Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларини қўшиб олиш тўғрисидаги ҳар қандай қарор юридик кучга эга эмас ва муҳокама қилинмайди — БМТ Бош котиби

Фото: Reuters
Кеча Кремлда Россия таркибига тўртта янги ҳудуд — ўз мустақиллигини эълон қилган Донеск Халқ Республикаси (ДХР), Луганск Халқ Республикаси (ЛХР), шунингдек, Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятларини Россия Федерацияси таркибига қабул қилиш тўғрисидаги битимлар имзоланди.
Ҳужжатларни Россия томонидан президент Владимир Путин, ДХР ва ЛХР томонидан уларнинг раҳбарлари Денис Пушилин ва Леонид Пасечник, Херсон ва Запорожье вилоятларидан вилоят раҳбарлари Владимир Сальдо ва Евгений Балиский имзолади.
«Одамлар ўз танловини қилдилар. Аниқ танлов. Ишончим комилки, Федерал Мажлис Россия Федерациясининг тўртта янги субъектини қабул қилиш ва шакллантириш тўғрисидаги конституциявий қонунларни қўллаб-қувватлайди. Чунки бу миллионлаб одамларнинг хоҳиши», — деди Путин маросимда.
Путин Киевни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди
Владимир Путин Киевни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, музокара столига қайтишга чақирди.
«Биз Киевни зудлик билан ўт очишни, барча ҳарбий ҳаракатларни, 2014 йилда бошланган урушни тўхтатишга ва музокаралар столига қайтишга чақирамиз», деди Россия президенти ва Москва бунга тайёр эканига урғу берди. Шу билан бирга, Путиннинг таъкидлашича Россия «Донеск, Луганск, Запороже ва Херсон халқларининг танлови»ни муҳокама қилмайди ва бунга хиёнат қилмайди.
Путин президент экан, Украина Россия билан музокара олиб бормайди — Зеленский
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, Киев Москва билан музокаралар ўтказишга тайёр, лекин Владимир Путин билан эмас. Бу ҳақда Украина раҳбари ўзининг «Телеграм»даги каналида эълон қилган видеомурожаатида маълум қилди.
«Биз Россия билан, лекин Россиянинг бошқа президенти билан мулоқотга тайёрмиз», деди Зеленский.
Шу йилнинг 29 сентябрь куни Путин Херсон ва Запорожье вилоятларини мустақил ҳудудлар деб тан олиш ҳақидаги фармонларни имзолаган эди. Ҳужжатларда айтилишича, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига мувофиқ, референдумда собиқ Украина ҳудудлари аҳолисининг хоҳиш-иродасини инобатга олган ҳолда, Херсон вилояти ва Запорожье вилоятининг мустақиллиги тан олиниши керак.
У ерда ҳам, Донбасс республикаларида ҳам референдумлар шу йилнинг 23 — 27 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. ЛХРда аҳолининг 98,42, ДХРда 99,23, Херсонда 87,05, Запорожьеда 93,11 фоизи қўшилиш учун овоз берди.
Путин Украинада «махсус ҳарбий операция» бошланишидан уч кун олдин, жорий йилнинг 21 февраль куни Донеск ва Луганск халқ республикаларининг мустақиллигини Россия Федерацияси томонидан тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ўшанда изоҳланишича, ушбу ҳужжат мазкур республикаларни ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.
Кейинги жараёнлар қандай бўлади?
«Мавжуд тартиб янги ҳудудларнинг Россия таркибига кириши ҳақидаги келишувлар ушбу масалалар парламент томонидан кўриб чиқилишидан олдин имзоланишини назарда тутади», дейди Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков.
Давлат думаси раиси Вячеслав Володин аввалроқ 3 ва 4 октябрь кунлари парламент қуйи палатасининг режадан ташқари йиғилишлари ўтказилишини маълум қилганди.
Федерация Кенгаши конституциявий қўмитаси раҳбари Андрей Клишас, ўз навбатида, агар Давлат Думаси зарур қонунларни кўриб чиқса, Федерация Кенгаши уларни 4 октябрдаги йиғилиш кун тартибига киритиши мумкинлигини таъкидлади.
Россиянинг ушбу ҳаракати халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кескин норозилик билан қарши олинди.
Йирик саноат ва инфратузилма объектлари Россия таркибига кирувчи ҳудудларда жойлашган
«Россия тасарруфига ўтган Запорожье вилоятининг муҳим саноат объектларидан бири минтақада жойлашган атом электр станцияси (Запорожье АЭС) эди. Охирги 2,5 ой ичида Украина ҳарбийлари унга ҳужум қилиш учун 30 дан ортиқ уринишлар амалга оширди, камида 120 та снаряд отди ва камида 16 та камикадзе дронлардан фойдаланди», дейди Россиянинг Венадаги халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Михаил Улянов.
Россиянинг янги ҳудудларида Донеск, Луганск, Мариупол, Херсон, Мелитопол ва Бердянск каби йирик саноат шаҳарлари жойлашган. Ушбу ҳудудларнинг аннексия (Бир давлатни ёки унинг бир қисмини бошқа давлатга мажбуран қўшиб олиш — ТАҲР.) қилиниши Азов денгизини 1991 йилгача бўлгани каби, Россия учун бутунлай ички қисмга айлантиради.
РИА Новости тақдим этган маълумотларга кўра, Россиянинг умумий майдони 113 минг квадрат километрга кенгаяди, бу ҳудудларнинг аҳолиси саккиз миллиондан ортиқ кишини ташкил этади ва бу Украина аҳолисининг тахминан 20 фоизидир.
Зеленский Украинада Россиянинг барча активларини миллийлаштириш мумкинлигини айтди
Украина президенти Владимир Зеленский Россия Федерациясига қарши қўшимча санкциялар эълон қилди. Бу Рада Россия активларини миллийлаштириш тартибини соддалаштирувчи қонун қабул қилиши мумкинлигини англатади. Бу ҳақда давлат раҳбари ўзининг «Телеграм» каналида эълон қилинган видеомурожаатида маълум қилди.
Сиёсатчи, шунингдек, Раданинг навбатдаги йиғилишида Россиянинг мамлакатдаги барча активларини миллийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилишини, бу тартибни анча соддалаштириш кераклигини айтди. Шу муносабат билан у Украина парламентини ушбу қонун лойиҳасини муҳокамаларсиз қўллаб-қувватлашга чақирди.
Аввалроқ Зеленский Украинада Россиянинг 765 миллион долларга яқин активлари мусодара қилингани, шунингдек, Россия Федерациясига тегишли яна 900 дан ортиқ активларни мажбуран мусодара қилиш режалаштирилаётганини айтган эди.
Россия халқаро ҳуқуқни бузмоқда, тинчликсевар халқларга нисбатан нафратини намойиш этмоқда — Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байденнинг айтишича, Россия халқаро ҳуқуқни, БМТ низомини бузмоқда ва ҳамма жойда тинчликсевар халқларга нисбатан нафратини намойиш этмоқда.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Украинанинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган чегараларини доимо ҳурмат қилади ва унга барча ҳудудларни қайтаришда ҳарбий ва дипломатик ёрдам кўрсатишда давом этади.
«Мен жаҳон ҳамжамиятининг барча аъзоларини Россиянинг ноқонуний аннексияга уринишларини рад этишга ва қанча вақт керак бўлса, Украина халқини қўллаб-қувватлашга чақираман», деди у.
Байденнинг қўшимча қилишича, АҚШ Украинани собиқ чегаралари доирасида тан олишда ва Украина Қуролли кучларини қурол билан таъминлашда давом этади.
«Биз Украинанинг ўз ҳудуди устидан назоратни тиклаш, ўз позициясини ҳарбий ва дипломатик жиҳатдан мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом этамиз», дейилади Оқ уй баёнотида.
Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Россиянинг ушбу ҳаракатларига изоҳ бериб, «Франция Украинани аннексия қилишга қаратилган Россиянинг ҳаракатларини кескин қоралайди», деди.
Буюк Британия бош вазири Лиз Трасс Путин халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузганини айтди.
«Биз ҳеч қачон Донеск, Луганск, Херсон ва Запорижье вилоятларини Украина ҳудудидан бошқа нарса деб тан олмаймиз», деб огоҳлантирди у.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россиянинг режасини минтақадаги тинчлик истиқболларини хатарга қўювчи хавфли эскалация деб атади.
«Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг бешта доимий аъзоларидан бири сифатида БМТ низоми бажарилиши учун жавобгар. Украинанинг Донеск, Луганск, Херсон ва Запорижье вилоятларини қўшиб олиш тўғрисидаги ҳар қандай қарор юридик кучга эга эмас ва муҳокама қилинмайди», - деди у.
Ушбу вазият юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ахборот берди
«Сўнгги вақтларда фуқаролардан Украина атрофидаги вазият бўйича айрим масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатлар кўпайганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқдир.
Ўзбекистон мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдоридир», дейилади Ўзбекистон ТИВ ахборотида.
Фазлиддин АБИЛОВ тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг