Уяли телефон бола учун ўйинчоқ эмас

15:27 25 Сентябр 2025 Жамият
129 0

Ўтган ўқув йилида Бухоро вилоятидаги қирқта билим даргоҳида тажриба – синов тариқасида “Телефонсиз мактаб” лойиҳаси жорий этилганди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси таҳлилига қараганда, бу тажриба ўзини оқлаган.

– Лойиҳа татбиқ этилган мактабларда ўқувчиларнинг дарс машғулотларига бўлган эътибори кучайди, ўзлаштириш даражаси ошди, – дейди бошқарма масъул ходими И.Орипова. – Уларнинг интизоми ҳам мустаҳкамлангани кузатилди. Ана шуни инобатга олган ҳолда жорий йилдан бошлаб вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида мазкур лойиҳа тўлиқ жорий қилинди.

Лойиҳанинг амалий жиҳати оддий: Ўқувчи мактабга кираётиб қўл телефонини топширади. У махсус ташкил этилган шкафда сақланади. Дарсдан кейин эса қайтариб берилади. Шубҳасиз, бу тартиб дарс чоғида ўқувчиларнинг фикри чалғиши эҳтимолини йўққа чиқаради. Улар диққатини у ёки бу фанни чуқурроқ ўзлаштиришга қаратади. Қимматли вақтдан оқилона фойдаланишга ундайди. Зеро, ўқувчилик йиллари ҳам сўнгги қўнғироқ умри каби қисқадир. У даврдан самарали фойдаланмаган, чуқур билим олмаган, оқибатда ҳаётдан ўз ўрнини тополмай афсус-надомат чеккан, армонда қолганлар оз дейсизми?!

– Мактабларда “Телефонсиз мактаб” лойиҳасининг жорий этилгани айни муддао, – дейди Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Қурсия Жўраева. – Узоқ йиллар давомида маҳалла фуқаролар йиғинида ишлаб, кўплаб оилавий можароларга дуч келганман. Уяли телефонни қўлидан қўймаган айрим ёшларимиз ижтимоий тармоқлардаги миллий қадриятларимиз, маънавиятимизга ёт тасвиру маълумотлар гирдобига тушиб, ота-оналари бошига кўп ташвиш келтирганига шоҳидман.

Ғиждувонлик Манзура опа исмли аёл ҳам шундай ташвишли дамларни бошдан кечирганлардан.

– Ўғлимни йигирма ёшга кирар-кирмас уйлантирдик, – дейди у биз билан суҳбатда. – Тўйдан уч-тўрт ой ўтгач тирикчилик важидан олис юртга ишлагани кетди. Келиним биз билан қолди. Уй-рўзғор юмушларидан кейин нуқул телефонга ёпишади. Аввалига “Зериккандир-да”, деб эътибор бермадим. Бир гал “Телефонда ҳар куни ярим соатлаб ким билан гаплашасиз?” дея сўрагандим, “Ўғлингиз билан”, деб жавоб берди. Буни қарангки, шу куни ўғлим менга қўнғироқ қилиб қолди. Гап орасида келиннинг қўнғироқ қилган – қилмаганини сўрадим. “Тўрт – беш кунча аввал гаплашгандик ”, деган жавобни эшитиб, устимдан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Келиннинг уяли телефони номимда эди. Шундан фойдаланиб, тегишли тартиб-қоидага амал қилган ҳолда ундаги ёзувларни ўқидим. Беномус келиним ижтимоий тармоқ орқали етти ёт бегона эркак билан танишиб олган экан...

Бу воқеадан кейин ўша оила тинч – тотув яшаб кетди, дея ҳеч ким кафолат беролмайди, албатта. Қолаверса, бу ижтимоий тармоқлар тўрига болаликдан ипсиз боғланмоқнинг асорати эмасмикан, деган ўйга ҳам борасан, киши.

– Жўяли ишлатилганида нафи кўп, ҳуда-беҳуда фойдаланилганда эса зиёни бисёр уяли телефонни айрим ёш оналар боласининг қўлига бериб қўймоқда, – дейди яна бир суҳбатдошимиз, тажрибали педагог Шуҳратжон Ғаниев. – Уларнинг назарида, телефон овунчоқ вазифасини ўтармиш. Ажабо, саломатлик учун зиёни кўп бўлган уяли алоқа воситаси қандай қилиб ёш боланинг ўйинчоғига айлансин! Бинобарин, “Телефонсиз мактаб” лойиҳасини ота-оналар ҳам қўллаб-қувватлашса, фарзандларимизни уяли телефонга қарамликдан асраб қолган бўлардик.

Уяли телефон бола учун ўйинчоқ эмас. Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси врачи Бахтигул Аҳмедованинг таъкидлашича, ёш боланинг қўлига телефонни бериб қўйиш кони зарар. Унинг хусусан, ўсаётган, ривожланишда бўлган ёш организм учун зиёни катта. Боланинг бош суяги катталарникига қараганда нозик. Шу боисдан ҳам у электромагнит нурланишга таъсирчан саналади. Уяли алоқа воситалари боланинг иммунитети ва асаб тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Телефондан тез-тез фойдаланаётган бола ота-она ва яқинларининг гапига қулоқ солмайди. Бугина эмас, Россия Федерацияси Красноуфимск округи соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари ўтказган тадқиқотлар уяли телефонни узоқ муддат қўлидан қўймаган ёш болаларда хотира, кўриш ва эшитиш қобилияти ёмонлашиши эҳтимоли катталигини кўрсатди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Шундай экан, фарзандларимизни оилада, кўча-кўйда уяли телефондан ўринли фойдаланишга одатлантирайлик. Уларни ижтимоий тармоқларда урчиб ётган ёт ғоялару миллийлигимизга буткул бегона унсурлардан асрайлик. Токи, ҳали оқу қорани танимаган ўғил-қизларимиз телефонга қарам бўлиб қолишмасин!

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?