«Ёш тадбиркорлар» рақамли платформаси ишга туширилади

11:14 18 Февраль 2025 Ҳужжатлар
187 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги қарорига кўра, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш мақсадида «Ёшлар бизнеси» дастури жорий этилади. 2025–2027 йилларга мўлжалланган ушбу дастурнинг асосий мақсади ёшларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик соҳасида янги иш ўринларини яратиш ва уларга молиявий кўмак беришдан иборат. Дастур доирасида жами 350 минг нафар ёш қамраб олиниши режалаштирилган бўлиб, камида 100 минг янги иш ўрни ташкил этилиши белгиланган.

Дастур доирасида ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун комплекс хизматлар кўрсатилади. Уларнинг бизнес ғояларини амалий лойиҳага айлантириш, ишбилармонлик тажрибаларини шакллантириш ва бизнес юритиш учун зарур молиявий ресурсларни тақдим этиш чоралари кўрилади. Шу мақсадда, АТ «Алоқабанк» ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватловчи асосий банк сифатида белгиланди. Ёшларнинг стартап ва инвестиция лойиҳаларига имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши ҳам кўзда тутилган.

Ёш тадбиркорларни рағбатлантириш мақсадида «Бизнесга биринчи қадам» лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу лойиҳа асосида 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган, ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга 7 йилга имтиёзли давр билан 100 миллион сўмгача микроқарз ажратилади. Бундан ташқари, «Ёшлар учун иш ўринлари» лойиҳаси доирасида якка тартибдаги тадбиркорлар ва ёшлар ташкил этган кичик бизнес субъектларига 5 миллиард сўмгача маблағ берилади, бироқ улар камида 20 та янги иш ўрни яратишлари шарт.

Инновацион ғояларга эга ёшлар учун «Инновацион ёшлар» лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу лойиҳа доирасида венчур жамғармалари орқали молиявий кўмак берилади. Шунингдек, 2025 йил 1 апрелга қадар «Ёш тадбиркорлар» рақамли платформаси ишга туширилади. Ушбу платформа орқали ёш тадбиркорлар ўз бизнесларини бошлаш ва ривожлантириш учун зарур бўлган барча маълумотларга эга бўлишлари, имтиёзли кредитларга мурожаат қилишлари ва халқаро бозорларга чиқиш имкониятига эга бўладилар.

Бундан ташқари, ҳар ойда бир ҳудудда «Инвестор кунлари» ташкил этилиб, ёшлар ўз бизнес лойиҳаларини халқаро инвесторлар олдида тақдим этишлари мумкин бўлади. 2025 йил охирига қадар 200 та стартап акселерация ва инкубация дастурларини муваффақиятли якунлаши режалаштирилган. Шунингдек, ҳар бир вилоятда «Ёшлар бизнес-инкубатори» марказлари ташкил қилиниб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ёшлар учун офислар, бухгалтерия хизматлари, маркетинг, экспорт бозорларига чиқиш ва бошқа бизнес хизматлари тақдим этилади.

Ушбу дастур орқали ёшларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллигини ошириш, инновацион ғояларни ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётига ижобий ҳисса қўшиш режалаштирилган. Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш орқали нафақат бандлик масалаларига ечим топилади, балки янги ва истиқболли бизнес тармоқлари ҳам ривожланишига йўл очилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?