«Янги Ўзбекистон» массивлари — орзуларга қанот

11:24 05 Февраль 2025 Жамият
149 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 23 январь куни ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар, галдаги вазифалар уй-жой қурилиши ва ипотека бўйича Ўзбекистоннинг миллий тизими вужудга келаётганидан далолат беради.

Уй-жой қурилиши ва ипотека бўйича миллий тизим мамлакатда уй-жой бозорини ривожлантиришга қаратилган муҳим стратегик йўналиш ҳисобланади. Бу тизимнинг аҳамияти, аввало, мамлакат иқтисодиётида муҳим роль ўйнайди. Тураржой қурилиши кўплаб соҳаларни ривожлантиришга ҳисса қўшади, шу жумладан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, инжиниринг, транспорт ва бошқалар. Ипотека кредити эса аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондиришга имкон беради ва бу ҳам ўз навбатида иқтисодий ўсишга ҳисса қўшади.

Қолаверса, уй-жой бозорини ривожлантириш аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга, уларнинг яшаш жойига бўлган талабини қондиришга ёрдам беради. Бу, ўз навбатида, жамиятда барқарорлик ва ижтимоий тараққиётни таъминлашга ҳисса қўшади. Пировардида, аҳолининг давлат сиёсатига бўлган ишончини оширишга, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга ва жамиятда барқарорликни таъминлашга ёрдам беради.

Бундан етти йил олдин мамлакатимизда ипотека тизими тубдан ислоҳ қилинди. Натижада соҳага сифат ва рақобат кириб келди, ҳудудларда замонавий архитектура ечимларига эга лойиҳалар пайдо бўлди. Оддий халқ вакиллари ҳам ҳеч қандай сунъий тўсиқларсиз, ҳатто бир қанча имтиёзлар асосида ипотека кредитларини олиш имкониятлари яратилди.

Шу орқали ипотека дастурлари доирасида йилдан йилга уй-жойлар қуриш ҳажми ортиб бормоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида 100 мингдан зиёд хонадонга эга 2 минг 44 та кўп қаватли уй барпо этилди. Жон бошига уй-жой ҳажми 19 квадрат метрдан ошди. Ваҳоланки, 2020 йилда бу кўрсаткич 16 квадрат метр бўлган.

Умуман, 2024 йили юртимизда 21,4 миллион квадрат метр тураржой ва 19,1 миллион квадрат метр нотурар объектлар, жами 40,5 миллион квадрат метр бино-иншоот қурилди.

Ўтган йилда қурилган 100 минг хонадон ҳисобига пудратчилар, бошқарув ва сервис, қурилиш материаллари, транспорт каби соҳаларда 350 минг одам ишли бўлди. Мебель, электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари соҳаларида қўшимча 11 триллион сўмлик бозор пайдо бўлди.

Қурилишни рағбатлантириш учун 2024 йилда 17 триллион сўм ипотека кредити ажратилди, қурувчи ва девелоперларга айланма учун жами 3 триллион сўм маблағ берилди.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишлар кўламини биргина Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўтган йилда тижорат банклари кўп қаватли уй-жойлардан квартиралар сотиб олишлари учун 3 минг 488 нафар фуқарога 970 миллиард сўм бўлган ипотека кредитлари ажратди.

Шунингдек, 1 минг 441 нафар фуқарога уй-жойларни сотиб олиш учун 43,2 миллиард сўм субсидия — бошланғич бадал маблағлари тўлаб берилди. Бундан ташқари, ҳарбий секторда фаолият юритаётган ходимларни қўллаб қувватлаш мақсадида 70 нафар ходимга 7,5 миллиард сўмлик ипотека кредитининг бошланғич бадаллари ажратилди.

— Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида уй-жой қурилишига фақат ижтимоий ёки қурилиш масаласи деб эмас, балки ҳудудни иқтисодий ривожланишида асосий «драйвер» сифатида қараш зарурлигини таъкидлади, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Алишер Амиров. — «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилиши борасида вазифалар белгилаб берилди. Жорий йилда вилоятимизда 9 минг 200 та хонадонли 170 та кўп қаватли уй-жой қурилиши режалаштирилган. Фуқароларга уй-жой харид қилиш учун ажратилаётган субсидия маблағлари ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада кўп. Хусусан, 212 миллиард сўм бўлган субсидия лимитлари ҳисобидан 2 минг 345 та оилани уй-жой билан таъминлашни мақсад қилганмиз. Шу йилда «Янги Ўзбекистон» массивларида 2 минг 436 та хонадонли 60 та, бошқа массивларида 6 минг 764 та хонадонли 110 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади. Жумладан, Термиз шаҳрида 3 минг 500 та хонадонли 55 та, Денов туманида 1 минг 700 та хонадонли 25 та, Қумқўрғондаги «Боғаро» маҳалласида 850 хонадонли 15 та янги тураржой массивлари барпо этилади.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Сариосиё, Жарқўрғон ва Ангор туманларида барпо этилаётган «Янги Ўзбекистон» массивларида фойдаланишга топширилган замонавий уй-жойларда аҳоли ҳаётидан рози бўлиб, тўкин, осуда турмуш кечирмоқда. Шунингдек, мазкур массивларда тураржой бинолари ва бошқа инфратузилма иншоотлари қурилиши қизғин давом этаётир.

Шу кунларда Термиз туманининг «Янгиобод» маҳалласида қад ростлаётган «Янги Ўзбекистон» массиви катта йўл бўйида тамомила янги лойиҳа асосида қурилаётгани яқин келажакда Сурхондарёнинг ташриф қоғозига айланишига шубҳа йўқ. Ҳудудда «Янги Ўзбекистон» боғини ўз ичига олаётган муҳташам массив учун 55,5 гектар ер майдони ажратилган. Унинг 28,5 гектарида «Янги Ўзбекистон» массиви, 27 гектарида «Янги Ўзбекистон» боғи барпо этилмоқда. «Янги Ўзбекистон» массивида 6 минг 280 хонадонга мўлжалланган 74 та кўп қаватли уй барпо этиляпти. 2 минг 640 ўринли иккита мактаб, 420 ўринли иккита боғча, 200 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника, маҳалла маркази бунёд этилмоқда. Унинг дастлабки босқичида 1 минг 980 хонадонли 18 та кўп қаватли уйни қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Эътиборлиси, қад ростлаётган осмонўпар бино ва иншоотлар замонавий архитектура намуналарини ўз ичига олмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?