Ватанга муҳаббат изҳори

10:24 22 Апрель 2025 Маданият
354 0

Ҳазориспанд бўлсам саҳроларингда,

Феруза тош бўлсам дарёларингда,

Ҳайит ойи бўлсам самоларингда,

Меҳру вафо — кўрар дунёларингда,

Сени ёмон кўздан асрамоқ учун!

Остонангда ётган итинг бўлойин,

Наслингни пок тутган сутинг бўлойин,

Кўзингдаги ҳурлик ўтинг бўлойин,

Баланд тоғларда бургутинг бўлойин,

Сени ғаним кўздан асрамоқ учун!

Сўзим бор — савашда қилич бўлоли,

Шахдим бор — қуввати биринч бўлоли,

Яхши-ёмонингда илинж бўлоли,

Ипак жоним метиндан синч бўлоли,

Сени офат кўздан асрамоқ учун!

Фақат сен кўзимга боқиб тур, Ватан,

Онамдай елкамга қоқиб тур, Ватан,

Қалбимда дарёдай оқиб тур, Ватан,

Бошимда Ҳумодай балқиб тур, Ватан,

Мени гумон сўздан асрамоқ учун!

Сени ёмон кўздан асрамоқ учун!

Умр бу…

Умр бу — Аллоҳдан бизга омонат,

Аллоҳнинг фарзи бор азиз жонларда,

Омонатга қилма ҳаргиз хиёнат.

Умр — ёмби олтин, буғдой донидай

Майдалама уни тегирмонларда,

Аллоҳнинг фарзи бор азиз жонларда.

Омонатга ҳаргиз қилма хиёнат,

Уни пуллаб юрма майхоналарда,

Умр — бу Аллоҳдан қарзи қиёмат.

Умр — бу толедан барака, хирмон,

Елларга совурма, туфроққа сочма,

Аллоҳнинг мулки бул ҳар дон, ҳар сомон.

Ғурбат-ғийбатларга талош айлама,

Йўлингда учраган нокасу нодон

Кимсаларни унга фаррош айлама.

Сенга бир ҳадият бул феруза тош,

Ўзинг заргарисан, заҳҳоби — ўзинг,

Қаллобларни-да сангтарош айлама…

Умр — бу Аллоҳдан бизга омонат…

Ойдин ҲОЖИЕВА,

Ўзбекистон халқ шоири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?