Уй эгасига 147 млн. сўм тўлаганман. Яна 23 млн. сўм қарзим бор — Бухородаги кўп қаватли уйда рўй берган портлаш жабрдийдалари нима дейишмоқда?

Кеча, яъни 4 февраль куни соат 17.30 да Бухоро шаҳри И. Каримов кўчасида қад ростлаган тўққиз қаватли уйда табиий газ билан ҳаво чақнаши оқибатида рўй берган портлаш тафсилотлари сайтимиз орқали ёритилиб борилмоқда. Мухбиримиз бугун шу бахтсиз ҳодисадан жабр кўрганлар аҳволини билиш мақсадида республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида бўлди.
— Кеча рўй берган шу кўнгилсиз воқеа оқибатида жабрланган 12 нафар фуқаро шифохонамизга зудлик билан олиб келиниб, уларга зарур муолажалар кўрсатишга киришилди, — дейди мазкур филиал директори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Қаҳрамон Каримов. — Шуларнинг беш нафарига мия чайқалиши ташхиси қўйилди. Улар ўрта оғир аҳволда. Икки нафари умумий реанимация бўлимида ётибди. Бирининг аҳволи оғирроқ. У портлаш жойида бўлган. Юз – кўзлари 35 фоиз куйган. Бугун эрталабга келиб аҳволи анча яхшиланди. Бемалол гаплаша олади. Яна бири кўкрак қафасининг шикастланиши билан ётибди. Аҳволи яхши. Бугун-эрта уйига жавоб берамиз. Беш нафар фуқаро эса «ситуацион невроз» яъни қўрқув ҳолатига тушган. Зарур тиббий ёрдам кўрсатиб,уларга амбулатор ҳолатда уйларига жавоб бердик. Реанимацияда ётган беш беморнинг икки нафари ҳам оиласи бағрига қайтмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли. Беш нафари эса даволанишда давом этмоқда. Улар ҳам ўрта оғир аҳволда. Бироқ хавотирга ҳожат йўқ. Зарур муолажалардан сўнг бу беморларимиз ҳам соғайиб, худди кўрмагандек бўлиб кетишади.
Шундан кейин портлаш оқибатида жабрланганларнинг айримлари билан суҳбатлашдик.
— Кўп қаватли уйда портлаш рўй берган паллада биз шахсий автомашинамизда кетаётгандик, — дейди беморлардан бири Шаҳло Идиева. — Рулда турмуш ўртоғим эди. У кишига зиён етмади. Аммо машинамиз ойналари чил-парчин бўлиб кетди. Шиша қўлимни кесиб юборди. Ўзим ҳам қўрқиб кетдим. Шифокорларга раҳмат. Қўлларидан келган ёрдамни беришяпти.
Фуқаронинг айтишича, автомашиналарининг йўловчи автобус ён томонида эканлиги наф берган. Зарба кучи бироз сусайган. Автобусда эса Бухородаги «ВСТ Сluster” корхонаси ишчилари бўлишган.
— Нима рўй берганини сезмай ҳам қолдик, — дейди ўзини Моҳинур Маҳмудова деб таништирган корхона ишчиси. — Хайриятки, дунёда яхши инсонлар, шифокорлар бор. Корхонамиз раҳбарларига ҳам раҳмат.Улар ҳол-аҳволимиздан хабар олиб туришибди.
Ижтимоий тармоқларда портлаш рўй берган кўп қаватли уйда ҳали одамлар кўчиб келишмагани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди. Аммо ҳақиқатда аҳвол бошқачароқ. Биз шу уйда ўтган йилнинг октябрь ойидан буён яшаб келаётган Бибиражаб Собирова билан суҳбатлашдик. Икки фарзанднинг онаси бўлган бу аёл бинонинг 8- қаватидаги икки хонали уйда истиқомат қилган. У ҳам даволанмоқда.
— Ишдан қайтаётиб, синглимнинг икки ёшли боласини боғчадан олгандим, ёнимда қизим ҳам бор эди, — дейди у. — Газ келди, дейишганини эшитиб, балиқ қовурмоқчи бўлдим. Қовурганим заҳоти нима рўй берганини англай олмай қолдим. У ёғи нима бўлганини билмайман. Ташқарига чиқиб, усталарга қараб бақирганимни эслай оламан, холос. "Тез тиббий ёрдам"да мени шу шифохонага олиб келишибди. Қизим соғ-саломат. Сингимнинг боласини сўрасам, "Уни онасига топширдим" деди. Бу уй учун уй эгаси Жамшидга 147 миллион сўм тўлаганман. Яна 23 миллион сўм қарзим бор. Ремонтига пул сарфлаганман. Ўтган йилнинг октябрида шу уйга кўчиб ўтганмиз. Уй эгаси «Кўпи билан бир ойда ҳамма шароитни қилиб бераман», деганди. Аммо уч ойни газсиз ўтказдик. Қишнинг совуқ кунларида ўзимдан нима ўтганини ўзим биламан. Энди уйимиз нима бўлади? Ана шуни ўйлаб ўйимга етолмаяпман...
Жабрдийдаларга тезроқ тузалиб кетишларини тилаб, бахтсиз ҳодиса рўй берган кўп қаватли уй томон йўл олдик. Жуда кучли портлаш асоратлари шундоқ кўриниб турибди. Лекин бизни бошқа бир жиҳат ўйга толдирди. Бу кўча Бухоронинг энг серқатнов, тирбанд жойларидан саналади. Шунга қарамай, бу ва бошқа кўп қаватли тураржойлар шундоқ йўл ёқасида қуриляпти. Йўл билан оралиқ масофа жуда қисқа. Бу шаҳарсозлик меъёрларига нечоғли мос келади? Қолаверса, бугунни эмас, эртани ўйлаб иш тутишимиз керак эмасми? Шусиз ҳам тор кўчада орадан беш-ўн йил ўтиб тирбандлик икки-уч ҳисса ошмайди, деб ким кафолат беради? Қолаверса, уй билан йўл ўртасидаги оралиқ масофа узоқроқ бўлганида автобус ёки енгил автомашинада кетаётганлар жабр кўрмасмиди, деган хаёлга ҳам борасан, киши.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг