Вилоят ҳокимлари: кимлар вакцина олди, кимлар олмади?

20:43 08 Август 2021 Жамият
4183 0

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина қабул қилишга қаршилар ва вакцина тарафдорлари ўртасида баҳс ҳали ҳамон авжида. Баҳслашаётганлар орасида вакцина билан, аввало, амалдорлар, ҳокимлар эмланиши лозимлигини таъкидлаётган ҳам талайгина.

Ҳафта бошида Президент матбуот котиби Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг коронавирусга қарши эмланганини маълум қилди.

Хўш, Президентнинг жойлардаги вакиллари бўлган ҳокимлар вакцинация жараёнида қанчалик олдинги сафда бормоқда. «Халқ сўзи» мухбири вилоят ҳокимларининг вакцина олган ёки олмагани билан қизиқди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев хитой-ўзбек вакцинаси билан эмланган. Хусусан, ҳокимнинг вакцина олиш жараёни акс этган видео турли баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган эди. Кейинроқ ҳокимлик ахборот хизмати жараён тўлиқ акс этган видеони жамоатчиликка тақдим этди.

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов ҳам коронавирусга қарши эмланган. Ҳидоятов июль ойида коронавирусни бошдан кечирганига қарамай, август ойининг илк ҳафтасида вакцина қабул қилди. Бироқ ҳоким қайси вакцина билан эмлангани очиқланмаган. Таҳририятимиз ҳокимлик Матбуот котиби Ҳамза Жумаев билан боғланганида, қуйидагича жавоб олди.

«Вакцинани номини айтмаганимизни сабаби реклама бўлиб қолади. Ҳар ким доктор тавсияси билан ўзи ҳал қилсин ўзи қанақа вакцина олишини, деган маънода айтилмади. Ҳокимда ҳеч қандай ножўя таъсир сезилгани йўқ», деди у.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам коронавирусга қарши эмланган. Ҳокимлик «Халқ сўзи»нинг сўровига жавобан барча ходимларининг Спутник V билан эмланганини маълум қилди. Хусусан, вилоят ҳокими ҳам вакцинанинг икки дозасини ҳам қабул қилган.

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов ҳам коронавирусга қарши эмлашда Спутник V вакцинасини танлаган. У вакцинанинг иккинчи дозаси билан июль ойининг иккинчи ярмида эмланган. Вилоят ҳокимининг аҳволи ҳозирда яхши, ҳеч қандай ножўя таъсирлар сезилмаган.

Қашқадарё вилояти Зоир Мирзаев ҳам фаол фуқаро сифатида коронавирусга қарши эмланган. У Спутник V вакцинасининг икки дозасини ҳам тўлиқ қабул қилган. Маълумотга кўра, вакцина билан эмлангач ҳеч қандай ножўя ҳолат кузатилмаган.

Шавкатжон Абдураззоқов 27 июль куни коронавирусга қарши вакцинанинг иккинчи дозасини қабул қилиб, тўла эмлашдан ўтган. Наманган вилояти ҳокими айни жараёнда Россияда ишлаб чиқарилган «Спутник V” вакцинаси билан эмланишни маъқул кўрди. Маълум қилинишича, вакциналаш амалиётининг ҳар икки босқичидан сўнг ҳокимда ҳеч қандай салбий ўзгаришлар кўзга ташланмаган.

Жиззах вилояти раҳбари Эргаш Салиев эса коронавирусга қарши эмланмаган. Ахборот хизмати раҳбарининг «Халқ сўзи»га маълум қилишича, яқинда вилоят ҳокимида коронавирус аниқланган. Вилоят ҳокимида антитаначалар бўлгани учун медицина меъёрлари асосида вакцина қабул қилар экан.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ва Хоразм ҳокими Фарход Эрманов ҳам коронавирусга қарши эмланган. Буни «Халқ сўзи» манбаси тасдиқлади. Аммо ушбу иккала ҳокимнинг ҳам қайси вакцинани танлаганини аниқлаштириш имкони бўлмади.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қайси вакцина билан эмлангани ҳақида ҳам маълумот ололмадик, аниқроғи ҳокимлик сўровимизга жавоб бермади. Вилоят мухбиримиз ССБ билан боғланганида ҳокимнинг вакцина олгани ҳақида маълумот йўқлиги маълум қилинди.

Барча вилоят ҳокимлари ҳақида ҳам маълумот олиш имкони бўлмади. Хусусан, Сурхондарё, Бухоро ва Сирдарё вилоят ҳокимларининг эмланган ёки эмланмаганини билиш имкони бўлмади.

Ҳудудий мухбирлари маълумотлари асосида Шаҳноза Тўрамуродова тайёрлади

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?