Янги имкониятлар ва ҳамкорлик истиқболлари

10:14 25 Сентябр 2025 Сиёсат
114 0

БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркдаги юбилей сессиясида иштирок этган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ етакчи компаниялари раҳбарлари билан ўтказган самарали учрашувлари натижасида фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, молия ва инновациялар, кимё, энергетика ҳамда бошқа устувор йўналишларда истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди. Бу мамлакатимиз етакчисининг ўз халқи фаровонлиги йўлидаги шижоатли фаолиятининг яққол ифодасидир.

23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг музокаралари чоғида АҚШ Президенти Ўзбекистон етакчисининг АҚШнинг 50 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан ўтказган учрашув ҳамда музокараларининг самарали натижаларини юксак баҳолади. Ушбу лойиҳа ва келишувлар икки мамлакатда ўн минглаб янги иш ўринларини очишга хизмат қилади.

Мазкур тарихий воқеа Ўзбекистонда амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар ва бизнес юритиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар туфайли АҚШ компанияларининг мамлакатимиз иқтисодиётига қизиқиши ортиб бораётгани натижасидир. Ушбу келишувлар Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига, халқимизнинг ҳаёт даражасини оширишга ва мамлакатимизнинг жаҳондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган сиёсати ва тинимсиз меҳнати туфайли Ўзбекистон янги тараққиёт йўлидан илдам бормоқда.

Бугун Ўзбекистон Республикаси ўзининг мисли кўрилмаган очиқлиги ва жадаллиги билан ажралиб турган изчил, аниқ ва конструктив сиёсатни олиб бораётгани дунёнинг етакчи мамлакати — АҚШ билан муносабатларда ҳам намоён бўлмоқда. АҚШ Президенти Дональд Трамп “Президент Мирзиёев — бир сўзли инсон ва биз бошқа кўплаб масалалар устида биргаликда ишлашда давом этамиз!”, дея олқишлаши ортида ҳам Қўшма Штатлардек давлатнинг Ўзбекистондаги шиддатли, ортга қайтмас ислоҳотларга ишончи ётади. Америкаликларнинг доно бир мақоли бор: “Одамларнинг сўзига эмас, ишига боқ”. Шу маънода, миллатимиз етакчиси амалий ишлари билан жаҳонда катта обрў ва эътибор қозонди.

Шу ўринда бир фикрни айтмоқчиман. Ҳозирги кунда дунёда расман 200 дан зиёд мустақил давлатлар бор, лекин аслида кўпчилигининг мустақиллиги қоғозда, яъни сунъий. Чунки улар сиёсий, иқтисодий ёки хавфсизлик жиҳатдан у ёки бу давлатга тобе ва афсуски, уларнинг тақдири ўз пойтахтларида эмас, балки бошқа пойтахтларда ҳал этилади. Ўзбекистон улардан фарқли ўлароқ ҳақиқий мустақилликка эга бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу ўта таҳликали ҳамда мураккаб даврда жонажон Ватанимиз истиқлолини нафақат кўз қорачиғидек асрамоқда ва ҳимоя қилмоқда, балки тез суръатлар билан ҳар томонлама мустаҳкамлаб бораётир.

Президентимиз ташаббуси туфайли нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки узоқ ва яқиндаги барча хорижий давлатлар билан дўстона, ўзаро манфаатли қўшничилик муносабатлари мустаҳкамланди. Бу ўз ўрнида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда хавфсизлик муносабатларининг ижобий ўзгаришларига олиб келди. Муҳим бир жиҳатни тўғри тушуниш керак, мазкур ютуқлар тасодифан бўлгани йўқ. Бу ва бошқа ютуқларимизнинг негизида, авваламбор, миллатимиз етакчисининг чуқур ўйланган сиёсати ва иродаси турибди.

АҚШдек буюк давлат ҳар ким билан ҳам ишончли ва дўстона муносабатлар ўрнатмайди. АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган, унинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаб келаётган давлат сифатида Марказий Осиёга оид ташқи сиёсатни белгилаш ва олиб боришда Ўзбекистонга суянишга интиляпти.

АҚШ томонидан Марказий Осиё — АҚШ ҳамкорлигига оид “С5+1” форматининг 2016 йилда ташкил этилиши ва ўша йили Самарқандда АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳамда Марказий Осиёнинг беш мамлакати ташқи ишлар вазирлари иштирокида учрашув ўтказилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Бу платформа орқали АҚШ ўзининг минтақага нисбатан сиёсатини тушунтиради, Марказий Осиё ҳукуматлари позициялари ва дарди билан танишади, ўзаро фикр алмашилади.

АҚШ дипломатлари фикрича, бугун минтақа давлатлари анча оёққа туриб олди, улар катта йўлни босиб ўтди. Улар мустақил ва ўз тизимларига эга. Минтақа ўзгариб бормоқда. Бу ташқи дунёни ҳам шунга яраша ҳаракат қилишга ундайди. Масалан, АҚШ билан ҳамкорлик Ўзбекистон ва қўшниларимизни глобал молия бозорига олиб чиқади.

Бугунги замонавий дунёда кончилик, нефть ва газга таяниб яшаш билан иқтисодиётни ривожлантириш қийин. Ҳамма ҳам бу борада муваффақият қозонган эмас. Табиий бойлигига таянган ҳамма давлатлар ҳам бой эмас. Шундай экан, инсон капиталига сармоя йўллаш ҳақида кўпроқ ўйлаш керак. Америка ҳукумати ўз бизнесменларига Ўзбекистон ёки Қозоғистонга бориб ишлаш ҳақида буйруқ бера олмаса-да, илм-фан, технология, таълим бобида улкан ёрдам кўрсата олади.

АҚШ серқирра ҳамкорлик қилади, ўз манфаатлари ва мақсадларига қараб иш тутади. Шундай экан, ўзаро манфаатлар нимада? Манфаатлар қай нуқтада тўқнашади?

Ҳозир Ўзбекистон халқаро миқёсда очиқ ва эркин жамият сифатида намоён бўлмоқда. Америкаликлар наздида Президент Мирзиёев ҳар сафар сўзлаганда ундан янада кўпроқ ишлар, каттароқ қадамлар кутилмоқда. Ҳамманинг эътибори Мирзиёевда. Ўзбекистон халқи ўз раҳбарига ишонмоқдами, демак, Америка ҳам шунга қараб интилади. Гап ҳар доимгидек амалда нима қилинишида! Конгрессда, бошқа ҳукумат органлари ва идораларида Мирзиёевга нисбатан хайрихоҳлик бор. Президент Мирзиёев фақат гапирмаяпти, амалда ўз сўзини исботлай оляпти деган хулосага келинган. Аввалги — Ўзбекистон ўзгармайди деган умидсизлик йўқ. Аслида ўзгариш қилиш ҳеч қачон осон кечмаган. Бунга вақт керак. Тизимни пастдан тепага, тепадан пастга, ҳар томонлама янгилаш керак. Ҳатто бир партия ҳукмрон, сиёсий жиҳатдан плюралистик бўлмаган тузумларда ҳам раҳбар хоҳлаган ўзгаришни қилиши осон эмас, айниқса, сиёсий соҳада. Шу нуқтаи назардан, ҳозир Марказий Осиё ҳақида гап кетганида, асосан, Ўзбекистон диққат марказида бўлмоқда.

Вашингтон назарида Ўзбекистон минтақавий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка бебаҳо ҳисса қўша бошлаган. Трамп маъмурияти давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга Марказий Осиёдаги динамикани ижобий томонга бурган етакчи дея қарамоқда. “C5+1” форматидаги диалог маркази ҳам, оддий қилиб айтганда, Тошкент бўлиб қолди. Бу ҳам Ўзбекистонга янги вазифа ва масъулият юклайди.

Ўзбекистоннинг дунёнинг етакчи мамлакати билан муносабатлари жадал ва ўзаро манфаатдорлик асосида ривожланмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил май ойида Вашингтонга расмий ташрифи Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Икки давлат раҳбарлари “Стратегик шерикликнинг янги даври бошланиши тўғрисида”ги Қўшма баёнотни қабул қилди ва ўз саъй-ҳаракатларини ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли соҳаларини ривожлантиришга йўналтирди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий баҳоланди ва қўллаб-қувватланди. Бу Ўзбекистоннинг рейтинги ва халқаро имижига ижобий таъсир кўрсатди.

Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми икки баравар ошди. Америкалик сайёҳларнинг Ўзбекистонга оқими эса 50 фоизга кўпайди. АҚШ Конгрессида нуфузли “Ўзбекистон бўйича кокус”, яъни республиканинг норасмий дўстлари гуруҳи тузилди. Тошкентда кенг қамровли, жумладан, маркетинг ва тадбиркорлик, ахборот технологиялари, медиаиндус­трия, соғлиқни сақлаш бошқаруви каби академик дастурларни ўз ичига олган Вебстер университетининг филиали очилди.

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида ҳам Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари изчил ривожланмоқда. Америка дипломатлари, сиёсатчилари, конгрессменлари, сенаторлари, ишбилармонларининг тез-тез Ўзбекистонга амалга ошираётган ташрифлари ҳам АҚШ Ўзбекистон билан манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини кўрсатади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник расман шу лавозимга киришишдан олдин мамлакати Сенатида сўзлаган нутқида айтганидек, Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг юраги ва АҚШнинг кучли шериги. Ҳеник Тошкент билан ҳамкорликнинг таъсирини бутун минтақа, шунингдек, Евроосиё ва ҳатто Ҳинд ҳамда Тинч океанлари ҳудудларидаги мамлакатлар билан ҳам боғлайди. 2016 йилда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар эълон қилинганидан бери АҚШ уларни олқишлаб келмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга бу галги ташрифи икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим қадам бўлди. Эришилган келишувлар Ўзбекистон иқтисодиётини юксалтириш, сиёсий муносабатларни мустаҳкамлаш ва маданий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади. Дональд Трампнинг илиқ фикрлари эса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Оқил САЛИМОВ,

академик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?