Уй бекалари тадбиркорга айланмоқда

18:06 14 Июнь 2024 Жамият
358 0

Ўзбек оилаларида азалдан хотин-қизлар ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган. Урчуқда йигирган иплари, ўрмакда тўқиган гиламларининг шаклларини замонавий тўқув цехларида ҳам яратиш қийин. Аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган бундай хонаки тадбиркорликка чеварлик, пазандалик ва бошқа кўплаб йўналишлар киради.

Президентимизнинг «Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Сирдарё туманида аёллар ўртасида онлайн сўровнома ўтказдик. Ишсиз хотин-қизларни аниқлаб, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида аниқ дастур ишлаб чиқилди. Сўровнома бўйича шакллантирилган рўйхатдаги опа-сингилларимиз доимий иш ўринига эга бўлиши учун 19 турдаги касбларга ўқитиш, субсидия ва кредитлар асосида ўзини-ўзи банд қилиш орқали бандлигини таъминланиши белгиланди.

Маълумки, хотин-қизларимизнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан уч йиллик имтиёзли давр билан етти йил муддатга йиллик 14 фоиз ставкада, жами, 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида, шундан, АТ «Халқ банки»га 35 миллион АҚШ доллари, «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБга 35 миллион АҚШ доллари ва «Микрокредитбанк» АТБга 30 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ресурслари ажратилиши кўзда тутилган.

Туманимизда тадбиркорлик қилишни истаган хотин-қизларга кредит маблағлари ажратиш, уларни мақсадли ишлатишини мониторинг қилиш бўйича режалар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, тадбиркорликни бошлаб, уни тўхтатиб қўйганлар бўлса, банклар билан алоҳида лойиҳа пакетлари орқали фаолиятини тиклаш борасида ҳам ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

Маҳаллалардаги уй бекалари билан очиқ мулоқот чоғида, тадбиркорликка қизиқадиган аёллар кўплигига амин бўлдик. Натижада, ўнлаб хонадонларда турли йўналишларда оилавий тадбиркорлик йўлга қўйилди.

Биргина, Орзу маҳалласидаги Машъал кўчаси 8-уйда яшовчи уй бекаси Зулфия Гаипова ўз хонадонида кичик сутни қайта ишлаш цехини ташкил қилди. Кунида мазкур цехда 60-70 литр сут қайта ишланади. Қаймоқ, қатиқ, сариёғ маҳсулотлари тайёрланади. Зулфияхон 4 нафар фарзанднинг онаси. Ҳалол меҳнатидан топган даромадидан фарзандларини уйли-жойли қилди. Харажатлардан орттириб хонадони ёнидан мўъжазгина дўкон очди. Дўконда оила цехида тайёрланган сут маҳсулотларини сотиб, маҳалла аҳлига хизмат қилмоқда.

Аҳиллик маҳалласи Фаол кўчаси 28-уйда яшовчи уй бекаси Нафиса Нурмаматова иккинчи гуруҳ ногирони. У ўз хонадонида совун ишлаб чиқарадиган кичик цех очди. Шу билан бирга, томорқасида 5 сотихлик иссиқхонаси ҳам бор. Яна мавсумда пилла қурти ҳам боқади. Хуллас, унга ва оила аъзоларига бевосита хонадоннинг ўзида бир неча йўналишлардаги фойдали ишлар билан шуғулланиш имконияти яратилди.

Хонадонида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, фақат ўзи ва оиласини эмас, бошқаларни ҳам иш билан таъминлаган хотин-қизларимиз кўпчилик.

Истиқбол маҳалласи Зиёд кўчаси 3-уйда яшовчи Манзура Айматова ўз хонадонида ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаб сотишдан топган даромадидан ўз хонадонида мўъжаз тикув цехи очди. Эътиборлиси, чеварчиликнинг барча ускуна ва жиҳозларини ўз маблағлари ҳисобидан олди. Маҳалласидаги 12 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади.

Туманимиздаги бошқаларга ибрат қилиб кўрсатадиган оилавий тадбиркорлар кўп. «Қаловини топса қор ёнади» деганларидек ишбилармон, меҳнатсевар ва ҳунарли кишига хонадоннинг ўзи ҳам мўмай даромад манбаи. Оддий уй бекалари рўзғор юмуши бўлган ишни ҳам бугун фойдали тадбиркорлик йўналишига айлантираётганининг ўзи бунинг ёрқин исботидир.

Нилуфар ҒАФУРОВА,

Сирдарё тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер