Япониялик ҳамкорлар билан 81,5 миллион долларга тенг инвестиция шартномалари имзоланди

18:07 13 Декабрь 2022 Жамият
619 0

Фото: Халқ сўзи

Аввал хабар қилинганидек, шу йилнинг 5-11 декабрь кунлари Фарғона вилояти делегацияси амалий ташриф билан Японияда бўлди.

Ташриф доирасида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация томонидан япониялик ҳамкорлар билан умумий қиймати 81,5 миллион доллар бўлган 5 та инвестиция шартномаси имзоланди.

Шунингдек, икки томонлама дўстона мулоқотлар давомида Осака шаҳрида Япония-Фарғона бизнес-форуми ўтказилди. Осака савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган форумда турли тармоқларда фаолият кўрсатувчи 40 нафардан зиёд япон тадбиркорлари, Осака бизнесни ривожлантириш агентлиги раҳбарияти, Фарғона вилоятидан борган ва Японияда фаолият юритаётган ишбилармон ҳамюртларимиз қатнашди.

— Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган расмий ташрифи икки мамлакат ўртасида ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаб, барча соҳада манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда, - деди тадбирда сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. — Шу маънода Фарғона вилояти Япония инвесторлари ҳамда компаниялари учун истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда алоҳида аҳамиятга эга бўлиб бораётгани қувонарлидир. Бизнес-форумда эришиладиган келишувлар ушбу ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Форумда Фарғона вилоятининг инвестициявий, савдо-иқтисодий салоҳияти бўйича тақдимот ўтказилди. Тақдимот давомида вилоятнинг сўнгги йиллардаги инвестицион ва экспорт кўрсаткичлари, саноат ва қишлоқ хўжалиги, туризм соҳаларида эришилаётган натижалар, Япония компаниялари билан амалга ошириш учун истиқболли ҳисобланган лойиҳалар ва йўналишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Ўзаро ишонч руҳида ўтган форумда Осака савдо-саноат палатаси ҳамда Осака бизнесни ривожлантириш агентлиги раҳбарлари ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга тайёр эканликларини таъкидлаб ўтдилар.

— Юртингизда текстиль соҳасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганман, - дейди Япониянинг “Masui” компанияси раҳбари Чинори Токиa. — Ўзбекистон пахтасига бойкотнинг бекор қилиниши Япония бозорида ўзбек текстиль маҳсулотларига бўлган қизиқишни янада оширди. Бундай бизнес-форумлар ўзаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга имкон беради.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?