Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ахбороти эшитилди

13:22 28 Апрель 2022 Сиёсат
1284 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Сенатнинг ялпи мажлисида “Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Сенат Қарори ижроси юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ахбороти эшитилди.

Рейтинг тизимининг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида 14 та ҳудудда ўқув семинарлари ташкил этилиб,
700 га яқин масъуллар иштироки таъминланган.

Рейтинг баҳолашга доир маълумотларнинг марказлашган электрон тизимини жорий этиш бўйича yoshlarportali.uz – Ёшлар портали платформаси жорий қилинган.

Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда ҳудудларни индикаторлар асосида рейтинг баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган. Ушбу методикада ҳудудлардан индикаторларга мувофиқ олинган статистик маълумотлар махсус ишлаб чиқилган формула орқали инсон омилисиз ҳисобланиши белгиланган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

 

Вазирлар Маҳкамаси томонидан рейтинг баҳолашга, асосан, энг юқори натижа кўрсатган учта ҳудуд раҳбари ҳамда уларнинг ёшлар масалаларига масъул бўлган ўринбосарларини моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш тартиби ишлаб чиқилган. Унга кўра ғолиб бўлган ҳудудларда спорт турларига ихтисослашган заллар, беш муҳим ташаббус бўйича тўгараклар, ёшларга маиший хизмат кўрсатиш объектлари ва ҳаммомдан иборат кўп функцияли ёшлар комплексларини барпо этиш белгиланмоқда.

Қарор ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисларида сенаторлар, экспертлар, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳаллий Кенгашлар котибиятлари мудирлари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида муҳокама қилинган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

 

Янги рейтинг тизимининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, уни амалга ошириш механизми, бу борада мутасаддиларнинг вазифалари ҳамда ушбу тизимдан кутилаётган натижалар тўғрисида кенг жамоатчиликка маълумотлар бериш мақсадида брифинглар ташкил этилган.

Ёшлар муаммоларини маҳаллабай механизми асосида тизимли бартараф этиш бўйича “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, “Ёшлар дафтари”ни юритиш ва “Ёшлар дастури”ни амалга ошириш йўналиши белгилаб олинган.

Ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳолатини баҳолаб бориш бўйича “Ёшлар дафтари” электрон платформаси ишга туширилган.

Хатлов натижаларига кўра республика бўйича 8,4 миллиондан ортиқ ёшлар тўғрисидаги маълумотлар асосида “Ёшлар баланси” шакллантирилган.

Шунингдек, республикада мавжуд 9 348 та маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилган.

Ёшлар етакчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) бўйича электрон баҳолаш механизми йўлга қўйилиб, амалга оширилган ишлар 5 та босқичда маҳалла –сектор – туман (шаҳар) – вилоят – республика даражасида тегишли соҳалар кесимида рейтинг баҳолаб борилмоқда.

Муҳокамалар давомида Сенат қарори ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши зарур бўлган айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

 

Жумладан, Ёшлар ишлари агентлигининг қуйи тузилмалари томонидан индикаторлар асосидаги рейтинг баҳолашга доир маълумотларни умумлаштириш ҳамда уларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига тақдим этиш ишлари қониқарсиз.

Рейтинг тизимига масъул вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ўртасидаги ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмагани оқибатида ўзаро номутаносиб маълумотлар шаклланиб, ёшларга оид аниқ ва тўғри статистика юритилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шунингдек, ҳудудларда рейтинг тизими асосида туман ва шаҳарлар орасидан ғолибларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш ишлари якунига етказилмаган.

Муҳокамада ёшларга оид давлат сиёсатига тааллуқли амалдаги учта рейтинг тизими мақсад ва вазифалари ўхшашлиги туфайли уларни ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда ягона онлайн баҳолаш тизимини жорий этиш зарурати мавжудлиги ҳам қайд этилди.

Шу билан бирга, рейтинг баҳолаш тизими ёшларнинг орзу умидларини рўёбга чиқаришга, улар учун кенг имкониятлар яратишга, чекка ва олис ҳудудда истиқомат қилаётган ёшлар муаммоларининг ҳал этилишини таҳлил қилишга хизмат қилиши, ушбу йўналишда сидқидилдан ва самарали фаолият олиб бораётган раҳбарлар рағбатлантирилиши ва уларнинг иш тажрибалари бутун республикага намуна қилиб кўрсатилиши, ўз касбига ва вазифасига масъулиятсизлик билан қараётган масъуллар фаолияти эса танқидий кўриб чиқилиши таъкидланди.

Муҳокамалар якунида юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этишга қаратилган Сенат қарори қабул қилинди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?