Янги Ўзбекистон — бахтиёр миллатлар диёри

17:40 02 Август 2025 Жамият
355 0

30 июль — Халқлар дўстлиги куни мамлакатимизда кўтаринки руҳда кенг нишонланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга байрам табриги айём шукуҳини янада оширди. Бу бежиз эмас, албатта. Халқи ўзаро дўст, аҳил-иноқ мамлакатнинг тонглари тинч-осуда отади. Осойишта мамлакатга эса байрамлар ярашади.

Дарҳақиқат, тўй-маъракасига қариндошидан аввал девордармиён қўшнисини чақирадиган, уйида борини у билан баҳам кўрадиган халқмиз. Қўшнимиз қайси миллатга мансуб бўлишидан қатъи назар, биз учун ён қўшни, маҳалладош бўлгани учун қадрли. Бу халқимизнинг қадимий қадриятларидан.

Президентимизнинг табригида таъкидланганидек, юртимиз заминида қадимги даврлардан буён давом этиб келаётган этник хилмахиллик ноёб ижтимоий ҳодиса бўлиб, бугун — Янги Ўзбекистон шароитида янгича маъно-мазмун ва анъаналарга эга бўлиб бораётгани диққатга сазовордир. Барчамиз учун азиз ва мўътабар бўлган Ватанимиз айнан шу асосда инсон қадри ва бахти улуғланадиган том маънодаги тинчлик, дўстлик ва меҳр-оқибат диёрига айланиб бормоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларининг янада эмин-эркин яшашлари учун кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

Тотувлик — умуминсоний қадрият

Миллатлараро тотувлик ғояси бутун жаҳон халқлари учун умуминсоний қадрият ҳисобланади. У тинч­лик ва фаровонликнинг кафолати, миллатлараро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг маънавий асосидир. Мазкур ғоя ҳар бир миллат вакили орзу-умидлари, иқтидори ва истеъдодининг тўлиқ рўёбга чиқиши учун замин ҳозирлайди ҳамда уни Ватан истиқболи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби умуминсоний мақсадлар сари етаклайди.

Мустамлакачилик 150 йил давом этган Ўзбекистонга кучли ассимиляция қилинувчи ижтимоий макон сифатида қаралган. Шу боис ҳам Ўзбекистон ҳудудини кўп миллатли маконга айлантириш бўйича тарихий жараёнлар амалга оширилди. Маълумотларга қараганда, 1885 йилда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида 18 га яқин миллатлар истиқомат қилган бўлиб, уларнинг 11 тасини маҳаллий халқлар вакиллари, 7 тасини кўчириб олиб келинганлар ташкил этган. 1926 йилга келиб эса маҳаллий мансубдаги миллатлар 11 та қолган ҳолда кўчириб келтирилганлар 80 хил бўлган. 1959 йилда уларнинг сони 113 тага, 1979 йилда 123 тага, 1989 йилда эса 130 тага етган эди.

Жорий йилнинг 28 июль ҳолатига кўра, доимий аҳолиси сони 37 910 136 нафар кишини ташкил этаётган юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил ва иноқ, бир-бирларига елкадош бўлиб яшаб келмоқда. Уларнинг ҳар бирини ассимиляция бўлишдан сақлаш сиёсати юргизилмоқда.

Ҳамжиҳатликнинг ҳуқуқий мақоми

Асрлардан-асрларга ўтиб келган миллатлараро тотувлик анъаналари бардавомлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқий асос яратилди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида «Мультикултурализм» баҳслари авж олганда, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир миллатнинг урф-одатлари, тили, дини, миллий қадриятларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Халқимизнинг бағрикенглиги туфайли кўплаб миллат вакилларига бошпана берилди. Корейслар, немислар, арманлар, грузинлар, месхети турклар, поляклар, юнонлар, қрим-татарлар ўзбек элида қўним топди. Уларнинг зурриётлари шу заминда туғилди, шу ерда таълим-тарбия олиб, вояга етди.

Бугунги кунда нафақат ўзбек миллати, балки бошқа миллат ва элатларнинг таниқли сиймоларига бағишлаб кўчалар, истироҳат боғлари, турли муассасаларга номлар берилди, монументлар ўрнатилди.

Президентимизнинг 2025 йил 19 мартдаги «Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ташкил этилди. Мазкур қўмита жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашга ҳисса қўшиб келмоқда.

Пойтахтимизда миллатлар ва элатларни ҳамжиҳатликка чорловчи «Дўстлик боғи» барпо этилган. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 157 та миллий маданий марказ, 42 та дўстлик жамияти ва хориждаги 100 дан ортиқ ватандошлар жамоат бирлашмалари давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда юртимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳити, миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлигини мустаҳкамлаш, чет эллар билан маданий-маърифий алоқалар, халқ дипломатиясини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кўплаб ижобий натижаларга эришмоқда.

Ўзбекистонда ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тили, маданияти, урф-одатларини сақлаб қолиш, ўрганиш ва ривожлантиришига шарт-шароит ҳозирланган. Масалан, корейслар ўз тарихи, тили, маданияти, дини, урф-одатлари, қадриятларини ўрганиб, миллий маросим ва байрамларини эмин-эркин нишонлаб келади. Ўзбек халқининг азалий миллий таомлари: ош, қозон кабоб, норин, ҳалим, сумалак, сомса деярли барча корейс хонадонида тайёрланади ва севиб истеъмол қилинади. Корейсларнинг «чимчи» ва бошқа салатларини ўзбекларнинг дастурхонида кўриш мумкин. Шунингдек, юртимизда корейс филологияси 12 та олий таълим муассасаси, 48 та мактаб ва лицейда ўқитилмоқда. Ҳар иккала халқ вакиллари корейс фильмлари ёки ўзбек фильмларини томоша қилишади, ўзбек ва корейс тилидаги қўшиқлар севиб куйланади, эшитилади.

Умумхалқ референдумида қабул қилинган Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган қоида ва меъёрлар асосида нодавлат ташкилотларнинг ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш орқали фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бажарилаётган ишларнинг мантиқий давомидир.

Орзиқиб кутилган фуқаролик бахти

Эсласак, агар бундан саккиз йил аввал Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган кўп одамлар оддий масалаларини ҳам ҳал этолмай сарсону саргардон юрарди — уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари йўқ эди. Мана шундай нотенгликка барҳам берилди. Ўзбекистонда кўп йиллардан буён яшаб, меҳнат қилиб келаётган бошқа миллат вакилларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортларини топшириш тизими фаолияти ҳам диққатга сазовор.

Масалан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 22 апрелда имзолаган Фармонига асосан 70 нафар корейс миллатига мансуб юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги паспорти топширилди. Ва албатта, ўтган йилларда бу рақамлар сони бир неча юздан ортди. Бу эса кўп йиллар юртда астойдил меҳнат қилиб, Ўзбекистонимизни Ватан деб қадрлаганлар, ўз зурриётини улғайтириб келаётган инсонларга янада кўтаринки руҳ ва кайфият бағишлади.

Мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларига ўзбеклар билан тенг ҳуқуқлар берилиб, улар давлат ва жамият бошқаруви ишлари, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётда фаол ва эркин қатнашмоқда. Чунончи, бугунги кунда сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирликлар, идоралар, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари орасида турли миллат вакиллари бор. Шаҳар ва қишлоқларда ўзини ўзи бошқариш органлари (қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ҳоказо)га ўзбеклар билан бирга рус, тожик, татар, қирғиз, қозоқ, украин ва бошқа миллатга мансуб бўлган оқсоқоллар (маҳалла раислари) раҳбарлик қилмоқда.

Кўп йиллик «муз»лар эриди

Мамлакатимиз чегарадош давлатлар билан яқин ҳамкор, халқларимиз бир-бири билан қондош-қариндош, қуда-андали. Аммо авваллари юртдошларимиз давлат чегарасидан ўтолмай, ҳатто яқинлари таъзиясига ҳам бора олмаган вазиятлар бўлгани сир эмас. Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида бу каби кўнгилсизликлар барҳам топди. Давлат чегаралари очилди.

Ўзбекистон Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа мамлакатлар билан бир ғоя — миллатлар, халқлар ўртасида тинчлик, тотувлик, бағрикенглик асосида яшаш тамойилини илгари сурмоқда. Буни чегара ҳудудларининг эркинлаштирилгани, давлатлар раҳбарлари томонидан фуқароларга сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа соҳаларда қулай шароитлар яратиб берилаётгани, инсонлар қўшни мамлакатда яшаётган яқинлари билан учрашиб, дийдорлашгани, бориши ёки келиш жараёнларининг жадаллашганида ҳам кўриш, кузатиш мумкин.

Ўзбекистоннинг дунё давлатлари, айниқса, қўшни мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатганини, ўзаро ташрифлар ва қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдам қўлини чўзишни бутунлай янги босқичга кўтарганини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кам сонли миллатлар бўйича Олий комиссари Ламберто Занер шундай дейди: «...ҳозир мамлакатингиз ўз қўшнилари билан чегараларни очди, одамлар эмин-эркин яқинларини кўргани боришяпти. Бу ташаббусларнинг ҳаммаси миллатлараро муносабатларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Юртингизга Ўш орқали кириб келдик. Фарғона водийсида бўлиб, бу ерда турли тилларда ўқитиладиган мактабларга бордик, ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдик. Ўзбекистондаги таълим ва бошқа соҳаларда халқаро келишувни таъминлаш бўйича ҳолат ижобийлигига гувоҳ бўлдик. Умуман, миллатлараро муносабатлар йўналишида конструктив сиёсат олиб бориляпти. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатда бағрикенгликни мустаҳкамлаш йўлида янги имкониятлар очилмоқда. Айни шу жараёнга бизнинг ташкилот ҳам муносиб ҳисса қўшишга тайёр».

Шу ўринда айтиш жоизки, Франциянинг «ЛЪУсине Ноувелле» янгиликлар агентлиги хабарида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни «Алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхати»дан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилгани ёзилди. «ЛЪУсине Ноувелле» мухбирларининг фикрича, бу республикада кечаётган ижобий ўзгаришларнинг ҳар томонлама эътироф этилаётганидан далолат беради. Айниқса, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ доимий комиссиясига аъзо қилингани қувонарли ҳолдир.

Юқоридаги фикрларни умумлаштириб айтиш мумкинки, Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари ўзларини эркин ҳис этмоқда, ўзбеклар билан бирга қўлни қўлга бериб ишламоқда, яшамоқда. Бу бағрикенглик юртимизда асрлар давомида шаклланиб келган бошқа халқларга самимий, ҳурмат билан муносабатда бўлиш борасидаги қадриятлар, умуминсоний қарашларга таянган ҳолда ёндашиш анъанасидан келиб чиқади. Қолаверса, мамлакатимизда барча миллатларнинг тенг ҳуқуқлилигига асосланувчи сиёсат, уларнинг ўз тили, маданияти, урф-одатлари, қадриятларини ривожлантириш учун яратилаётган кенг имкониятлар бахтли, тинч-тотув ҳаётнинг, фаровонликнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Обиджон ҲАМИДОВ,

Бухоро давлат университети ректори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?