Ярми гулзор, ярми узумзор
Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида ер билан тиллашиб, маҳалладошлари оиласига барака киритаётган меҳнаткаш аёллар кўп. Тумандаги “Раъно Камаловна” фермер хўжалиги раҳбари Раъно Юлдашева ана шундай миришкорлардан. Фермер хўжалиги аъзолари жами 15 гектарга яқин майдонда деҳқончилик қилади. Шундан 5 гектарида узумнинг бир нечта нави етиштирилади. Ёзда узумнинг маҳаллий эртапишар навларидан чарос, ҳусайни етиштирилса, кузда тойфи пишиб етилади.

– Оролбўйи шароитига мос узум навларининг яхши томони узилгандан кейин ҳам таъми ўзи билан сақланади. Шундан харидори кўп, – дейди Раъно Юлдашева. – Кузда об-ҳаво салқинлашганида тойфи узумининг мазасига янада шира киради. Узумчилик сердаромад йўналиш, машаққати ҳам шунга яраша. Қорақалпоғистонда қиш совуқ келгани боис кузда тупроқ остига кўмиш, баҳорда қайта очиш ишлари катта меҳнатни талаб қилади. Токларни пайвандлаш, агротехник тадбирлар пайтида тажрибам етмаган пайтлари ҳам бўлган. Чунки хўжаликни турмуш ўртоғим бошқарарди. Кутилмаган хасталик туфайли дунёдан ўтганда, у кишининг кечани кеча, кундузни кундуз демай қилган меҳнатларини кўз олдимга келтириб: “... Наҳот, боғни сақлаб қолиш қўлимдан келмайди?” – дея ҳаракатга тушдим. Оила аъзоларим ҳам ёнимда туришди. Айни пайтда токзоримизнинг 3 гектари мевага кирган. Икки гектарига субсидия асосида 33 миллион сўм кредит эвазига Фарғонадан келтирилган янги навлардан экиб парваришлаяпмиз. Ҳаракатда – баракат. Йилига 10 тонна узумни бозорга чиқаряпмиз. Меҳнатимиз ортидан келин олиб, қиз узатдим. Уй таъмиридан тортиб, машина харидигача ризқимиз мўъжазгина шу боғимиз ортидан. Тонг отди дегунча токзорларни оралайман, меваларни кўриб баҳри дилим очилади. Давлатимиз томонидан тадбиркорларга, фермерларга яратиб берилаётган шароит ва имкониятлардан фойдаланиб боғимизни кенгайтирмоқдамиз. Келгуси йил олма, нок ва янги узум навлари ҳам ҳосилга киради. Мақсадим бозорларимизни арзон, сархил мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш ва экспортга чиқаришдир.

Мазкур фермер хўжалиги ҳосилнинг асосий қисмини Қозоғистонга экспорт қилмоқда. Дастлабки экспортга чиқарилган 4 тонна узум манзилга етиб борди. Ўн икки нафар мавсумий ишчилар ҳосилни териб, қадоқлашда ёрдам бермоқда. Қўшни давлатларда ҳам Қорақалпоғистонда етиштирилган мевалар харидоргир. Ўз вақтида агротехник тадбирларни амалга ошириш, қилинган меҳнат узумнинг яхши ҳосил беришига сабаб бўлади.

Раъно опанинг шижоатидан илҳомланган Мунаввар Рўзиева ҳам кўп йиллардан бери гулчилик билан шуғулланади.
– Шу хонадонга келин бўлиб тушганимга 15 йил бўлди, – дейди Мунаввар опа. – Аввалдан бу хонадон кўчатчилик, гулчилик билан шуғулланган. Бошида гулчиликни, иссиқхона ишларини билмасдим. Қайнонам бошчилигида уч нафар овсинимнинг кун бўйи ҳовли этагидаги иссиқхонада гул парвариши билан шуғулланишлари, кечқурун дастурхон атрофида бажарилган ишларнинг муҳокама қилишлари гулчиликка қизиқиш уйғотди. Гуллар жонли табиб. Уларга қарасанг, кўнглинг ёзилади. Ҳеч бир кун йўқки, хонадонимизга харидорлар ташриф буюрмаган бўлса. Ҳали у гулни, ҳали бу гулни сўраб келишади. Асосан, бахт гули, геран, фикус, пальма, кактус сингари гулларнинг бозори чаққон. Ҳар бир харидорнинг ташрифи хонадонимиз учун барака. Мавсумда маҳалламизда ишсиз ўтирган аёлларни ҳам жалб қиламиз.

Тадбирлининг иши беш, дея бежиз айтилмаган. Ушбу туманнинг Шаббоз овул фуқаролар йиғинидаги Раъно Юлдашева бошчилигида етиштирилаётган маҳсулотлар бугун қўшни республикаларда ҳам сотилиб, юртимиздаги экспорт салоҳиятини кўтармоқда. Бўстон маҳалласидаги Мунаввар Рўзиева нафақат томорқасини, балки маҳалласини ҳам гуллар бўстонига айлантирмоқда. Бу ишни қўшниларига ҳам ўргатиб “Бўстон”ни гулчилар маҳалласига айлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Ғ.Отажонов
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг