Янги экспозициялар халқаро анжуман иштирокчилари нигоҳида

13:02 04 Ноябрь 2025 Жамият
128 0

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси муносабати билан Самарқанднинг бош майдони — Регистондаги Мирзо Улуғбек ва Тиллакори мадрасаларида доимий музей экспозицияларини янгилаш ҳамда ички қисмларини реставрация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар якунига етказилиб, меҳмонларни қабул қила бошлади.

Янгиланган экспозициялар Самарқанд ва темурийлар даврининг тарихий-маданий меросини замонавий ва чуқур таҳлил асосида талқин этиб, ўша даврда Самарқанд илм-фан, таълим ва санъатнинг йирик марказларидан бири бўлганини яна бир бор ёдга солади.

Улуғбек мадрасасида Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби алломаларнинг 50 дан ортиқ ноёб қўлёзмалари, XV асрнинг буюк астрономи ва маърифатпарвари сифатидаги Улуғбек фаолиятини ёритувчи илмий асбоб-ускуналар ва тарихий материаллар намойиш этилган.

Тиллакори мадрасасидаги экспозиция эса Регистон ансамблининг шаклланиш тарихи ва унинг меъморий гўзаллигини очиб беради. Экспозиция рақамли реконструкциялар ва интерактив элементлар билан бойитилиб, томошабинга тарихни янада жонли ҳис этиш имконини яратади. Аксарият экспонатлар француз ва ўзбекистонлик реставраторлар ҳамкорлигида қайта тикланди.

Янгиланган музей маконининг дизайни Франциянинг Wilmotte & Associés меъморий бюроси томонидан ишлаб чиқилиб, унда Шарқ анъаналарининг бетакрор руҳи замонавий музейшунослик талабларига уйғун тарзда мужассам этилганки, у ҳар қандай сайёҳни эътиборсиз қолдирмайди.

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси иштирокчилари анжуман доирасида уч минг йиллик қадим кентнинг ана шундай тарихий обидалари ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишиб, шаҳарнинг бугуни ва ўтмиши билан боғлиқ қизиқарли маълумотларга эга бўлишмоқда.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони, “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуаси ҳамда Самарқанд туманидаги “Конигил” туризм қишлоғида хорижлик ва юртимиз маданият ва санъат вакиллари иштирокида мусиқий дастурлар, миллий рақслар, ижодий жамоаларнинг чиқишлари намойиш қилинмоқда.

Вилоят мусиқали драма театри майдонида “Маданият карвони” ташкил этилиб, маҳаллий аҳоли ва Самарқанд шаҳри меҳмонларига хушкайфият улашилмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

(«Халқ сўзи»).                                                  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?