.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер