«Ёшлар билан ишлашда янги тажрибамиз бор»
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бугун қишлоқ хўжалигида ишчиларнинг аксарияти ёшлар. Дала иши оғир, аммо кўплари ўзи фермер сифатида иш бошлаётгани қувонарли. Жорий йилда фарғоналик ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 1062 та маҳаллада «хонадонбай» иш ташкил этилиб, хатлов ўтказилди. Натижада 1 миллион 6 минг нафардан ортиқ «ёшлар баланси» шакллантирилиб, ҳар бирининг ўзига хос муаммоси, қизиқиши ва иқтидоридан келиб чиқиб тизимли ишлар амалга оширилди. Айни пайтда вилоятда 7 минг 300 нафар ишсиз йигит-қизлар аниқланиб, ўтган қисқа вақтда уларнинг қарийб 2,5 минг нафари доимий иш ўрни билан таъминланди.
— Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 апрелдаги «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича ер олиш истагини билдирган 21 минг нафардан ортиқ талабгорлар рўйхати шакллантирилди, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Бобур Мўминов. — Шу асосда вилоят бўйича 5 минг гектарга яқин ер майдонлари ишсиз ёшларга ажратиб берилди.

Ижара асосида ер олган 18 минг нафар ишсиз ёшларнинг 6 минг 770 нафари ўзини ўзи банд қилиш орқали, 11 минг 230 нафар ёшлар юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «Деҳқон хўжалиги» сифатида рўйхатдан ўтказилиб, бандлиги таъминланишига эришилди.
— Ёшлар билан ишлашда янги тажрибамиз бор. Туманимиздаги ҳар бир маҳалла кесимида ўтказилган хатлов натижасида 28 минг нафардан кўпроқ йигит-қизлар турли тоифалар бўйича ажратилди, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Ёзёвон туман бўлими раҳбари Умиджон Деҳқонов. — Шу тариқа ер олиш истагида бўлган ишсиз ёшлар, «Темир», «Аёллар» дафтарига киритилган оилалар фарзандлари, «Ёшлар», «Меҳр» дафтарига киритилган, оиласи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишдан қайтганлар рўйхати шакллантириб олинди. Деҳқончилик қилиш истагини билдирган ёшларга туман бўйича 1 минг 282 нафар ёшларга 344,6 гектар ер майдони ажратиб берилди. Бугунги кунда бу ер майдонларида ёшларимиз «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида экин экиб, даромад олмоқда.

— Бизга ерни экишга тайёрлашдан тортиб, уруғ, техника, минерал ўғит ҳамда етиштирилган маҳсулотни сотишгача бўлган барча жараёнда ёрдам берилмоқда, — дейди ёзёвонлик Достонбек Раҳимов. — Бундай эътибор ва рағбатдан фойдаланиб, полиз маҳсулотларини етиштирдим. Ҳозирги кунда қовун ва тарвузни ички бозорга етказиб бермоқдамиз. Даромади чакки эмас.
Қўштепа туманининг «Гармдон» МФЙда яшовчи Расулжон Тоҳировнинг уч нафар ўғли бор. Аммо фарзандларининг муқим иш жойи, доимий даромад манбаи йўқ эди. Шу сабабли улар бир муддат хорижда ишлаб келди. Маҳалла ёшлар етакчиси Қосимжон Ёқубовнинг тавсияси асосида ушбу оиладаги ишсиз ёшлар учун бир гектардан ортиқ ер ажратилди.

Оила аъзолари эрта баҳордан 14 минг туп тарвуз кўчатларини парваришлаб, айни пайтда ҳосилни дала бўйидаги катта автомагистраль ёқасида ташкил этилган бозорчада сотишмоқда. Шу тариқа 50 тонна атрофида тарвуз узиб олишни мақсад қилишган.
— Фарзандларимга ўз маҳалламизда юқори даромадли иш топилганидан хурсандман, — дейди Расулжон ака. — Эндиликда фаолиятимиз кўламини кенгайтирдик. Маҳаллада хизмат кўрсатиш шохобчасини ташкил этиш ҳаракатидамиз.
Мазкур маҳалладаги 33 нафар ишсиз ёшлар аниқланиб, уларга турли йўналишларда имтиёзли кредитлар ажратилиб ер берилди. Ҳозирги кунда гармдонлик ёшлар тадбиркорлик, деҳқончилик, боғ яратиш юмушлари билан машғул.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 5 йилда 103 фоизга ошди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг