Янги пахта нави ҳосилдорликни икки баробарга оширади

14:28 29 Март 2024 Иқтисодиёт
356 0

Андижон вилоятида глобал иқлим ўзгариши жараёнида қишлоқ хўжалигида тежамкор ва ҳосилдор навларни мамлакатимиз шароитига мослаш орқали ҳосилдорликни икки баробарга ошириш бўйича тажриба ишлари бошлаб юборилди.

— Бунда хитойлик агрономлар билан ҳамкорлигимиз ижобий натижа беришидан умидвормиз, — дейди пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Андижон филиали директори Илҳомжон Абдураҳмонов. — Сабаби Хитойдан келтирилган уруғ орқали ҳар гектардан 70 центнергача ҳосил олиш мумкин. Ваҳоланки, республикамизда бу кўрсаткич 30-35 центнерни ташкил этмоқда.

Бу йил Андижон вилоятида 71 минг 331 гектар майдонга чигит қадаш кўзда тутилган. Шундан 7 минг 100 гектарига Хитой давлатидан олиб келинган икки турдаги чигит экилади. Унинг афзаллик жиҳатлари шундаки, аввало, қўл меҳнатига бўлган талабни камайтириб, янги нав орқали сувни тежаш имконияти яратилади. Энг муҳими шундаки, анъанавий усулда пахта етиштириш жараёнида ҳар гектар майдонга 25-30 млн. сўм маблағ сарфланиб, соф даромад атиги 2-2,5 млн. сўмни ташкил этаётган бир пайтда янги тажриба орқали даромадни кескин ошириш мумкин.

Ҳозирда вилоятдаги 316 та фермер хўжалигида хитой технологиясини амалиётга татбиқ этиш ишлари бошлаб юборилди.

Саминжон ҲУСАНОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?