Вазир Сурхондарёда инклюзив таълим билан танишди

10:59 26 Февраль 2026 Жамият
583 0

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова айни кунларда Сурхондарё вилоятида бўлиб, ҳудуддаги таълим муассасалари фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганмоқда.

Ташриф доирасида жараёнларда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Регина Мария Кастильо иштирок этмоқда.

Учрашувлар чоғида Термиз шаҳридаги 2- ҳамда 3-мактабларда яратилган шарт-шароитлар атрофлича кўздан кечирилди. Хусусан, инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган ўқувчилар учун замонавий ва қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

ISHONCH “Uzbekistan Vision 2030” жамғармаси маблағлари ҳисобидан мазкур таълим муассасаларида махсус жиҳозланган синф хоналари, қулай инфратузилма ва зарур ўқув воситалари ташкил этилган. Бу эса барча болалар учун тенг таълим имкониятларини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлмоқда.

— Инклюзив таълим орқали алоҳида эҳтиёжли ўқувчиларнинг ижтимоий мослашуви кучайтирилмоқда, — дейди 3-мактабнинг Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Темур Рўзматов. — Энг муҳими, соғлом муҳитда ўқиш орқали болалар бир-бирини тушуниш ва қўллаб-қувватлашни ўрганмоқда. Ўқитувчилар ҳар бир ўқувчининг қобилиятини инобатга олган ҳолда индивидуал ёндашувни қўлламоқда. Махсус ўқув материаллари, ривожлантирувчи ўйинлар ва интерактив усуллар болаларнинг билимни ўзлаштириш самарадорлигини оширишга хизмат қиляпти.

Ташриф давомида вазир устозлар ва ўқувчилар билан очиқ мулоқот қилди. Суҳбатларда таълим сифати, яратилган шароитлар ва мавжуд муаммолар муҳокама этилди. Илгари сурилган таклиф ва мулоҳазалар асосида масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Инклюзив таълимни кенгайтириш, ҳар бир боланинг билим олиш ҳуқуқини тўлиқ таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сурхондарёдаги бу амалий ишлар эса ушбу йўналишдаги изчил саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий ифодасидир.

Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?