“Яшаш янада мароқли бўлиб қолди”

12:30 16 Декабрь 2025 Жамият
211 0

Шу кунларда Шофиркон туманидаги “Тезгузар” маҳалласида бўлган кишининг ёдига беихтиёр машҳур кинофильмдаги “Яшаш яхши, яхши яшаш ундан ҳам яхши”, деган сўзлар тушади. Мана, биргина ичимлик сув таъминотини олиб қаранг. Академик Иброҳим Мўминов туғилиб ўсган бу гўша тарихида илк бор аҳолини марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш чора – тадбирлари кўриляпти. 15 километр узунликда сув қувурлари тортилмоқда.

-Ҳудудимиздаги еттита қишлоқда 5300 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда,- дейди маҳалла раиси Сайфулла Ҳасанов. – Тоза ичимлик суви таъминоти биз учун муаммо эди. Машина – ю тракторларда келтирилаётган ташима сувни сотиб олиб, рўзғорга ишлатардик. Ниҳоят, яхши яшаш орзусида бўлган, шукроналик билан умргузаронлик қилаётган маҳалладошларимизнинг ниятлари рўёбга чиқмоқда. Қишлоқларимиз қиёфаси, одамларимиз турмуш тарзи чинакамига яхши томонга ўзгара бошлади. Бунёдкорлик, ободончилик ишлари фуқароларимиз кайфиятига кайфият қўшяпти.

Гап шундаки, туманда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 18 сентябридаги тегишли қарори асосида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан бажарилаётган бу юмушларнинг умумий қиймати 27, 8 миллиард сўмни ташкил этяпти.

-Шу лойиҳаларнинг 8 таси маҳалламизда амалга оширилмоқда ,- дейди Сабзикор қишлоғида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Раҳматулла Аминов.- Яқинда қишлоғимиз тўлиқ водопроводлаштирилди. Бир педагог сифатида Сабзикорда кутубхона ҳам очилгани мени бениҳоя хурсанд қилди.

Айни кунларда ҳудуддаги 6 –сонли умумтаълим мактаби биносини таъмирлаш, кўчалардаги симёғочларни алмаштириш, пиёдалар йўлаги барпо этиш юмушлари бажариляпти. 35 та кузатув камераси, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Оилавий шифокорлик пункти биносини мукаммал таъмирлаш, мактабгача таълим муассасаси учун қўшимча бино қуриш, 9,3 километр узунликдаги ички йўлларни асфальтлаштириш чора – тадбирлари кўрилмоқда. Сабзикорда 250 кВА қувватга эга янги трансформатор ўрнатилгани, маҳалладан оқиб ўтувчи канал ўзанини бетонлаштириш саъй – ҳаракати қилинаётгани ҳам айни муддао.

-Ёшим етмишдан ошмоқда,- дейди маҳалла фаолларидан бири Давлат Аҳмедов.-Шу пайтга қадар ҳудудимизда бу қадар кенг кўламли ободончилик, бунёдкорлик ишларининг амалга оширилганини эслай олмайман. Бу ўзгаришлар ҳар бир оиланинг ҳаётига мазмун бағишлаяпти. Ҳаётнинг аччиқ – чучугини тотган бир киши сифатида “Энди яшаш янада мароқли бўлиб қолди”, дея баралла айта оламан.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?