«Яшил макон» лойиҳаси ижроси таҳлил қилинди

11:17 27 Декабрь 2025 Сиёсат
268 0

Қашқадарё вилоятида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахтлар экиш ва парваришлаш, «яшил белбоғлар»ни барпо этиш бўйича олиб борилган ўрганишлар натижалари Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлисида муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, вилоятда лойиҳа доирасида 11,2 млн туп кўчат ва буталар экилган ҳамда уларнинг кўкарувчанлиги ўртача 85 фоизни ташкил этади. «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида 54 та яшил боғ ҳамда яшил жамоат парки яратилган.

Экилган кўчатлар тўғрисидаги маълумотлар ўз вақтида «yashilmakon.eco» электрон платформасига киритиб борилган.

Табиий омиллар, касаллик ва зараркунандалар таъсирида зарарланган дарахт, буталарнинг мониторинги ўтказилиб, ҳудудлар кесимида зарарланган майдонлар харитаси тузилган ва 824 гектар майдонда фитосанитар назорат тадбирлари олиб борилган.

Кўчатларни агротехник талабларга мос равишда экиш, уларни парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирларини тўғри ташкил этишга бағишланган 60 га яқин амалий семинарлар ўтказилган.

Ҳудудларга тупроқ-иқлим шароитига мос кўчатлар тизимли етказиб берилишини таъминлаш мақсадида 70 га яқин савдо ярмаркалари ташкил қилинган. Экология жамғармаси ҳисобидан ижтимоий муассасаларга 36 минг туп кўчат беғараз етказиб берилган.

Амалга оширилган ишлар билан бирга айрим муаммолар ҳам мавжуд.

Жумладан, айрим ҳудудларда экилган кўчатларни суғориш тизими ҳамда идоралар ва тармоқларда дарахт экиш тадбирлари тўлиқ якунланмаган

Хусусан, Қарши, Шаҳрисабз, Касби, Косон, Қамаши, Миришкор туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида идора ва корхоналар томонидан кўчат экиш ишлари ортда қолган.

Деҳқонобод, Китоб, Касби, Миришкор, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари ва Қарши, Шаҳрисабз шаҳарларида «яшил боғлар» ҳамда «яшил жамоат парклари» барпо этиш ишлари якунига етказилмаган.

Шунингдек, Нишон ва Ғузор туманларидаги атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият тури билан шуғулланувчи саноат корхоналарининг туташ ҳудудларида кўчат экиш ишларини етарли даражада ташкил этмаган.

Муҳокама давомида камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Хусусан, экилган кўчатлар ҳақидаги маълумотларнинг «yashilmakon.eco» электрон платформасига ўз вақтида ва ҳаққоний киритилишини таъминлаш, ҳар бир ҳудуднинг иқлими, тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда дарахт тури ва экиш жойларини белгилаш лозимлиги таъкидланди.

Йирик саноат корхоналари атрофи ва уларга туташ ҳудудларда ҳамда чиқинди полигонлари атрофларида «яшил белбоғлар» барпо этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши юзасидан қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини давом эттириш, ҳудудий экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг бу борада амалга оширган ишлар тўғрисидаги ахборотини Кенгаш сессияларида эшитиб бориш тавсия этилди.

Йиғилиш якунида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахтлар экиш ва парвариш қилиш, кўчатхоналар ташкил этиш, «яшил боғлар» барпо этиш бўйича ҳамда соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган Қўшма қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер