Узумчиликда яхши тажриба орттирган булоқбошиликлар

16:37 13 Декабрь 2024 Жамият
343 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Булоқбоши Андижон вилоятидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган туманлардан бири. Аҳолиси миришкор. Ер билан тиллашишни билади. Бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмайди. Тумандаги 13 та маҳалла узумчиликка ихтисослашган бўлиб, ҳар бир ҳовлидаги томорқада ўндан ортиқ навдаги ҳосил етиштирилади. Битта оила томорқанинг ўзидан бир йилда 50 млн сўмгача даромад олади. Шу билан кифояланиб қолмай, кўчанинг икки четига ҳам ток экади. Кўчадаги токзорнинг ўзи 22 кмни ташкил этади. Жорий йилда маҳаллалардан 6 минг тонна ҳосил йиғиб олинди. Ҳар бир хонадон ўртача 15 млн. сўмдан 30 млн. сўмгача қўшимча даромад манбаига эга бўлди.

Булоқбошиликлар ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, уйдан чиқмаган ҳолда даромад топади. Туманимизда саримсоқпиёз, узум ва лола етиштириш кенг йўлга қўйилган, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Фурқатбек Бўтахонов. — Айни пайтда туманда 27 минг 900 та хонадон бўлиб, 1 минг 23 гектар аҳоли томорқаси мавжуд. Ундан унумли фойдаланиш учун фуқароларга барча шароитлар яратиб берилмоқда. Иссиқхона, сўриток барпо этиш, техник воситалар сотиб олиш учун субсидия ажратиш ёки ҳомийлик ёрдами кўрсатиб келинмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселекторда томорқа, кўчалар, дала четлари ва канал, коллекторлар атрофидаги ерларда озиқ-овқат ва даромадли экинларни экиш орқали аҳоли даромадини ошириш, ички ва ташқи бозорни сифатли, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди. Бу борада Андижон вилоятида, айниқса, Булоқбошида тўпланган тажриба маҳорат мактаби вазифасини ўташи шубҳасиз.

— Туманимизда ҳамма узумчилик билан шуғулланади, — дейди тадбиркор Розияхон Маҳмудова. — Ўзим яшаб турган хонадонда тикув цехи очгандим. Корхонада 5 нафар қўшнини ишга олиб, болалар кийим-кечакларини ишлаб чиқарамиз. Ишдан бўш вақтда томорқадаги токни парвариш қиламиз. Бу йил 1,5 тонна ҳосил олдик. Шунча ишдан ортиб, ҳосил учун ёғоч қутилар ҳам ясаяпмиз. Кафтдеккина ҳовлимиз катта даромад манбаига айланди.

Маҳмуд Ботиров ҳам мўъжазгина томорқасида ҳар йили ўртача 5 тонна узум етиштиради. Бу йилги ҳосилдан 50 млн. сўм фойда кўрди. Энг муҳими, уйига харидорларнинг ўзи келди.

— Токнинг остида саримсоқпиёз билан лола етиштирамиз, — дейди Маҳмуд ака. — Токнинг барги катта бўлиб, остига салқин тушгунча уларни сотиб бўламиз. Кузда токни ерга кўмгач, плёнка остига уруғ сепиб, шивит, жамбил, исмалоқ парвариш қиламиз. Меҳнатимиз орқасидан оиламиз тўкин. Фарзандларимизни энг нуфузли олий ўқув юртларида ўқитаяпмиз. Тўй қиляпмиз.

Булоқбоши туманидаги узумчилик тажрибасидан фойдаланиб, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Марҳамат, Балиқчи, Асакада ҳам нафақат, кўчалар, балки дала четларига ҳам сўритоклар ўрнатилди. Томорқа майдони жиҳатидан бошқа ҳудудлардан имконияти бироз чекланган Андижон шаҳрида ҳам 56 та хонадоннинг ҳар бирига 4 тупдан узум кўчати тарқатилди. Шу кунгача кўчаларнинг икки четига 1 миллион туп кўчат ўтқазилди. Уч йилдан сўнг улар ўртача 5 млн. кило ҳосил беради. Вилоят миқёсида жами 2 млн. 973 минг дона ток кўчатлари экилгани ҳисобга олинса, Андижон вилояти қисқа муддатда узумчиликка ихтисослашган марказлардан бирига айланади.

— “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги кўчат экиш ҳаракати доирасида хонадонимизга шаҳар ҳокимлиги томонидан 4 туп кўчат берилди, — дейди А.Фитрат кўчасида яшовчи Абдураҳмон Исоқов. — Шаҳарда томорқа йўқ, аммо кўчамизнинг икки четига ток экдик. Кўчатлар уч йилдан сўнг тўлиқ ҳосилга кирса, ўртача 4 млн сўмдан 10 млн сўмгача даромад олиш имконияти бўлади.

Қаловини топсанг қор ёғади, деганларидек Андижонда бир қарич бўш ерни кўрмайсиз. Булоқбошиликлар кафтдеккина ердан юқори даромад қилиш ҳадисини олган. Аҳоли шу билан кифояланиб қолмай, ҳатто биноларнинг томларидан ҳам қишлоқ хўжалиги йўналишида фойдаланмоқда. Албатта, кейинги мақолаларда бу ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?