Велосипеддаги нуроний

Ҳаётда шундай инсонлар борки, ёши улуғ бўлса-да, одамларнинг дардию қувончига шерик бўлиб, доимо улар билан ёнма-ён юради.
Азим ота Ҳакимов ҳам ана шундай оқкўнгил, элсевар кишилар сирасидан. Ҳозирда у Оқолтин туманидаги “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинининг кексалар ва фахрийлар кенгаши раиси сифатида фаолият юритмоқда.
Маҳалладошларининг айтишича, Азим ота кунига камида 20 километр масофани велосипедда босиб, оилалар ҳолидан галма-гал хабар олади. Бу маҳаллада оз эмас, 860 та хонадон бор. Қолаверса, нотинч оилалар, беморлар, қариялар, қўйингки, барча маҳалладошлари ҳаёти унинг назаридан четда қолмайди. Ҳаммани яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишга ундайди. Шу маънода Азим отага “Маҳаллангизда камбағал оилалар сони нечта?”, деб сўрагандик, у киши фахр билан “Маҳалламизда камбағалнинг ўзи йўқ. Кейинги йилларда бу борада давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар ва ўзларининг астойдил интилишлари, ҳалол меҳнатлари туфайли маҳалламиздаги саноқли эҳтиёжманд оилалар ҳам яшаш шароитини яхшилаб олди” деди.
Азим отанинг асли касби тракторчилик. У киши техникумни битиргандан сўнг 1977 йилда Андижондан Мирзачўлни ўзлаштиришда иштирок этишга келди ва бу ердаги самарали меҳнати, ғайрат-шижоати туфайли эл-юрт ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. Ўшанда Азим ота “Олтой” тракторида бир кунда 15 гектар ер ҳайдаса, пахта териш машинасида бир мавсумда 100 тоннагача пахта терган фаоллар сафида эди. Ҳозир ҳам маҳалла-кўй ишларидан ортган вақтларида тиниб-тинчигани йўқ. Отахон 13 сотих ташландиқ ерга 400 туп терак эккан. Ундан ташқари, маҳалла биносидан 2 та хона ажратиб, бирига маҳалла ҳаёти ва фаоллари акс этган баннерлар, бирини эса диван, креслолар билан жиҳозлаб, кексаларнинг маслаҳат-мулоқотлар қилиши ҳамда маҳаллага турли юмушлар билан келган нуронийларнинг дам олиши учун қулайликлар ҳозирлаб қўйган. Энг эътиборлиси, бу ерда “Китоб бурчаги” ҳам ташкил этилган.
Азим отанинг юзида доимо табассум. Велосипедини ғизиллатганча ҳали у кўчага, ҳали бу кўчага боради. Ота ўзининг ана шундай ғайрат-шижоати билан бугун барчага ўрнак.
Ҳа, кўп йиллар тракторчилик қилган, Мирзачўлни обод воҳага айлантиришда фидойилик билан меҳнат қилган Азим отанинг маърифатпарварлиги, ташаббускорлигини кўриб, ҳаётда одамлар фақат илм ўрганиш билан эмас, оддий касб эгаси бўлиб ҳам комил инсонлик шарафига етадилар, деган фикр хаёлимиздан ўтди.
Азим ота турмуш ўртоғи Маъмурахон ая билан бирга тўрт нафар фарзандини эл корига ярайдиган этиб тарбиялади. Ҳозирда пиру бадавлат бобо ва бувининг 15 нафар набираси бор.
Рўзғорини тўкис қилган ота кўп вақтини маҳаллага сарфлайди. Фаоллик борасида Маъмура ая ҳам турмуш ўртоғидан қолишмайди. У киши “Бувижонлар мактаби”нинг аъзоси. Ёш оилаларга, турмуш бўсағасида турган қизларга маслаҳатларини аямайди. Азим ота ҳам ёшлар билан кўп мулоқотда бўлади. Отахондан “Ёшларга тўғри йўл кўрсатишда нималарга эътибор берасиз?”, деб сўрадим. Азим ота бу саволимга “Ёшлар лой, биз эса кулолмиз. Кулол лойни қандай шакллантирса, ундан ясалган идиш ҳам шундай бўлади. Яъни тўғри ё қийшиқ. Шу боис биз ҳам ёшларни тарбиялашда кулолдек зийрак ва моҳир бўлишимиз керакки, токи йигит-қизларимизнинг зеҳнию дунёқараши тўғри шакллансин, уларнинг ҳар бири ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етсин”, дея файласуфона, чуқур мантиқли сўзлари билан жавоб берди.
Азим отанинг самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, у 2023 йилда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, унга “Нуроний” жамғармаси томонидан “Боғишамол”, “Навбаҳор” дам олиш сиҳатгоҳларига бир неча бор йўлланмалар берилди.
— Биз, кексалар деҳқончилик, боғдорчилик, тадбиркорлик ишларида ҳам маҳалламиз аҳлига ўз маслаҳатларимизни бериб боряпмиз, — дейди Азим ота Ҳакимов. —Айтишади-ку, “Қари билганни, пари билмас” деб. Ҳақиқатан ҳам биз, нуронийларнинг тажрибамиз кўп ва улар ёшларга албатта дастуриламал бўлади. Яқингинада 7 нафар ёшни иш билан таъминланишига кўмак бериб, 3 оилани ажралишдан асраб қолдик. Ўтган ноябрь ойининг ўзида 10 нафар маҳалламиз фуқаролари Умра сафарига бориб келди. Маҳалламизда кунда-кунора тўй-у томоша! Буларнинг барчаси ҳаётимизнинг кундан-кунга яхшиланиб бораётганидан далолат, албатта.
Хуршида НИШОНОВА,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 8 июндан чиқиндидан қарздорлар электр учун тўлов қилолмайди
- АҚШда журналист қиз Трампнинг юзига микрофон билан уриб юборди
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети QS рейтингида ТОП–500 таликдан жой олди
- «Қамчиқ» довонида фуқароларга ёрдам кўрсатилмоқда. Қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилган
- Самарқандда ўқувчининг онаси мактабда жанжал кўтарди
- Энди таълим гранти талабаларнинг ўзлаштиришига қараб ҳар йили қайта тақсимланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг