“UZGROW Tashkent — 2021»: ихчам ускуна ва тежамкор технологиялар намойиши

18:11 04 Ноябрь 2021 Иқтисодиёт
1474 0

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “UZGROW Tashkent — 2021» халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Иссиқхона ва суғориш тизимлари намойиши ҳамда ўзаро музокаралар майдонига айланган мазкур анжуман Туркиянинг “Sofuar LTD STi” корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда “BMB Trade Group” компанияси кўмагида ташкил этилди.

Шу йилнинг 4 — 6 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган халқаро кўргазмада Туркиянинг 17 та, Ўзбекистоннинг 23 та етакчи компанияларидан ташқари, Исроил, Қозоғистон сингари давлатлар ишлаб чиқарувчилари ҳам иштирок этмоқда.

Фото: "Халқ сўзи"

Бу иштирокчиларга ҳам музокаралар олиб бориш, халқаро бозорларда янги ҳамкорлар топиш учун қўшимча имконият яратади, албатта.

— Биз кўплаб давлатларда ўз лойиҳаларимизни амалга оширганмиз, яъни иссиқхоналар қурганмиз, — дейди Туркиянинг “YMS Sera Sistemleri” компанияси бош менежери Али Ялчин. — Юртингизда иш бошлаганимизга ҳали кўп вақт бўлмасада, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида атиргул етиштириш учун иссиқхона қуриб бердик.

Кўргазмада маҳсулотларимизга қизиқиш юқори бўлмоқда. Хусусан, дастлабки кундаёқ сирдарёлик фермерлар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида келишиб олдик.

Халқаро кўргазмада юртимизда қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётган тадбиркорларга бевосита маслаҳат бериш мақсадида соҳанинг консалтинг компаниялари вакиллари ҳам қатнашмоқда.

Шунингдек, бу ерда иштирокчилар Б2Б форматида музокаралар олиб бориб, манфаатли шартномалар тузиш учун етарлича шароит яратилган. 

Фото: "Халқ сўзи"

Шу маънода, халқаро кўргазма тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, энди иш бошлаган ишбилармонларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорга сотишга қаратилган инвестиция лойиҳаларни амалга оширишда катта ёрдам беради.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?