Ёш аскарлар Ватанга қасамёд қилишди

13:49 21 Апрель 2025 Жамият
154 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё вилоятидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда ўз йигитлик бурчини ўташга киришган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг Ватанга қасамёди муносабати билан тантанали тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий авиация институтида бўлиб ўтган тантанали маросимда ҳарбий хизматчилар, аскар йигитларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар йигитлик онтини ичаётган аскарларни ҳаётидаги унутилмас лаҳзалар билан қутлашди.

— Ватанга қасамёд юртимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни адо этишга бел боғлаган ҳар бир йигит учун жуда катта масъулият, шу билан бирга юксак ғурур ва ифтихор манбаидир, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари, сенатор Комила Каромова. — Бугун Ватанга қасамёд қилаётган йигитларнинг юз-кўзларида акс этган фахр ва ғурурни кўриб, ёшларимиз учун армияда хизмат қилиш том маънодаги шон-шараф ишига айланиб бораётганини яна бир бора ҳис этдик.

Худди шундай тадбир Қарши шаҳридаги «Ватанпарварлар боғи»да ҳам бўлиб ўтди. Унда Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округининг Қашқадарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларига чақирилган, шу кунга қадар бошланғич ҳарбий ҳамда умумқўшин тайёргарлик машғулотларида армия ҳақида муайян тасаввурга эга бўлиб, зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этган аскар ўғлонлар Ватанга қасамёд қилишди.

— Ўғлим Сарваржон ёшлигидан ҳарбий бўлишни орзу қилар эди, — дейди Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи Матлуба Сафарова. — Бугун эгнида ҳарбий либос билан Ватанига қасамёд қилганини кўриб, жуда фахрландим. У муддатли ҳарбий хизматдан сўнг ҳам Қуролли Кучларимиз сафида қолиб, хизматни давом эттирмоқчи.

Тадбирнинг бадиий қисмидаги кўргазмали чиқишлар, ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар барчанинг кайфиятини янада кўтарди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?