Янги орзу, мақсадлар билан янги йилни кутамиз
Ортда қолаётган 2024 йил Андижон вилояти иқтисодий-ижтимоий ҳаётида юксак марраларни забт этиш йили бўлди. Айниқса, ҳудудлар инфратузилмасини шакллантириш орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилашга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Биргина иссиқлик манбаини олайлик.
Сўнгги 30 йиллар давомида вилоятларда объектларни иссиқлик манбаи билан таъминлаш ишлари тўхтаб қолганди. Кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумида уйни иситиш учун электр энергияси ёки кўмирдан фойдаланиб келинмоқда эди. Бу турли салбий оқибатларга сабаб бўлган. Шу яқин йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан иссиқлик манбаи корхоналари фаолиятини тиклаш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилди. Андижон шаҳридаги 3 та қозонхонада реконструкция ишлари амалга оширилиб, 27,5 км узунликдаги иссиқлик узатиш тармоқлари алмаштирилди. Шу билан бирга, 373 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилиб, ишга туширилди. Бунинг натижасида 271 та кўп хонадонли уйлар ҳамда 30 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик манбаи билан таъминланди.
Маҳаллаларда ҳудудларни комплекс ривожлантириш орқали халқимизнинг бугунги кунидан миннатдор бўлиб яшаши учун зарурий барча шароитлар кўрилди. Бу борада Президентимизнинг “2024 йилда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтади. Натижада вилоятда обод манзиллар сони ортиб, ҳудудлардаги аҳолининг узоқ йиллик муаммолари ижобий ечим топди. Бунинг учун 109 млрд. 300 млн. сўмлик лойиҳа ишлари бажарилди. Натижада 47 та ички кўчалардаги 75 кмдан иборат йўлни таъмирлаш, 23 та маҳаллаларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 88 км узунликда қувур тортиш, 23 та сув иншоотини қуриш ишлари амалга оширилди. Аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш учун 4 кмдан иборат тармоқ тортилиб, 1000 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди.
Ҳеч кимга сир эмас, куз-қиш мавсуми яқинлашгани сари ҳамюртларимизни электр энергияси таъминотидаги узилишлар ташвишга солади. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш учун 72 та маҳаллада 33 км узунликдаги тармоқни тортилиб, 56 та трансформатор пунктлари ўрнатилди. Фойдаланишга топширилган ушбу лойиҳалар замондошларимиз турмуш шароитининг тубдан яхшиланишига сабаб бўлмоқда.
Аслида ҳар бир йилнинг ўз қадр-қиммати, аҳамияти бўлади. Негаки, юзага келаётган бу ўзгаришлар, ислоҳотлар замирида меҳнаткаш халқимизга бўлган эътибор мужассамдир. Шу боис кириб келаётган Янги йилдан ҳам умидимиз катта! Олдимизга қўйган мақсадларимиз юксак!
Матлубахон ҒАНИЕВА,
Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- ICCI 2026: Янги Ўзбекистоннинг қурилиш салоҳияти – ғоялардан кенг кўламли ечимларгача
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг