«Яширин бизнес» қурбонига айланган аёл ўн йил озодликдан маҳрум қилинди

17:47 02 Август 2024 Жамият
231 0

Фото: Иллюстратив фото

Баъзи одамлар жиноятчиларга ёки жиноий жавобгарликка тортилганларга ачинмайди. Ҳеч қачон оқланишини хоҳламайди. Ҳатто у аёл бўлса ҳам. Агар шу жиноятчи яъни, қотил сизнинг ёнингизда яшаса, нима қиласиз? Қуйидаги воқеани пуфлаб шишириб қимматли вақтингизни ўғирламоқчи эмасмиз, вазиятга борича кўзгу тутмоқчимиз. Хулоса ўзингиздан.

Нима нотўғри? Қаерда?

Зубайда (исми ўзгартирилди) ўттиз ёшда, чиройли, муқаддам судланган. У аввал судлов ҳайъатидан апелляция шикоятида ҳимоячиси билан бирга оилавий шароити оғирлиги, қарамоғида вояга етмаган уч нафар фарзанди борлиги, айбига иқрорлигини тан олиб, қонун доирасида енгиллик беришини сўраган. Ҳа, у аёл – оналиги инобатга олиниб, енгилроқ жазо тайинланган. Ота-оналар фарзандини ҳеч қачон ёмон ишлар учун дунёга келтирмайди. Зубайда ҳам қамоққа тушаман, деб ўйламаган. Ачинарлиси, ҳалиям ўзини бегуноҳ деб билади. Гиёҳвандликдан қутулишнинг иложи йўқ, сўнгги йўли – ўлим, уни тарқатганлар умрбод озодликдан маҳрум этилса ҳам бегуноҳ жабрдийдаларни ҳаётга қайтара олмаслиги ачинарли. Шунинг учун ҳам гиёҳвандлик қотилликка тенг. Гиёҳвандлик моддасини сотганлиги учун қора курсига ўтириб чиққан аёлни нега маҳалла, оиласи ёки дўстлари эмас, айнан, яна «наркобарон»лар излаб топди. Эҳ, агар шу аёлга бирор қонуний иш таклиф этилганда эди. Ёки ўзиям иш ахтариб бирор ташкилот эшигини қоққанида… Ҳозир темир панжара ортида озодлик нафасини соғиниб ўтирмаган бўларди.

Зубайда телефон орқали «иш берувчи» билан икки оғиз гаплашди:

Менга яхши иш керак?

– Яхши «иш» бор. Маоши катта. Керак пайтда ўзимиз топиб оламиз.

Улар ишга таклиф қилишди, аммо нима иш эканини ўзига ҳам айтишмади. Вақти келганда қўлига «Good day» номли сумкани бериб, узоқдан кузатиб турди.

Болалариям кўзига кўринмади

Олтиариқ тумани Тинчлик кўчасида жойлашган кийим-кечак бозоридан гиёҳвандлик моддаларини олиб кетаётган Зубайдани сал нарироқда нотаниш йигитлар кутиб турди. Улардан олдин дарҳол милиция томонидан қўлга олинди. Уни кузатиб турганлар ғойиб бўлди. Сумкада 5 дона полиэтилен ўрамда гиёҳвандлик моддаси бор эди. Судга оид кимёвий экспертизанинг 2023 йил 14 июнь кунги хулосасига кўра, сумкадан олинган тўқ жигар рангли, ўткир ҳидли модда таркибида фаол гиёҳванд модда, тетрогидроканнабинол мавжуд бўлиб, унинг соф оғирлиги 4.981 граммни ташкил этиши аниқланди. Энди танангизда бир ўйлаб кўринг, шу гиёҳванд модданинг бир дозаси қанча одамнинг ёстиғини қуритади? Отаси гиёҳванд болаларнинг оиласида кунда жанжал-тўполон кўтарилганини кўрганмисиз? Она учун ногирон фарзандни дунёга келтириш қанчалик дард-алам. Ногиронлиги учун дунё юзини кўрмай ўтиб кетаётган гўдакларчи? Бу онанинг бутун умр хотирасидан чиқадими? Уларнинг айби борми? Албатта, йўқ.

Тўғри, ҳамма она бўлиши мумкин, лекин ундан оналик мавқейи баланд. Зубайда она эмас – мавжудот. Аламлиси, ўша куни ширинлик олиб бераман деб 5 ёшли ўғлини алдаб уйдан олиб чиққани ва онасини нега ҳибсга олганидан бехабар боланинг ноласидан юраклар тилка бўлади.

«Ҳали дийдорингизга тўймовдим…»

Зубайданинг иши Олтиариқ туман судида кўриб чиқилди. Суд мажлисида турмуш ўртоғи ва фарзандлари қатнашди. Унга илгари жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми «а» бандида ўта оғир жиноятлари учун икки марта ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У томонидан яна қасддан ўта оғир жиноят содир этилгани учун жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилди. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан 10 (ўн) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинди. Энди уни уйда ҳеч ким кутмайди. Суд ҳукми ўқилаётганда Зубайданинг ўзи ҳам йиғлаб юборди. У бундай бўлишини кутмаган, албатта. Турмуш ўртоғи ҳам хотинини бунчалик қаттиқ жазоланишига ишонмаётгандек эди. У судья ва одамлар хонадан чиқиб кетаётганда ишонди. Болалари йиғлаб қолди. Онаси уларнинг кўзига тик қаролмади. Айбланувчининг адвокати ҳам чорасиз орқа эшикдан чиқиб кетди. Зубайда ҳаётини ёлғондан бошлаганди. Мана, яна бир марта алдов қурбони бўлди, ғафлат қурбони бўлди, нафс қурбони бўлди. Мухтасар сўз ўрнида нима ҳам дердик, ҳар ким ўз қилган ишига жавоб беради. Ҳам қонун, ҳам виждон, ҳам Яратган олдида. Одамлар, кўзингизни очинг, ҳушёр бўлинг!

Адиба УМИРОВА, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?