Ёшлар учун замонавий билим даргоҳлари

17:36 10 Сентябр 2025 Жамият
119 0

Жорий йилда Бухоро давлат университети Қоракўл академик лицейини 201 нафар ўқувчи битирди. Эътиборлиси, уларнинг ҳаммасига олий ўқув юрти талабаси бўлмоқ бахти насиб этди. Битирувчиларнинг 191 нафари, яъни 95 фоизи давлат гранти асосида ўқишга кирганини айтмайсизми Сирасини айтганда, қоракўллик ёшларнинг илм-фан сирларини пухта эгаллашлари, нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ўтказиладиган олимпиадаларда ҳам юқори натижаларга эришишлари одатий ҳолга айланган.

Лицей масъулларининг таъкидлашларича, ўғил – қизларнинг кўнглига йўл топиш, ишга уларнинг қизиқиш ва иштиёқларини инобатга олган ҳолда ёндашиш ютуқлар гарови бўляпти. Талабчан устозларидан бир чимдим меҳр кўрган, қаттиққўлликларини кўнгилга олмаган ўқувчилар ўқиш, изланишни канда қилишмаяпти.

-Билим даргоҳимизда устоз – шогирд анъанаси мустаҳкам қарор топган,- дейди лицей директори Ғолиб Жумақулов.- Педагоглар ҳам, ўқувчиларимиз ва уларнинг ота – оналари ҳам давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт – шароитлардан оқилона фойдаланиш кераклигини чуқур ҳис этишади. Биз учун вақт ҳар нарсадан қиммат. Ёшларнинг билимларини чархлаб бориш эвазига айтса арзигулик натижаларга эришяпмиз. Масалан, ўтган ўқув йилида битирувчиларимизнинг 95 фоизи миллий ва халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритиб, ишончимизни оқлади.

Ғ. Жумақуловнинг ёш авлоднинг таълим – тарбия олиши учун яратиб берилаётган шарт – шароитлардан сўз очиши бежиз эмас. Бугун нафақат мазкур лицей, балки вилоятдаги бошқа ўқув даргоҳларига ҳам борган киши уларда шу кун талаби асосида ўқиш, замонавий илм – фан сирларини эгаллаш учун қулайликлар яратилгани шоҳиди бўлади.Бу таълим соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги давлат сиёсати натижаси, албатта.

Биргина жорий йилнинг ўзида вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги 271 та муассасада қурилиш – таъмирлар ишлари ҳамда улар моддий – техника базасини мустаҳкамлаш юмушлари бажарилди. Кенг қамровли ушбу тадбирлар учун 1 триллион 178 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бунақаси ҳали вилоят таълими тарихида кузатилмаган эди, десак хато қилмаймиз.

Бугунги кунда Бухоро, Ғиждувон шаҳарларида хусусий ўқув марказлари, мактаблар ҳам самарали фаолият юритаётганини кўриш мумкин. Эътиборлиси, чекка ҳудудларда ҳам биз кўриб одатланган давлат умумтаълим мактабларига яхши маънодаги рақобатчи илм масканлари пайдо бўляпти. Жумладан, Ромитан туманидаги Челонғу қишлоғида шундай таълим маскани иш бошлади.

-15 йилдан буён туманимиздаги 30 – умумтаълим мактабида ёшларга сабоқ бериб, муайян тажриба тўпладим, - дейди лойиҳа ташаббускори, хорижий тил ўқитувчиси Наргиза Назарова.- Хусусий мактаб очишни анчадан буён ният қилиб келаётгандим. Юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли мақсадимга етдим. Мактабимиз 300 ўқувчи ўрнига мўлжалланган. Барча фанлар чуқур ўргатилади. Узоқдан келувчилар учун автобус ажратилган.Иқтидорли ўқувчилар салоҳиятини юзага чиқариш учун куч – ғайратимиз, билимимизни аямаймиз.

Шубҳасиз, ўқитувчининг билими, касб маҳорати кўп нарсани ҳал қилади.Вилоятда масаланинг шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратиляпти. Кўрилаётган чора – тадбирлар натижасида кейинги бир йилда малака тоифасига эга муаллимлар сони 76 фоизга етди. 250 нафарга яқин ўқитувчи 1000 АҚШ долларидан кўпроқ миқдорда маош олмоқда.Жорий йилда 41 нафар ўқувчи республика ва халқаро фан олимпиадаларида ғолиб чиқди.

Мақоламизни Қоракўл академик лицейи битирувчилари эришган натижа билан бошлаган эдик.Яна шу мавзуга қайтамиз. Билимларни баҳолаш агентлиги эълон қилган маълумотларга қараганда, тестга кирган бухоролик 30 минг 231 нафар абитуриент ўртача 89,5 балл тўплашга эришган. Бу республика бўйича энг юқори кўрсатгичдир. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши бўйича эса вилоят 32,4 фоиз билан иккинчи ўринни банд этди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?