Ёшлар ташаббускор етакчиларга эргашади

17:27 24 Февраль 2025 Жамият
195 0

Ургут туманидаги Ўзбекистон маҳалласида ёшлар етакчиси бўлиб ишлаётганимга кўп бўлмади. Бугунги кунда ёш маслаҳатчилар кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси сифатида ёшлар муаммоларини ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўз ҳиссамни қўшиб келмоқдаман.

Ўтган йилда «Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» кўрик-танловининг «Ёшларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга оширишда ва бандлигини таъминлашда самарали кўмаклашган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналишида ғолиб бўлдим. Маҳалламиз драйвери хизмат кўрсатиш, деҳқончиликка ихтисослашган ҳудудда 6865 нафар аҳоли яшайди. Уларнинг 1932 нафарини ёшлар ташкил этади. Маҳаллага келиб ишсиз ёшлар рўйхатини шакллантирдим. Қизиқиши, имконияти, оилавий ҳолатини таҳлил қилдим. Натижада ёшларнинг 1253 нафари «яшил», 676 нафари «сариқ», 12 нафари «қизил» тоифага ажратилди. Дастлаб ёшларга касб-ҳунар ўргатиш, қисқа муддатли курсларга йўналтириш, малака ошириш дастурларини ташкил этиш, улар учун иш ўринларини яратиш мақсадида маҳалладаги тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Уларга 42 нафар мактаб ва касб-ҳунар мактаби битирувчилари бириктирилди. Натижада ўқув йили охирида бириктирилган ёшларнинг бандлиги таъминланиб, доимий даромад манбаига эга бўлишига эришилди.

Айни пайтда 65 нафар ёш турли соҳалар бўйича тадбиркорларга бириктирилган. Улар ўқиш билан бирга доимий даромад топиб, тадбиркорлик фаолиятини ҳам ўрганмоқда. Жумладан, шу маҳаллада яшовчи Жаҳонгир Равшанов, Муҳаммадали Ҳасанов ва Акобир Бўронов тумандаги етакчи тадбиркорлардан иш ўрганиб, ҳозирда «Ургут» савдо комплексида савдо дўконлари ташкил қилган. Иккитадан иш ўрни яратган.

Маҳаллада ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорликда ўтган йилда 45 нафар ёшга кредит олиб берилди. Шундан 16 нафарига «Бизнесга биринчи қадам» дастури орқали 80 миллион сўм, 3 нафарига «Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш» дастури орқали 260 миллион сўм, 26 нафарига «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш» дастури орқали 295 миллион сўм кредит ажратилди. Натижада 10 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 2 тасининг фаолияти қайта тикланди.

Ўтган йил «Бандлик дастури»га маҳалладаги 140 нафар ёш киритилган бўлиб, шундан 50 нафари ишсиз, 90 нафари битирувчи эди. Дастурга киритилган 47 нафар ёш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби Самарқанд вилояти филиалида ўқишга йўналтирилди. 25 нафар ёш Савдо-саноат палатаси ёрдамида тадбиркорликка оид ўқув дастурларини тамомлади. 20 нафардан зиёд мактаб битирувчиси доимий иш ўринларига жойлаштирилди. Шунингдек, дастур доирасида тўрт нафар битирувчига ўзини ўзи банд қилиши учун ёрдам кўрсатилди. 10 нафар ишсиз ёшга кредит ажратилди. 40 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.

Маҳалламиз ёшлари «Ibrat academy» иловаси орқали хорижий тилларни ўрганиш жараёнида яхшигина муваффақиятга эришди. Жумладан, 10 нафар ёш хорижий тилни ўрганиб, халқаро сертификатларни қўлга киритди. Ёшлар етакчисининг ташаббуси билан хорижий тил сертификатларини олган ёшлардан иборат «Ибрат фарзандлари» жамоаси тузилган. Ушбу жамоанинг асосий вазифаси маҳалладаги ёшлар ўртасида хорижий тилларни ўрганишни тарғиб қилиш, тил ўрганишга қизиққан ёшларни қўллаб-қувватлашдир.

Айни пайтда жамоада фаолият кўрсатаётган 11-синф ўқувчилари Исломбек Жамолов ва Умиджон Ғуломов маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, иқтидорли ва тил ўрганишга қизиққан 48 нафар ёшга инглиз тилини бепул ўргатмоқда. Шунингдек, 10-синф ўқувчиси Хислатбек Умаров ўқув курси ташкил қилиб, таълим олиш билан бирга, даромад манбаига ҳам эга бўлмоқда.

Жорий йилда ёшлар бандлигини таъминлашни, уларнинг ҳаётини яхшилашга йўналтирилган янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Жумладан, «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида танлов ва мусобақаларнинг республика босқичида камида 5 та йўналиш бўйича юқори ўринларни эгаллаш асосий мақсадларимиздан бири. Шу билан бирга, мактаб ва олий таълим муассасаларини битираётган 115 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, «Ibrat academy» иловаси орқали хорижий тилларни ўрганиш ва «Ustoz AI» иловаси орқали маҳаллада замонавий касбларни бепул ўрганиш тизимини оммалаштириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, миграцияга кетган 178 нафар ёш билан тизимли ишлаш ва йил охиригача 80 нафардан зиёд ёшни юртга қайтариб, иш билан таъминлаш белгиланган.

Чунки ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, умуман, қизиқишига қараб соҳаларга йўналтириш ёшлар ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бу жараёнда биз етакчилар йигит-қизларни қўллаб-қувватлаб, ўз истеъдодини намойиш этиши учун кўприк бўлишимиз керак.

Диёрбек Акбаров,

Ургут туманидаги Ўзбекистон маҳалласи ёшлар етакчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?