Венгрия ва Нидерландиядан замонавий лаборатория ускуналари олиб келинди

15:30 01 Февраль 2024 Жамият
273 0

Айни пайтда мамлакатимизда 5800 дан ортиқ балиқчилик хўжаликлари томонидан 63 минг гектар сунъий ҳамда 537 минг гектар табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштирилмоқда.

2023 йили ушбу соҳа фаолиятини ривожлантириш мақсадида личинка ишлаб чиқаришга ихтисослашган қуввати 390 млн дона бўлган 7 та инкубация цехлари ишга туширилди. Натижада бундай корхоналар фаолияти 113 тага, йиллик қуввати 5,2 млрд. донага етказилди. Балиқ чавоқларини етиштириш мақсадида 270 гектар майдонда қуввати 14 млн. дона бўлган репродуктор ҳавзалар фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, совуқ сув балиқларини етиштирувчи хўжаликлар сони 24 тага ва уларнинг қуввати эса 6 минг тоннага етказилди. Айнан ушбу йўналишда ўтган йили 5 та лойиҳа амалга оширилиб, 1,2 минг тонна янги қувватлар ишга туширилди.

Бу борада интенсив усулда балиқ етиштириш технологияларининг жорий этилиши янада ривожлантирилиб,1 гектар майдонда балиқ етиштириш ҳосилдорлиги 3-4 баробарга оширилди. Ҳозирда мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар доирасида 8 минг гектардан кўпроқ майдонлар интенсивлаштирилди. Мисол учун, Хатирчи туманидаги “Юканг Фиш Бред” МЧЖ томонидан 50 гектар, Хива туманида жойлашган “Бекчан Уста” фермер хўжалигида 26 гектар ҳамда Янгийўл туманидаги “Фиш хаус” МЧЖ томонидан 30 гектар майдонда интенсив усулда балиқ етиштириш ишлари ташкил этилди.

— 2023 йили умумий қиймати 712 млрд. сўм бўлган 241 та лойиҳалар ишга туширилди, 2500 та янги иш ўрини яратилди, — дейди “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Камолхўжа Исмоилхўжаев. — Балиқчилик соҳасини илм-фан ютуқлари асосида ривожлантириш мақсадида уюшма қошидаги Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Наманган давлат университетида Венгрия ва Нидерландиядан замонавий лаборатория ускуналари олиб келинди. Натижада балиқ касалликлари ва сувнинг биокимёвий таркибини таҳлил қилиш бўйича Ихтиопатология лабораториялари фаолияти йўлга қўйилди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер