Университет ўқитувчисининг имижи: таълимга демократик ёндашувлар

16:05 06 Апрель 2025 Жамият
188 0

«Маълум бир даврлар бўлдики, ўқитувчи қолипланган ва ўзгармас стандартлар асосида 10-20 йиллаб ишлади, аммо «upgrade» учун деярли ҳеч қандай талаб бўлмади. Яъни ўқитувчидан замонавийлашиш, билимларни янгилашни эмас, қолипланган маҳсулот талаб қилинди. Оқибатда «ўтмас» ўқитувчи, популист раҳбар ва уларнинг маҳсулоти сифатида «сайроқи», лекин билимсиз кадрлар етиштирилди».

Чирчиқ давлат педагогика университети «Янги Ўзбекистон»нинг илк университетларидан. Бу университет қисқа муддат ичида етакчи олийгоҳга айланди. Айни вақтда университетда 22 мингдан зиёд талабалар таҳсил олади. Аксарияти талаба-қизлар. Талаба-қизларнинг ташқи қиёфаси ва шахсий хусусиятлари университет мақоми ва имижига таъсир кўрсатади десам муболаға бўлмайди. Қолаверса бу қизлар университетни битириб, эртага миллий ёки халқаро даражада педагог кадр сифатида меҳнат фаолиятларини давом эттиради.

Чирчиқ университети ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи бренд ва имиж концепциясини шакллантиришга катта эътибор қаратган. Университет имижи профессор-ўқитувчилар ва бўлажак педагоглар имижи билан чамбарчас боғлиқ.

Педагог имижини шакллантириш жараёнида унинг ҳақиқий сифатлари атрофдагилар унга нисбатан юклайдиган хусусиятлар билан чамбарчас уйғунлашиб кетади. Бошқача айтганда, педагог имижи кўплаб таркибий қисмлардан ташкил топган: таассурот, билимлар чуқурлиги, мослашувчанлик, иштиёқ ва самимийлик.

Педагогларнинг атрофдагиларга таъсир кўрсатишдаги асосий омиллардан бири — нотиқлик санъати ҳисобланади. Ҳар бир ўқитувчи нотиқ бўлиши шарт эмас, лекин барча оммавий чиқиш қоидаларини билиши ва уларга амал қилиши лозим.

Маъруза пайтида мимика ва ишораларга эътибор қаратиш, асосий сўз ва фикрларни (тезисларни) овоз билан алоҳида таъкидлаш, нутқнинг интонациясини бошқариш, унинг баландлиги ва пастлигини аралаштириб, зарур акцентлар яратиш, нутқ тезлигини ўзгартириш орқали уни ифодалилик билан бойитиш лозим.

Шу билан бирга, ишбилармонлик мулоқоти усулларини ўзлаштириш ҳам катта муваффақиятга эришишга ёрдам беради. Бу скиллар қуйидагиларни ўз ичига олади: ижобий психологик муҳит яратиш қобилияти; ўз шахсий образингиз ҳақида яхши таассурот қолдириш; вазиятга мос равишда тўғри хулқ-атвор йўналишини танлай билиш.

Бу кўникмалар нафақат имижни шакллантиради, балки педагогик фаолият самарадорлигини ҳам оширади.

Мутахассислар ўқитувчи шахсий имижини шакллантиришда бир нечта асосий босқичларни ажратиб кўрсатадилар ва уларни шахснинг мақсади ва характерига қараб индивидуал тарзда қўллашни билишади.

Педагог жамоатчилик олдида қандай фазилатларини намоён этмоқчи эканингизни белгилаб олиши зарур. Бу нафақат билимдонлик ва касбий малака, балки ижтимоий жиҳатдан маъқулланадиган сифатлар — меҳрибонлик, ҳамдардлик, ташаббускорлик каби фазилатлар ҳам бўлиши мумкин.

Олимлар ўтказган тадқиқот давомида талабалар тасаввуридаги идеал ўқитувчи образида педагогик фазилатлар устувор ҳисобланади. Булар қаторига — компетентлик, коммуникативлик, эмоционал-иродавий барқарорлик ва нутқ маданияти киради.

Ўқитувчи имижининг коммуникатив томони алоҳида аҳамиятга эга, чунки айнан мулоқот жараёнида ўқитувчи шахсининг интеллектуал ва қадриятга оид хусусиятлари тўлиқ намоён бўлади. Талабаларнинг фикрига кўра, ўқитувчи шахсининг асосий маънавий белгиси — бу инсонпарварлик ғоясини ҳақиқий қабул қилиш, яъни одамларнинг ҳуқуқларига, шахсий қарашларига, ҳаёт тарзига ҳурмат билан муносабатда бўлишдир.

Бўлажак педагоглар шахсий имижини шакллантириши жуда муҳимдир. Чунки ўқувчиларнинг фикр ва стереотиплари ижтимоий таъсир (диффузия) орқали ўқитувчилар жамоасига ҳам кириб боради ва у ерда мустаҳкамланиб қолади. Шу сабаб, имиж устидан ишлашда нафақат шахсий қараш, балки атрофдагиларнинг қабул қилиш тарзи ҳам ҳисобга олиниши керак.

Чирчиқ давлат педагогика университети талаба-қизлари каби бўлажак педагог-қизларимга имижингиз устида ишлашдан эринманг, деган бўлардим.

Зулфия Жуманиязова,

Чирчиқ давлат педагогика университети ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?