Ёшлар тарбиясига масъул нуронийлар

18:50 30 Октябр 2025 Жамият
395 0

Ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди. Мамлакатимизда кексалар ҳаёт даражасини яхшилаш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки кексалик бекорчилик эмас, ўта масъулиятли даврдир. Бугунги кунда юрт тараққиёти, жамият ривожи, ёш авлод таълим-тарбиясида кексаларнинг ўрни ва роли ўта муҳим. Униб-ўсиб келаётган ёш авлод билан ишлаб, уларни тўғри йўлга солиш, ўқиб ўрганишга, касбли бўлишга йўналтиришдек вазифаларни ёши улуғ инсонларимиз бажонидил бажариб келмоқда.

Халқимиз “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қари билганни пари билмас” деб бежиз айтмаган. Ҳар бир нуроний аввало оилада болалар ва набиралар учун тарбиячи, маҳаллада тажриба эгаси, жамиятда эл кўнглини бирлаштирувчи кучдир. Буни бугун ёшлар ва нуронийлар ўртасида ўтказилаётган “Уч авлод” учрашувлари, “Бир нуроний – ўн нафар ёшга масъул” ташаббусларида ҳам кўриш мумкин. Бу самимий мулоқотларда ҳар бир нуроний ёшлар билан тажрибаларини алмашаётганда ўз ҳаётидан жонли мисоллар келтиради. Кўпни кўрган, турли турмуш сўқмоқларидан ўтган, энг оғир дамларда ҳам мардона қийинчиликларни енгиб яшаётган нуронийларнинг ҳар бир маслаҳати ёшлар учун қимматли сабоқдир. Шу орқали ёшлар ўз илдизларини, миллий анъаналарини, тарихий меросини чуқур англаб етади.

Яқинда уч авлод учрашувида бир нуроний ўзининг ҳаётий тажрибасини айтиб берганида кўпчиликнинг кўзига ёш келди. Ростдан илгари аҳолининг асосий фаолияти пахта етиштиришдан иборат эди. Таълимга унчалик эътибор берилмасди. Ҳозирги ёшлар бу сўзларни бирор тарихий китобдан ўқиса унчалик таъсир қилмас, аммо шу кунларни кўрган кекса-нуронийларнинг ўзидан эшитишнинг завқи бўлакча. Шу орқали дориламон кунлар қадрига етади. Айни пайтда нуронийлар “Нуроний” жамғармаси, маҳалла фуқаролар йиғини, турли жамоатчилик кенгашлари орқали ўз фаолиятларини давом эттириб келаётгани қувонарлидир. Маҳалла масъуллари қаторида ёшлар ўртасида маънавий тарбия ишларини олиб боришда бош-қош. Жамиятда тотувлик ва аҳилликни таъминлашга кўмаклашмоқда. Оилалардаги можароларни ҳал этишда адолатли маслаҳатчи сифатида фаол ва куюнчак.

Таажжубки, яқин йилларгача отахону онахонлар нафақага чиққанида ўзларини ёлғиз ҳис қиларди. Чунки нафақахўр деган ном уни ишлаш ҳуқуқини бутунлай чеклаб қўярди. Ҳеч кимнинг улар билан иши бўлмасди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони вазиятни тубдан ўзгартирди. Ҳозир нуронийларимиз фаолият кўрсатса, ойлик маоши билан тўлиқ нафақаси ҳам тўлаб берилмоқда. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши қарори билан жамоатчилик ишларида намуна бўлаётган ёши улуғ юртдошларимиз кўкрак нишонлари билан тақдирланмоқда. Республика “Нуроний” жамоат фонди катта ёшдаги фахрийларни, уруш қатнашчиларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мазкур нуронийлар ташкилотининг фаолият йўналишлари бевосита ёшлар тарбияси билан шуғулланади. Улар турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, фахрийларга моддий ёрдам кўрсатиш, миллий қадриятлар, урф-одатларни асрашга масъулдир.

Нуронийлар миллатимизнинг маънавий қўриқчиларидир. Улар миллий байрамлар, маросимлар ва урф-одатларни асраб қолишда, диний-маънавий тарбияни тўғри йўналишда олиб боришда, миллий ғурур ва ифтихорни оширишда катта ҳисса қўшади. Шу орқали нуронийлар халқнинг миллий ўзлигини ва миллий анъаналарини етказувчиси сифатида ҳам қадрланади. Нуронийларнинг жамиятдаги ўрнини тиклаш билан бирга, ҳозирги замоннинг фаол, матонатли, сабрли, идрокли, тажрибали қатлами сифатида уларни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Мамаюнус Пардаев,

Самарқанд иқтисодиёт ва

сервис институти профессори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?