Яхши қўшничилик, минтақавий бирдамлик алоқалари янги босқичда

09:52 07 Август 2025 Сиёсат
117 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати

Азалдан халқимизда қўни-қўшнилар орасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, яхши-ёмон кунларда бирга бўлиш муқаддас қадриятлардан бири сифатида улуғланади. Шу жиҳатдан мамлакатимизнинг ён қўшничилик муносабатлари бирдамлик ва минтақавий ўзига хослик асосида мустаҳкамланаётгани таҳсинга сазовор. Бу эса Марказий Осиёнинг иқтисодий фаоллик марказига айланаётганидан дарак беради. Ва асосийси, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари дўстлик, яхши қўшничилик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида жадал ривожланаётгани бевосита жаҳон ҳамжамиятида ишончли ҳамкор сифатидаги кўп қиррали алоқаларнинг янада ривожланишига йўл очади.

Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 4-5 август кунлари амалий ташриф билан Туркманистон Республикасида бўлиши кўп қиррали муносабатлар ва стратегик шериклик алоқаларининг янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамиятга эга.

Президентимиз туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан суҳбати чоғида Туркманистонда ўтказилаётган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси минтақамиз учун, унинг тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари 5 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланган махсус тадбирда иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ Тошкент шаҳрида бўлажак Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарликнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” орденининг тантанали топширилиши, шубҳасиз, минтақа ҳудудида аниқ позицияга эга бўлган мақсад билан олға бораётган мамлакат йўлбошчисига билдирилган юксак ишончнинг намунаси бўлди.

Президентимиз ўз миннатдорлигини билдираркан, “ушбу мукофотни Ўзбекистон ва унинг кўп миллатли халқига алоҳида эътибор ва ҳурмат, Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг эътирофи сифатида қабул қиламан”, дея таъкидлади.

Мазкур эътироф бой тарихий тажриба, қардошлик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига асосланган Ўзбекистон — Туркманистон стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилганининг яна бир амалий тасдиғидир.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” миллий туризм ҳудудида ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этди.

Унда транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, иқтисодиётни трансформация қилиш, иқлим ўзгариши ва экологик таҳдидларга бардошлиликни ошириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари ўз сўзида конференцияда муҳокама қилинаётган масалалар ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эканини, чунки денгиз портларидан жуғрофий узоқлик ва бир неча мамлакат ҳудудларини кесиб ўтиш зарурати бир қатор объектив муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлади.

Денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларнинг умумий таҳдид ва муаммоларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Президенти қатор аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Конференция якунида Аваза сиёсий декларацияси қабул қилинди.

Мазкур конференциянинг яна бир қимматли жиҳати шундаки, унда Президентимиз Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларидан ташқари қатор бошқа халқаро ташкилот раҳбарлари ва мамлакатларнинг расмий делегация аъзолари билан ўзаро шериклик муносабатларининг кейинги босқичларини муҳокама қилди. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашуви ўтказилди.

Унда қатор муҳим масалалар, хусусан, глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб вазифалари, БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш, Марказий Осиёда интеграцияни чуқурлаштириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш масалалари хусусида сўз юритилди.

Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан учрашувда савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилиб, ўзаро товар етказиб беришни кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат тармоқларида, шунингдек, логистика соҳасида кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳимлиги хусусида фикрлашилди.

Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Бош вазири Али Асадов ўртасида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди, энергетика, транспорт ва логистика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперация учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Қолаверса, амалий ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун мазкур форматдаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари учрашувида стратегик шерикликни кенгайтиришга келишиб олинди. Давлатимиз раҳбари Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедовни Халқаро тинчлик ва ишонч йилида БМТнинг глобал конференцияси юқори савияда ўтказилгани билан самимий қутлади. Учрашувда бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик доирасида Ўзбекистон — Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашилди.

Давлат раҳбарлари конференция доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон миллий кунларига бағишланган тадбирларда ҳам қатнашди. Ҳунармандчиликка бағишланган, маданият, санъат ва туризм соҳаларидаги замонавий ютуқлар акс этган миллий павильонлар, миллий таомлар кўргазмаси ва пазандачилик бўйича уюштирилган маҳорат дарслари, айниқса, анъанавий ўзбек ҳовлиси кўринишида қурилган Ўзбекистон павильони барчада ёрқин таассурот қолдирди.

Мазкур тадбир ўз ўрнида Марказий Осиёни тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик макони сифатида намоён этишга хизмат қилиб, минтақа халқларининг бой маданий мероси, қолаверса, ўзаро яхши қўшничилик алоқаларининг намунасини яққол ифодалади.

Шубҳасиз, давлатимиз раҳбарининг мазкур амалий ташрифи Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги минтақавий шерикликнинг янги кун тартибини шакл­лантириш, Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро мувофиқлаштирилган ва келишилган ёндашувлари минтақада тараққиёт ва фаровонлик мақсадларига эришишга хизмат қилиши учун асос бўлади. Зеро, халқимизнинг “Қўшнинг тинч — сен тинч” нақли ўзаро ҳурмат ва стратегик тараққиёт ривожи учун хизмат қиладиган шу каби учрашувларда ҳам ўз аксини топмоқда.

Баҳодир МАЪМУРОВ,

Бухоро давлат педагогика институти ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?