Ургутда мактаб директори 1 кг гиёҳванд модда билан ушланди

15:16 08 Апрель 2025 Жамият
159 0

Иллюстратив фото

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги мактаблардан бирининг директори ва унинг шериги катта миқдордаги гиёҳвандлик моддаси савдоси устида ушланди. «Халқ сўзи»да уларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми нусхаси мавжуд.

Ҳужжатда келтирилишича, Ургут туманидаги 71-умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаган Ф.Х. 2024 йилнинг август ойи бошларида маҳалладоши Ш.А. билан кўп миқдордаги «опий» гиёҳвандлик моддасини Самарқанд вилояти ҳудудида сотиш бўйича жиноий тил бириктирган. Шундан сўнг, Ш.А. терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган шахсдан 1 кг опийни пулини сотганидан сўнг бериш шарти билан олган.

Жиноий шериклар 2024 йил 27 ноябрь куни гиёҳванд моддани харидор (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбирга жалб қилинган шартли харидор)га 12 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Улардан бир дона қора рангли целлофан пакетга ўралган 921,36 грамм оғирликдаги опий гиёҳванд моддаси ашёвий далил сифатида олинган.

Жорий йилнинг 28 март куни жиноят ишлари бўйича Ургут туман судида мактаб директори ва унинг шеригига нисбатан иш кўриб чиқилган. Ф.Х. судда айбига қисман иқрорлик билдирган ҳамда «опий»нинг туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимида ишловчи танишининг илтимосига асосан топиб берганлигини, бундан манфаатдор бўлмаганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

Ш.А. ҳам айбига қисман иқрор бўлиб, Ф.Х. турмуш ўртоғини ишга қабул қилишини айтгани учун унинг илтимосига рози бўлиб, гиёҳванд модда топиб берганини маълум қилган.

Суд ҳукми билан Ф.Х. ва Ш.А. Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисмида (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Шунга асосан Ф.Х.га нисбатан 10 йил 2 ой, Ш.А.га эса 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?