Ватан, то танда жоним бор, сенингдирман, сенингдирман...
Фото: Архив сурат
28 декабрь — Ўзбекистон Қаҳрамони
Эркин Воҳидов таваллуд топган кун
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан бири эди. У назмда ҳам, насрда ҳам баракали ижод қилди. Шоирнинг ижодий меросида турли адабий жанрлардаги асарлар бисёр. Жумладан, мумтоз адабиётимиз анъаналарини давом эттириб, бетакрор ғазаллар, қасидалар, мухаммаслар битди. Кучли сатира ва юмор билан суғорилган шеърларида, хусусан, Матмуса образи орқали ижтимоий муаммоларни, кишилар феъл-атвори, табиатидаги қусурларни очиб ташлади. «Сўз латофати» китоби орқали она тилимизнинг беқиёс сўз бойлигини, жозиба имкониятларини, ажиб зарофатини кўрсатиб берди.
Эркин Воҳидовдан уйғоқ сатрлар, мавзуси абадий ва долзарб бўлган бетакрор шеърият, бой маънавий мерос қолди. Қуйидаги шеърлардан буни яна бир бор англашингиз мумкин.
***
Ватан, то танда жоним бор,
Сенингдирман, сенингдирман,
Таним ҳок ўлса ҳам сен ёр,
Сенингдирман, сенингдирман.
Жаҳон кенгдир, фалак кенгдир,
Юрак кенгдир, чу сен борсан,
Сенингсиз икки дунё тор,
Сенингдирман, сенингдирман.
Менга бегона элларда насиб гар
Ўлса юз роҳат
Чекай бағрингда минг озор,
Сенингдирман, сенингдирман.
Агар шодликларинг оздир,
Менингдирсан, менингдирсан,
Магарким ғамларим бисёр,
Сенингдирман, сенингдирман.
Бугун бор, эртага йўқ жисмим,
Ва лек руҳим учун мангу
Сенинг мангулигинг даркор,
Сенингдирман, сенингдирман.
Сенинг ишқинг билан ёндим,
Кетар жонимда бу оташ,
Сенингдирман, яна такрор,
Сенингдирман, сенингдирман.
Янги йил муножоти
Вақтнинг чопқирлигига ҳайратим тугамасдир,
Йилнинг ўтиши гўё чақнаган чақмоқ мисол.
Йил надир, умр ўзи аслида бир нафасдир,
Эшикдан кириб шу он дарчадан чиқмоқ мисол.
Беш юз йил яшар эмиш тоғ аҳли бир қабила,
Сабрни маслак билиб, қаноатни тоат деб.
Уй тикламас эмишлар биргина сабаб ила,
Шу озгина умрга ранж чекмоқ на ҳожат деб.
Буку бир афсонадир, аслида аҳли олам
Одамдек яшаш истар шу беш кунлик дунёда.
Жаҳондан умид узмас умри ўтиб борса ҳам,
Ёши улғайган сари орзулари зиёда.
Болам деб ниҳол экар, набирам деб уй солар,
Мендан ҳам бирор ёдгор авлодимга қолсин, дер.
Дил тубида умрбод яшар ойдин хаёллар,
Ватаним камол топсин, миллатим юксалсин, дер.
Инсондек яшамоқнинг асли шудир маъноси,
Юрт севгиси бизларга юракдаги қондандир,
Бу муқаддас туйғуда аждодларнинг нидоси,
Ҳадис сўзи – Ватанга муҳаббат имондандир.
Имонимни бутун қил, юртимни нурафшон қил,
Пок, ҳалол йўлларингга бизни йўлла, Илоҳим.
Ватаним кемасини долғалардан омон қил,
Бу поёнсиз уммонда Ўзинг қўлла, Илоҳим.
Юракларга меҳр сол, адоватдан қил йироқ,
Бу кунги заҳматларнинг оқибати қут бўлсин.
Эркка ташна элимнинг бахти бўлсин ярқироқ,
Осмони ёруғ бўлсин, насибаси бут бўлсин!..
Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг